Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг мушкул вазиятдан халос бўлиши, юксалиши ва халқи фаровонлиги бевосита сифатли таълим кафолатлангани ҳамда унинг амалда таъминланиши билан боғлиқ. Шу ўринда инсон капитали масаласига миллий миқёсда эътибор қаратиш ҳам муаммони ҳал этишнинг самарали ечими бўлиши шубҳасиз. Ўз даврида иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан танг аҳволга тушган Япония, Жанубий Корея, Малайзия каби давлатлар айнан сифатли таълим ва инсон капиталига етарли эътибор қаратгани боис, вазиятдан чиқишни уддалаб, ривожлангани ва фаровон ҳаёт тарзига эришгани амалий мисолдир.
Аслида, сифатли таълим жараёнида инсон, жамият ва давлат манфаатлари уйғунлашади. Яъни инсон шахс сифатида майдонга чиқади. Бу дегани, ўқитиш жараёнида фаолият юритувчи мутахассис соҳасининг бутун сир-асрорини фидойилик билан мукаммал ўзлаштиради. Ўзи таълим бераётган ёки тарбиялаётган бола, ўқувчи ёки талабага давлат ва жамият бошқаруви ҳамда халқ фаровонлиги учун фаол ва онгли иштирок муҳимлигини тўғри тушунтиради.
Меҳнатининг ижобий натижаси орқали жамият аъзолари ўртасида инсон капитали ўзини ҳар томонлама оқлаши ва оммалашишига замин яратади. Сифатли таълимнинг муҳим таркибий қисми бўлган мазкур уч босқичнинг натижаси ҳам айнан дастлаб мутахассиснинг обрўси ошиб, ҳаёт тарзи фаровон бўлиши ёхуд касбидан барака топишига йўл очади.
Давлат органлари ва институтларида холислик таъминланиб, замонавий, ёш кадрлар тайёрланиши натижасида бошқарув тизимига янгича руҳ кириб келади. Жамиятда демократлашув чуқурлашиб, халқ ва давлатнинг ўзаро ишончи ҳамда таъсири ортади. Инсон капитали фаровонликка эришиш учун бирдан-бир тўғри йўл сифатида одамлар онгида қарор топади.
Буюк муаллим ким?
Сифатли таълим жараёнини самарали амалга оширишнинг дастлабки босқичида, табиийки, педагог ёки тарбиячининг, устоз ва муаллимнинг таъсири беқиёс. Шу боис, ушбу машаққатли соҳа вакилларининг дастлаб ўзига, оиласига, давлат ва жамиятга садоқатли бўлиши талаб этилади. Шахсни тарбиялашдек ўта масъулиятли ва машаққатли касбнинг залварини моҳиятан ҳис этса, унинг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Аксинча, у маърифатли ва хушхулқ ҳамда ахлоқли, педагогик тилда айтганда, компетентли инсонларнинг камолга етишига хизмат қилган бўлади.
Муаллим ва тарбиячининг ҳалол, ростгўй, адолатли, фидойи, профессионал ҳамда камтарлиги жуда кўпчилик ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига асос бўлади. Сабаби, ҳар бир инсоннинг камолоти айнан таълим-тарбия жараёни билан моҳиятан боғлиқ. Чунки деярли барча ҳаётда ўз ўрнини топишида у ёки бу тарбиячиси, ўқитувчиси, мураббийи ва устозининг таъсирини, албатта, эътироф этади.
Қайсидир фазилат орттиргани ёки бирор иллатдан халос бўлганини самарали таълим-тарбия билан боғлайди. Хитой файласуфи Конфуцийнинг “Ўқувчиларни ҳаётга тўғри йўналтирган муаллим яхшидир. Уларни руҳлантира олган муаллим эса буюкдир”, деган сўзлари худди бугун учун айтилганга ўхшайди. Бундай шарафли вазифани ҳозир ҳамма ўқитувчи ҳам уддалаяпти, деб бўлмайди.
Бугунги тезкор, глобал ҳамда зиддиятли даврда ўқитувчи ва тарбиячилар ниманидир унутяпти, эътиборга олмаяпти ёки таълим-тарбия жараёнида қўлламаяпти. Аввало, таълим-тарбиянинг замонавий фундаментал илмий-назарий асоси тадқиқ этилмаганини таъкидлаш жоиз. Қолаверса, миллий менталитетдан келиб чиқувчи таъсирчан усул ва воситалар яратилмаган. Бу усуллар эса, назаримизда, ҳалоллик, ахлоқ, тўғрилик, адолат ва масъулиятга асосланиши зарур.
Чунки нопоклик, ахлоқсизлик, ёлғончилик, худбинлик ва боқимандалик каби иллатлар аллақачон муайян ижтимоий гуруҳ доирасидан чиқиб, жамиятнинг хатосига айланиб улгурганидан кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, бир гуруҳ ўқувчи қизлар бир-бирини шафқатсизлик билан дўппослагани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларни ларзага келтирганини айтиш мумкин.
Эҳтимол, биз, педагоглар ва жамоатчилик вакиллари ёшлар онгида бундай салбий ҳолатларга қарши туришга қодир, таъсирчан механизмларни шакллантириб, қўллай олганимизда вазият бу даражага бориб етмасди. Яъни ўқувчи қизларнинг баъзилари эс-ҳушини йиғиб, можарони тўхтатарди. Муроса йўлини топарди. Жиллақурса, уяларди. Афсуски, бундай бўлмади. Бу ҳолат ҳаммамизни хавотирга солиши керак.
Тўғри, миллий педагогикада таъсирчан ҳамда самарали, таълим-тарбияни такомиллаштиришга хизмат қиладиган усул ва воситалар мавжуд. Бироқ биз — педагоглар, олимлар ва жамоатчилик вакиллари ўзига, давлатга ва жамиятга нафи тегадиган инсонларни тарбиялаш борасида бирика олмаймиз. Ҳар ким ўзининг ишини қилсин, таълим-тарбия билан соҳа вакиллари шуғуллансин, бунга вақтимиз йўқ, дея ўта залварли ҳамда истиқболли вазифани аросатда қолдирамиз.
Бундай сансоларлик барчамизга жуда қимматга тушаётган эса-да, муаммо ҳал бўлмай, очиқ қолмоқда. Шу ўринда таълим-тарбия соҳаси вакиллари “Менга нима, қўлимдан келгани шу, даромадга яраша буромад”, деб ўзини четга олаётгани ҳам бор гап. Лекин биз “таълим-тарбия баъзи соҳалар каби тез натижа бермаса-да, албатта, самарасини кўрсатиши шубҳасиз”, деган мантиқдан келиб чиқиб ишлашимиз зарурлигини бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Яъни одамгарчилик билан боғлиқ покиза туйғулар болага фақат панд-насиҳат билан эмас, ҳаётий ибрат орқали ҳам сингдирилиши мумкин. Умуман олганда, сифатли таълимдаги ҳалол меҳнат ҳеч қачон натижасиз қолмайди. Тўғри, айрим ҳолларда устоз, тарбиячи ва педагог расмий идоралар томонидан формал жиҳатдан мукофотланмас, лекин унинг камтарона ва ҳалол меҳнати, албатта, эътироф этилади. Ҳалол инсон, моҳир муаллим, янгиликлар билан ҳамнафас фидойи устоз сифатида эсланади. Аслида, устоз учун муносиб, олий мукофот ҳам шу эмасми?!
Ҳалоллик бозорда сотилмайди
Сифатли таълимнинг натижаси давлат бошқаруви соҳасига кўчишини назардан қочирмаслигимиз керак. Агар фарзандларимизга миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида сифатли таълим беролсак, том маънодаги замонавий кадрларни тайёрлаган бўламиз. Айнан кадрлар ҳаётда кўп ишни ҳал қилиши дунё тажрибасидан маълум. Шу нуқтаи назардан, сифатли таълимнинг иккинчи босқичи ўзининг кўлами боис, алоҳида аҳамиятга эга. Гўдаклигидан ҳалол, фидойи устоз ёки тарбиячи қўлида юксак хулқ, тўғрилик, адолат ва тафаккурга ўргатилган, қалби бутун боладан давлат ёки жамиятга катта наф бўлиши шубҳасиз.
Давлат бошқаруви соҳаси вакилларига жамиятда муайян тартибни белгилаш ёки унинг ижросини таъминлаш ҳамда яратилган қоидаларга амал қилинишини назорат этишдек масъулиятли вазифа юкланади. Яхши ўқиб тарбияланган шахс, табиийки, бундай масъулиятни тўғри ҳис этиб, унга оғишмай амал қилади. Яъни давлат хизматчиси ўз билими, тафаккури, мунтазам саъй-ҳаракати туфайли ҳаётда қадр топгач, маънавият ва маърифатни, таълим соҳаси вакилларини қадрлайди. Тор манфаат, мансабпарастлик, коррупция ва манманлик каби ҳалокатга етакловчи ҳолатлардан ўзини тияди.
Чунки у сифатли таълимнинг биринчи босқичида қайд этилганидек, ўзига — инсонга — давлатга — жамиятга садоқатли муаллимдан таълим олиб, тарбия кўрган-да. Ҳаётда муносиб ўрнини топган, халқпарвар ва адолатли раҳбарларга “мактаб кўрган, яхши тарбия олган, фаросатли, меҳнаткаш”, деб нисбат берилиши бежиз эмас. Бизнингча, бунинг сабаби ёшликда олинган сифатли таълим туфайли шахсий манфаатнинг давлат ва жамият манфаати билан уйғун шакллантирилгани билан боғлиқ. Натижада давлат хизматидаги бундай инсонлар ўз ваколати доирасида таълим-тарбия, илм-фан, маънавият-маърифат, адабиёт ва санъатнинг ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Миллий ривожланишнинг ягона воситаси
Сифатли таълимнинг натижаси инсон капитали билан мантиқан ва моҳиятан узвий боғлиқ. Гарчи унинг дастлабки босқичи таълим сифатини таъминлашдаги профессионалликка, кейинги босқичи эса давлатнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатини таъминлашга асосланса-да, самараси бевосита инсон капитали билан боғлиқ.
Бунинг маъноси шуки, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўсиб келаётган ёшлар ҳаётда муносиб ўрин топиши учун сифатли ҳамда замонавий таълим олиб, чуқур билим ва тафаккур, юксак ахлоқ ҳамда ҳалол меҳнат қилиши кераклигини билиши ва тан олиши муҳим. Давр ўзгармоқда. Бугун бу тезкор ва шиддатли ҳаётда одамлар, давлатлар ҳамда жамиятлар ёхуд дунё ўзининг қатъий талабларини қўймоқда.
Ушбу талаблар глобаллашув, иқтисодий-ижтимоий интеграциялашув ва техника тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Инсониятнинг онгу тафаккури, эҳтиёж ва талаблари ҳам ушбу замонавий талаблар асосида шаклланмоқда. Бу эса жаҳонда инсон капиталига эътиборни янада кучайтирмоқда. Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнлардан мустасно эмас. Юртдошларимиз инсон капиталининг зарурати, аҳамияти ва нафини тушуниб етмоқда. Унинг зарарга эмас, фойдага ишлашига гувоҳ бўлмоқда.
Натижада аксарият ота-оналар ўзини турли эскича, кераксиз, ортиқча сарфхаражатдан тийиб, маблағини ишонч билан фарзандларининг келажаги учун сарфламоқда. Табиийки, бундай таваккалчилик тўлиқ самара бераётгани айни ҳақиқат. Узоқ қишлоқларда ҳам “Фалончининг ўғли спортнинг шу тури бўйича жаҳон чемпиони бўлибди. Ютуқлари эвазига берилган маблағга пойтахтдан уй олиб, отаонасини кўчириб кетибди”, “Фалон ўқитувчининг фарзанди чет элдан грант ютиб, нуфузли университетга ўқишга кирибди”, деган хабарлар ҳақиқатга айланди. Инсон капиталига эътиборнинг натижаси бу.
Сифатли таълимнинг барча босқичи моҳиятан ўзаро боғлиқ. Улар бир-бирининг мавжудлигини тақозо этади ҳамда бири бошқасисиз мавжуд бўлмайди. Янги Ўзбекистонда сифатли таълимни амалда таъминлаш ўзига хос мураккаб масала. Лекин миллий тараққиёт учун бошқа тўғри йўл йўқ. Чунки мамлакатимиздаги аксарият муаммоларнинг ечими айнан сифатли таълимга бориб тақалаверади. Агар барчамиз сифатли таълимнинг илмий-назарий асосларини ва самарали амалий аҳамиятини йўлга қўя олсак, жонажон Ватанимизни, шубҳасиз, тараққий эттирамиз.