Йиғилишда сўз юритилган йўналишлардан бири — сил касаллигининг олдини олиш борасида самарали, аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар тизимли равишда бажарилаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳолбуки, 2000-йиллар бошида фтизиатрия хизмати оғир аҳволга келиб қолган эди. Силга қарши кураш муассасалари хароба ҳолатда, моддий-техник базаси эскирганди. Мазкур вазиятда нафақат беморлар, балки оғир меҳнат шароитида ишлагани туфайли тиббиёт ходимлари ҳам қийналганини инкор эта олмаймиз.

Сил билан касалланганлар шифохоналарда йиллаб ётар, ўтган асрда кашф қилинган атиги 4 хил дори (рифампицин, изониазид, этамбутол ва пиразинамид) билан даволанар, кучсиз лаборатория тизими сабабли касалликнинг резистент турларини аниқлашга 4 ойдан зиёд вақт кетарди. Натижада касалликнинг турли шакллари билан оғриган беморлар бир палатада даволанишга мажбур эди. Ўша вақтлари ўпка касалликлари скрининги фақат флюорография ва микроскопия усуллари ёрдамида ўтказилган. Бу эса касалликни эрта босқичида аниқлаш имкониятини пасайтириб юборганди.

Сўнгги йилларда юртимизда силга қарши курашда сезиларли натижаларга эришилди. Давлат ва халқаро ҳамкорлар дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилгани 2021 йилда 2016 йилдагига нисбатан сил билан касалланиш кўрсаткичини 23, ўлим кўрсаткичини эса 64,3 фоиз камайтириш имконини берди.

Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 13 февралдаги “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳам сезиларли самарасини кўрсатди. Касалланганларнинг умумий сони 2 минг кишига камайди.

Қарорга биноан, сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари олдини олиш борасида замонавий инновацион усуллар амалиётга татбиқ этила бошлади. Силга қарши кураш тизимида фаолият кўрсатаётган мультидисциплинар гуруҳлар томонидан беморларни руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиши натижасида муолажани олдинроқ тугатиш муддати икки баробар қисқарди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида, кейинчалик бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида фтизиатрия ва пульмонология мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада мутахассислар тайёрлаш давлат гранти асосида амалга оширилмоқда. Сил касаллигига мойил (хавф гуруҳидаги) шахслар орасида иммунодиагностика тадбирлари ўтказилди. Натижада хавфли гуруҳга кирувчи 12 минг кишида силнинг латент шакли аниқланиб, профилактик муолажа билан тўла қамраб олинди.

ЖССТнинг сўнгги тавсияларига мувофиқ, 2020-2021 йилларда сил ва латент туберкулёз инфекциясини ташхислаш, даволаш, олдини олиш бўйича миллий клиник баённомалар янгиланди ҳамда 2021-2022 йилларда соҳадаги мингдан ортиқ мутахассис қайта ўқитилди.

Фтизиатрия тизимидаги муассасалар мутахассислари малакасини ошириш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий 10 та бўлинмасида халқаро стандартларга асосланган телетиббиёт усулида масофадан туриб инновацион ўқитиш ва мониторинг марказлари ташкиллаштирилди.

Чет эл ва давлат дастурларини самарали амалга ошириш натижасида сўнгги 5 йилда сил билан касалланганларнинг даволаниш самарадорлиги 92 фоизни ташкил этди. Сил касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳар йили чақалоқларни БЦЖ билан эмлаш 97-99 фоиз бажарилмоқда.

Бу йил ҳудудларда ўтказилган тиббий кўрикларда 5,1 минг бемор аниқланиб, уларнинг 225 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу жараёнда юқори технологияга асосланган амалиёт улуши 91,6 фоиз бўлганини таъкидлаш жоиз. Телетиббиёт орқали 175 нафар оғир беморга консилиум маслаҳат ва тавсиялар берилди. 206 беморнинг яшаш жойида юқори технологик жарроҳлик орқали муолажа олишига шароит яратилди. ЖССТнинг Европа минтақаси учун сил касаллигига қарши кураш режасини амалга ошириш мақсадида шу йилнинг 21-24 ноябрь кунлари Истанбул шаҳрида ўтказилган катта форматдаги йиғилишда мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда силга қарши кураш дастурининг етакчи мутахассислари қатнашди.

Ушбу нуфузли анжуманда келгуси йили сентябрда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг сил касаллиги бўйича олий даражадаги мажлисига Ўзбекистонда силга қарши курашда эришилган ютуқларни инобатга олган ҳолда, Польша билан бирга юртимиз вакили ҳамраис бўлиши эълон қилинди.

Бажарилган ишлар кўлами қанчалик кенг бўлмасин, сил касаллиги тарқалишининг олдини олиш ва барқарор санитария-эпидемиологик вазиятни сақлаш вазифаси ҳар қачонгидан долзарб. Зеро, давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда коронавирус пандемияси сабабли юртимизда ўпка касалликлари бўйича диспансер назоратидаги беморлар сони 18 фоиз ошган. Ҳудудларда туберкулёз бўйича 5 хил юқори технологик жарроҳлик амалиётига талаб бўлса-да, бу хизмат фақат Тошкент ва Нукус шаҳарларида тўлиқ йўлга қўйилган. Мазкур ҳолатлар соҳадаги ишларга янада жиддий ва масъулият билан ёндашиш зарурлигини кўрсатади.

Йиғилишда сил инфекциясининг молекуляр-генетик диагностикасини, яширин инфекцияси бор беморларни аниқлаш ва профилактик даволаш қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Президентимиз келгуси йилдан бошлаб “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадаларини ташкил этиб, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини скрининг текширувлардан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, қатор ишларни режалаштирганмиз.

Жумладан, маҳаллий техник ресурслардан ва мавжуд ускуналардан фойдаланган ҳолда “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадалари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бунда “Isuzu” русумли микроавтобусларга замонавий ПЦР, мобиль рентген, спирометр, электрокардиограф ускуналари ўрнатилади ҳамда олис ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ўпка касалликлари бўйича тиббий скринингдан ўтказилади.

Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Астма ва сурункали обструктив ўпка касаллиги мактаблари” ташкил этилади. Уларда ўпка касалликларига чалинган беморларга ҳаёт сифатини яхшилаш, касаллик зўрайишининг олдини олиш чоралари ўргатиб борилиши кўзда тутилган.

Илк бор ўпканинг ноинфекцион касалликларини эрта аниқлаш мақсадида 35-60 ёшли аҳоли ўртасида скрининг анкеталаш дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилиниши режалаштириляпти.

Ҳар бир вилоят ҳокими билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида алоҳида “йўл хариталари” имзоланиб, топшириқлар маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ҳамда республика даражасида муайян тартибда амалга оширилиши режалаштирилди.

Наргиза ПАРПИЕВА,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология

илмий-амалий тиббиёт маркази директори