Бу ҳақда ИИВ ахборот хизматидан маълум қилди.
Аниқланишича, 2001 йилда туғилган аёл ўзига аввалдан таниш бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган аёл билан олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улардан бири TikTok ижтимоий тармоғи орқали Андижон туманида яшовчи 2002 йилда туғилган эркак билан танишиб, ишқий муносабат ўрнатган.
Шундан сўнг, жабрланувчининг шахсига оид фотосуратлар устига турли уятли ва ҳақоратли ёзувлар ёзиб, уларни TikTok ҳамда Instagram ижтимоий тармоқларида тарқатиш билан қўрқитган. Ушбу материалларни ўчириб ташлаш эвазига жабрланувчидан 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар келишилган маблағнинг бир қисми – 7 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан банк пластик картасига ўтказиб олаётган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ барча фуқароларни ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган товламачилик ҳолатларига нисбатан огоҳ бўлишга чақирди. Юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганда, ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ички ишлар органларига хабар бериш сўралди.