Тадбирда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари аъзолари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, қўмита эксперт гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда Тараққиёт стратегиясининг еттита устувор йўналишидан бири этиб – адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш белгиланган. Бунда олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш устувор мақсадлардан бири сифатида кўзда тутилган.
Иштирокчилар Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, хусусан, олий таълимнинг ўзига хос муаммолари ва истиқболдаги вазифалар, таълим сифатини назорат қилиш тизимида баҳолашнинг ҳолати, республика адолатли ва шаффоф баҳолашлар ҳолати каби масалаларга тўхталиб ўтди.
Сўнгги йилларда олий таълим тизимида асосий эътибор талаба-ёшларимизнинг таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди. Натижада, ўтган 7 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 210 тага етди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди. Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга оширилди.
Таъкидланганидек, ёшларга сифатли таълим бериш ва таълим сифатини назорат қилиш, хотин-қизларни олий таълим ва касб-ҳунар эгаллашлари учун янада кўпроқ шароитлар яратиш йўналишида ижобий ишлар амалга ошириляпти. Шу билан бирга, бугунги кунда ёшларни таълимга жалб этиш қамрови оширилгани билан бир қаторда, сифатли таълим бериш тизимини такомиллаштириш бўйича кузатилаётган айрим муаммолар ўз ечимини кутяпти.
Хусусан, педагогика соҳасидаги олий таълим муассасалари ўрганилганда педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича талабаларнинг мутахассислик фанларидан билим, кўникма ва малакалари давлат таълим стандартларига мос бўлиши учун уларда педагогик компетентликни ривожлантирувчи амалий фанлар етишмаслиги маълум бўлди.
Профессор-ўқитувчиларнинг касбий ва амалий кўникмаларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этишда сусткашликка йўл қўйиляпти. Профессор-ўқитувчиларининг касбий билим ва компетенцияларини халқаро стандартлар асосида аттестациядан ўтказиш йўлга қўйилмаган.
Муҳокама мобайнида давра суҳбати иштирокчилари томонидан илғор хорижий тажрибани қўллаб, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мамлакатда ёшларга таълим бериш ҳамда таълим сифатини назорат қилиш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар берилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.