Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташаббуси билан Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида жорий этилаётган давлат тиббий суғурта жамғармаси механизмларини йўлга қўйилишига боғлиқ масалалар юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўтказилган давра суҳбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бирламчи тиббий санитария ёрдами бўйича Европа офисининг Қозоғистондаги техник ходими Арнолдас Жургутис, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Португалиядаги консультанти Александре Лоуренко, Соғлиқни сақлаш сиёсати бўйича маслаҳатчи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистон офиси раҳбари Кристофер Фиспатрик, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги офиси миллий ходими Елена Сой, тиббий кадрлар ва хизматларни ташкил қилиш, ҳудудий маслаҳатчиси Томас Запата бошчилигидаги эксперт комиссияси ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов, Давлат тиббий суғуртаси услубий бўлим бошлиғи Умида Газева, Иқтисодий таҳлил ва молиялаштириш бўлими бошлиғи Ботир Нурматов, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев ва бошқа мутахассислар иштирок этди.
Улар Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида тажриба-синов лойиҳаси доирасида жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ ишларни таҳлил қилди. Ва бу борада эришилган ютуқларни Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида жорий этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Учрашувда халқаро экспертлар мазкур механизм тўла - тўкис Сирдарёга жорий қилингандан сўнг, унинг иккинчи босқич ишлари 2023 йилда Қорақалпоғистонда, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошлаб юборилиши ва 2025 йилдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилишини яна бир бор таъкидлади, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.