Инсондаги миллий ғурур фақат муайян миллатга мансублигидан фахрланиш ҳисси билан чекланиб қолмайди, у шахс ва ижтимоий гуруҳ хулқ-атворини муайян тарзда йўналтиради, тартибга солади. Миллий ғурур миллатнинг ўтмишда фан, адабиёт, санъат ривожига қўшган ҳиссаси, алломалари, атоқли саркардалари фаолияти билан боғлиқ бўлади. Қандай шахслар, қайси воқеа-ҳодисалар билан фахрланаётганимиз эса миллатимизнинг мазкур даврдаги маънавий қиёфасини кўрсатади. Бу туйғу аждодлар ва авлодлар ўртасидаги аҳлоқий муносабатларни мустаҳкамланишига кўмаклашади.
Юксак минбарларда, байраму тадбирларда, расмий, норасмий йиғинлардан олинган узуқ-юлуқ маълумот билан аждодларга эҳтиромимиз ошиб қолмайди. Ҳурмат улар қилган ишларга айнан ёлғиз ҳолда эҳтиёж сезганимизда, муайян буюк аждодимизнинг меросини ўрганиш, баҳоли қудрат таҳлил қилиш, хулоса чиқариш зарурати туғилганда уйғонади. Менимча, энг самимий эҳтиром ҳам шу бўлади. Дейлик, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида юзаки тушунчага эга ҳар қандай одам уни ўзи уёқ-буёқдан эшитган ахбороти эвазига керагидан ортиқ эъзозлайди, аниқроғи, чиндан эъзозлаётганлар орасида яккаланиб қолмаслик учун ўзини ҳам айни шу ҳиссиёт, шавқ, қарздорлик ҳисси ва масъ улият безовта қилаётгандек кўрсатади. Аслида, ичида бу буюк аждодимиз билан руҳий алоқа ўрнатолмайди, унинг оғриғи, мураккаб характери, орзу ва армонларини қисман бўлса-да, тушунмайди, улуғвор қиёфасини тор тасаввури сабаб гавдалантиролмайди. Аждодларнинг бой меросини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш хусусида ўйлаб кўрмаган, сатрларини ўқиб, мағзини чақолмаган, ҳис қилолмаган одамда, турган гапки, миллий ғурур ҳам уйғонмайди.
Юзлаб мақола, китоб ва бошқа илмий изланишларда Бобур шахсининг буюклигига оид фикрлар билдирилсаю, бу қарашларни тўлдириб бориш, исботлаш, бугунги давр билан боғлаш, унинг шахсияти нақадар мураккаблиги, ҳали айрим жиҳатлари холисона аниқланиши лозимлиги таъкидланмаса, ўтмишдан қарздорлик ва келажак олдидаги масъулият тушунтирилмаса, бу ҳаракатдан не наф? Бугун шоҳ ва шоир ҳақида кичик мулоҳазаларимизни баён этишга журъат топдик.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари шоҳ бошидан кечирган ҳодисалар йилномаси сифатида баҳоланади. “Бобурнома”нинг хоҳлаган саҳифасини ўқиб, бугун учун кичик бўлсада, бир хулоса топасиз. Бу самимий, аниқ ва пухта, қалб эҳтиромию ақл қудрати бўртиб турган ўзбекона жумлалар замирида мураккаб шахс, теран нуқтаи назар, қатъиятли шахс сийрати мужассам.
Шеърияти эса муаллифнинг ички дунёсини бор шиддати билан ўқувчига етказувчи ноёб маънавий хазинадир. Бобур рубоийларида ҳам олам-олам маъно ифодаланган. Улар “Бобурнома” билан ҳамоҳанг, уни мазмунан тўлдиради. Агар Бобур даври, ундан олдинги шоирлар ижодида рубоий жанрида анъанавий ишқ, ошиқ ва маъшуқ қаламга олинган бўлса, Заҳириддин Бобур рубоийларида инсон ички кечинмаларининг ранго-ранг жилолари, руҳий муаммолари, англамлари теран акс этганини кўрамиз. Бобур табиатидаги ҳаётдан имкон қадар баҳраманд бўлиш, унинг гўзаллигини англаш ва нашидасини суриш одати кишини ҳайратга солади.
У чиндан мураккаб шахс бўлган, атрофидаги муҳит шунга мажбур қилган. 47 йиллик умри тинимсиз муҳорабалар, қариндош-уруғлар, шаҳзодалар ва ношуд бекларнинг бирин-кетин қилган фитналари, хиёнати, фарзандларининг бевақт вафоти қайғусида ўтиб, умрининг охирларида турли оғир касалликлар иродаси мустаҳкам кишининг ҳам руҳиятига таъсир этмай қолмаган.
Вафотидан икки йил олдин касаллик уни кўп ташвишга солади, руҳияти тушкунликка мойил бўлади. Ушбу ҳолат тасвирида ҳам “Бобурнома” матнини қувватлашга муаллиф ўз рубоийсини келтиради. Бунда рубоий унинг руҳиятини аниқ ифода этади. Хасталик пайтидаги ҳузун, ғусса жисмию руҳига бирдек оғирлик қилаётганини аниқ бадиий ифода билан тушунтиради: “Якшанба куни, муҳаррам ойининг ўн олтисида иситтим, титрадим, навбат-навбат бўлди. Йигирма беш-йигирма олти кунга тортти. Доруйи кор ичтим. Охир басит ярашти, уйқусизлиғ ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим. Бу мараз айёмида уч-тўрт рубоий айтилди. Ул жумладан бири будур:
Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу чу охшам бўладур.
Ҳар иккаласи — ғамим била сабримдек,
Борғон сори бу ортадур, ул кам бўладур.
Бу насрий парчада ҳам Бобурнинг “уйқусизлик ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим” деган жумласи келтирилган рубоийдаги иситманинг маҳкам бўлиши, кўздан уйқунинг қочиши билан мантиқий боғланиб, муаллифнинг гўзал ташбеҳи — ғам билан сабрнинг кураши, сабрнинг камайиши ва ғамнинг юксалиши жуда юксак бадиият билан ифодаланган. Бобурнинг ана шу ички туғёнини насрда ифодалаш мушкуллиги боис, у айтганидек, уч-тўрт рубоий ёзган ва биттасини “Бобурнома”да келтирган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қайси жанрда ижод этмасин, барчасида муаллиф таржимаи ҳоли, дунёқараши, умргузаронлик дафтарининг баёни, бир-бирини тўлдирувчи, “Бобурнома”да чала қолган фикрларнинг изоҳи, яширин сирлари бошқа бир асарида янгича жилода, шоирона бадиий талқинда ифода этилган. Юқоридаги рубоий ва “Бобурнома” ўртасидаги чоғиштирув энг майда мисоллар таҳлилидан бири, холос. Бу масала алоҳида тадқиқот мавзуси, уни кенг миқёсда тадқиқ этиш Бобур шахсияти ва ижодини янада теран англаш, олижаноб характерини ўрганиш ва ўзлаштириш имконини беради. Ахир тасаввур қилинг, энг яқин қариндошларининг хиёнатини кечирди, душманлари билан сулҳ тузишни маъқул кўрди, суюкли эгачиси Хонзодабегимнинг ашаддий душмани Шайбонийхон никоҳига киришига ҳам рози бўлди, Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдий жангда маҳв этилгач, унинг онаси Байдага кўп мурувват кўрсатиб, саройидан жой берди. Ўйлашимизча, Бобур бу каби тадбирларни салтанат яхлитлигини асрашда муҳим дипломатик йўл деб билган. Умуман, Заҳириддин Муҳаммад Бобур давлатчилик бошқарувида миллат, қавм ва қабилалар, Ҳиндистонда эса турли-туман ижтимоий табақалар, касталар орасидаги диний низоларни имкон қадар аҳиллик, ўзаро тушуниш ва айрим жиҳатларга қисман ён бериш орқали, бугунги тил билан айтганда, толерантлик сиёсатини юритган.
Қаерда бўлмасин, у бирор-бир янгиликка қўл уришдан олдин бу иш жамият ва салтанат манфаатига қанчалик хизмат қилишини ўйлаб кўрган. Масалан, адабиётшунос Ҳасан Қудратуллаевнинг ёзишича, Бобур Ҳиндистонга дастлаб келган пайтида бир катта ибодатхонага кириб, бутларни синдириб, боғ яратишга амр беради ва ҳаял ўтмай, бу ҳаракати маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлишини тушуниб ишни тўхтатади. Фарзандларига мактуб ва васиятларида ҳам диний, ирқий, маънавий қадриятларга зид ҳаракатларни қилмаслик, диний бағрикенглик билан иш юритиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди.
Фарзанди Ҳумоюнга ёзган “Васиятнома”сида: “Эй фарзанд! Ҳиндустон мамлакати турли мазҳаблардан иборат. Субҳоноллоҳ таоло ҳаққи, сенга буюрилдики, ҳар бир мазҳабга пок қалб билан қарагин, ҳар бир мазҳаб ва тариқатга адолатли бўлгин. Хусусан, сигирни қурбон қилишдан сақлангинки, бу Ҳиндустон халқининг қалб ардоғи ва бу вилоят аҳли подшоҳга яхши назар билан боғланади. Подшоҳ фармонига бўйсунган халқни хароб қилмагин. Адолатни ихтиёр қилгин. Шунда шоҳ раиятдан, раият шоҳдан хотиржам бўлади. Исломнинг тараққиёти эҳсон тиғи билан яхшироқдир. Зулм тиғи билан эмас” деб таъкидлайди.
“Васиятнома”нинг давомида Бобур сунний ва шиа мазҳабларининг ўзаро ихтилофи эътиборга молик эмаслиги, бу икки тараф зиддияти фақат ислом дини қувватини йўқотишга олиб келишини алоҳида айтиб ўтган.
Бунда Бобурнинг иккала томондан айб қидирмагани, уларнинг муқаддас ислом дини атрофида бирлашишини истаганини кўрамиз. Бу далил шоҳнинг шиа тарафдорларига муносабатини аниқ-тиниқ кўрсатиб беради. Шунинг учун Бобурнинг Самарқандда шиа мазҳабига билдирган муваққат қарашларини унинг мустаҳкам салтанат йўлидаги интилиш лари асосидан қидириш керак.
Кейинроқ Ҳиндистонда бобурийлар салтанатини юксак чўққига кўтарган набираси Акбаршоҳ Бобурнинг бу васиятини имкон қадар амалга ошириб, турли диний мазҳабларни бирлаштириш, уларнинг бир мақсад сари интилишига бош бўлди.
Бобур қисқа умр кўрган бўлсада, дунё харитасида ўзининг Андижондан то Ҳиндистонгача бўлган машаққатли ҳаёт йўлида ўчмас из қолдирди. Бобур юрган йўллар жуда кўп тарихий воқеалар, фожиалар, урушларга шоҳид бўлган. Шу билан бирга, бу дилбар шахс меҳрини, мурувватини, чин инсоний сифатини охири қўним топган Ҳиндистонда намоён қилди. Ҳиндистон тарихида янги даврга асос солди, бу давр мамлакат тарихида порлоқ ҳаёт, фаровонлик ва юксалишга асосланган давр бўлиб қолди. Таниқли бобуршунос Ҳамид Сулаймон таъкидлаганидек, Бобурнинг Ҳиндистон учун келтирган фойдаси шуки, у забт этилган ерни талон-торож қилмади, балки бу ердаги тарқоқ, майда феодал давлатларни аста-секин ягона, кучли давлатга бирлаштира бориб, ички феодал урушлар, диний низоларга чек қўйиб, турли дин ва мазҳабдаги кишиларни ўзаро муросага келтирди. Давлат ишларини адолат билан бошқарди. Бунда у ердаги тарқоқ вилоятларни марказлаштирди, ғайридинлик солиғини бекор қилди, вафот этган эрни тирик хотин билан қўшиб куйдиришни ман этди, кийиниш маданиятини такомиллаштирди, ижодкорларни қўллаб-қувватлади, халқнинг урф-одатларига, қадриятларига ҳурмат билан қаради. Ҳинд диёрини маданий ва сўлим гўшага айлантирди.
Шоҳ ва шоир томонидан Ҳиндистонда масофани ўлчаш, хазина миқдорини белгилашда қулай, ўзига хос арифметик атама ва ҳисоблаш услуби янгилик сифатида киритилган, жанг тактикасига оид кўплаб атамалар жорий этилган. Буларнинг барчасини ўрганиш бугунги авлодларни қадим маънавиятимиз ютуқларидан хабардор этади, уларда юксак ифтихор ҳиссини уйғотади. Масалан, Бобур Афғонистонда ўз салтанатини қураркан, аскарларга амр ва фармонлари аниқ, мазмунли етиб бориши учун жуда кўп афғонча, арабча амр сўзларини туркчага ўзгартиради. Буни Бобурнинг ўзи катта бунёдкорлик деб билади.
Қурилган муҳташам иморатлар, равон йўллар асрлар ўтиб, ўша давр сарварининг эзгу ниятлари, чеккан ташвишлари ва орзу-умидларидан далолат бериб турган, инсоният томонидан қадрланган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шубҳасиз, юксак ардоққа лойиқ. Унинг бунёдкорлиги ҳаёт пайтидаёқ мислсиз шуҳрат келтирган эди. Бугун эса бу эзгу ишлари янада салобат, кўркамлик касб этиб, Шарқ тамаддунининг ифтихорига айланди.
Энди мақоламиз аввалидаги масъулият ва ахлоқий қарздорликка қайтсак. Келажак авлод олдидаги масъулияту ўтмиш аждодлар олдидаги қарздорлик ҳақида кўп гапирилади. Бу каби қарздорлик ёки масъулият, шубҳасиз, ҳуқуқий асосга эга эмас. Ҳозирги бирор қонун ўн беш аср аввал яшаган аждодлар олдидаги маънавий қарзни узишни қатъий талаб қилмайди. Бироқ бу ўринда ахлоқий қарздорлик ёки ижтимоий масъулият ҳақида гапириш мумкин.
Файласуф Хуршид Йўлдошевнинг баён этишича, ўтмишдан қарздорлик ва келажак олдидаги масъулият бир-бирини тақозо қилади, бирисиз иккинчисини изоҳлаш, тушунтириш мумкин эмас. Яъни келажак олдидаги масъулият ўтмиш олдидаги қарздорлик орқали изоҳланади. Боболаримизнинг ҳаракати сабаб биз ёввойи табиат қўйнида дунёга келмадик. Бизни бутун бошли қадриятлар тизими, тил, урф-одатлар, дин, тайёр илмий-технологик ютуқлар қарши олди. Шундай экан, бу қарздорлик ахлоқий экани, аждодлар катта ишларга қўл ураркан, авлодларни қарздор этишни кўзламаганини таъкидламоқ лозим.
Аждодлар ўз ота-боболари қолдирган меросни асраб, бизгача етказгани учун биз улардан қарздормиз дея олмаймиз. Бобур олдидаги қарзимиз у ўзигача яшаган шоирлар, тарихчилар, олимларнинг ишларини шунчаки сақлаб, бизга етказиб бергани туфайли эмас. Унинг олдидаги қарзимиз у ўз даврининг ёрқин намояндаси, бунёдкори бўлгани туфайлидир. Биз фахрланаётган аждодларимизнинг ўзи, жумладан, Бобур ҳам инноватор бўлган. Инноватор, ислоҳотчи аждодлардан қолган меросни шунчаки сақлаш, фақат улар билан фахрланиш билан муносиб авлод бўла олмаймиз. Ўтмиш ислоҳотчиларнинг муносиб авлоди бугунги ислоҳотчилардир. Ўйлаб кўрайлик, авлодлараро робита фақат аждодлар меросини асраб-авайлашдангина иборат десак, ким шунча нарсани яратди, бунёд қилди? Агар аждодларимиз ўзидан аввалгилар меросини асраш билан чекланганида эди, тараққиёт ҳам бўлмасди.
Демак, қарздорлигимиз, аввало, аждодларнинг яратувчанлиги сабаблидир. Келажак авлод олдидаги масъуллигимиз эса аждодлар олдидаги қарзимизни узишда. Улар бизни янгилик, бунёдкорлик, яратувчанлик билан қарздор қилди, биз ҳам янгилик, бунёдкорлик, яратувчанлик билан авлодларни, яхши маънода, қарздор қиламиз. Қарздорлик аввалгиларнинг ҳиссасини асраб қолиш билангина узилмайди. Айни дамда бу аждодлар меросини нест-нобуд қилишни эмас, уларни ижодий ўзлаштириш, кези келганда, танқид қилиш ва келгуси авлодга етказишнинг ихтиёрийлигини ҳам англатади. Бинобарин ижодкорларнинг муносиб вориси фақат ижодкорлардир, уларнинг асарларига тиши ўтмаган ҳолда ҳаммадан кўра кўпроқ мадҳ этиб, аждодларнинг руҳидан ҳам манфаат кўзлайдиганлар эмас.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири