Дунёда шундай зиравор борки, нафақат таъми, балки даволовчи хусусиятлари сабаб табобатда ҳам, тиббиётда ҳам ниҳоятда қадрланади. Биз уни ҳар куни нон маҳсулотлари, турли таомлар устига сепилган ҳолда истеъмол қиламиз. Буюк ҳаким бобокалонимиз Абу али Ибн Сино уни “организмнинг энергиясини рағбатлантириб, депрессия ва чарчоқни тиклашга ёрдам берадиган уруғ” деб номлаган. Ҳадисларда ушбу шифобахш зиравор ўлимдан бошқа ҳар қандай дардга даво экани айтилади.

Гап, халқ орасида “минг дардга даво” деб таърифланувчи қора седана ҳақида бормоқда. Сайёрамиз аҳолиси уни рим калиандри, нигелла, каинджи каби номлар билан ҳам аташади. Дунё ошхонасида қора седана ёқимли аччиқроқ таъми сабаб таомларга ўзгача маза берувчи қўшимча сифатида машҳур. Замонавий тиббиётда эса турли касалликларга шифо бўлувчи дори воситасидир. Шу боис, жаҳонда ушбу маҳсулотга бўлган талаб кун сайин ортиб боряпти. Бунга мос равишда кўплаб давлатларда қора седана етиштириш ва қайта ишлаш саноати ҳам ривожланмоқда.

Юртимиз шароитида қора седана асосан Сирдарё, Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида етиштирилади. Бу ҳудудларнинг иқлим шароити ва тупроқ имкониятлари билан боғлиқ бўлса керак. Аммо мутахассисларнинг айтишича, серқуёш диёримизнинг барча ерларида қора седана етиштириш имкониятлари бор.

Куни кеча Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятида янги усулдаги тажриба лойиҳа — органик қора седана етиштириш бошланди. Сирдарё туманидаги фойдаланилмай ётган 20 гектар ер майдонига ишлов берилиб, жаҳон стандартлари талаби асосида тайёрланган ерга 300 килограмм органик қора седана уруғи қадалди. Илк ҳосил қора седананинг ўз “одати”га кўра, 90—100 кунда олиниши режалаштирилган.

— Органик, яъни, “экологик тоза” талаблари асосида маҳсулот етиштириш учун айнан қора седана танланганининг бир қанча сабаблари бор, — дейди  Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Органик ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Анвар Жуманов. — Чунки жаҳон ва Европа бозори ўрганилганда органик седанага талаб катта экани аён бўлди. Қора седана инсон саломатлиги учун витаминлар манбаи бўлган ёғ олиш, доривор воситалар ва косметологияда кенг қўлланилгани боис, бозори анча чаққон маҳсулотлар қаторида турибди. Қолаверса, маҳаллий шароитда ҳам органик қора седанадан турли соҳаларда самарали фойдаланиш мумкин. Лойиҳа учун айнан Сирдарё вилояти танланганига келсак, ушбу ҳудуд қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган экин ер майдонлари мавжуд ва бу органик усулда маҳсулот етиштиришни жорий қилиш учун энг мақбул ечимлардан бири ҳисобланади.

Қолаверса, Сирдарёнинг ер, сув ва табиат ресурслари бой. Аҳоли жон бошига экин майдонлари бошқа ҳудудларга нисбатан 2-3 баравар кўп. Вилоятда қишлоқ хўжалигини сув билан таъминланганлик даражаси ҳам юқори. Жорий йилнинг 7 апрель куни давлатимиз раҳбари Сирдарёга ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида имкониятлар ҳали кўплигини таъкидлагани бежиз эмас. Айниқса, ҳудуднинг аграр тармоғига илм ва инновация олиб кирилса, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспортини янада ошириш имкониятлари юқори.

Талаб битта: маҳсулот фақат табиий усулда олинади

Органик қора седана етиштириш тажриба лойиҳаси хусусий сектор билан ҳамкорликда йўлга қўйилди. Ҳамкор корхона бир қанча талаблар асосида танлаб олинди ва “Srop production органис Лтд” компанияси билан биргаликда ишлар бошлаб юборилди.

Хўш, оддий қора седана билан органик усулда етиштирилганининг фарқи нимада? Аслида, нафақат седана, балки исталган маҳсулотни органик усулда етиштириш осон эмас, унинг ўз талаблари бор. Бунда ҳар бир жараён назоратга олинади — тупроқ таркибидан тортиб, маҳсулотни кимёвий қўшимчаларсиз, “экологик тоза” талаблари асосида етиштиришгача бари сифат мезонларига жавоб бериши зарур. Жараёнда фақат биологик тоза препарат ва ўғитлардан фойдаланиш назарда тутилади.

Одатий сўзлашувда “экологик тоза” тарзида қўлланиладиган органик сўзи “чекланган” маъносини англатади. Яъни, бундай маҳсулот қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатларсиз ва бошқа техноген таъсирларсиз, замонавий технологиялар асосида етиштирилади ёки табиий тоза хомашёлардан олинади. Бозорларда сунъий маҳсулотлар ортиб бораётган бугунги даврда органик озиқ-овқатларга талаб ҳар қачонгидан ошган. Шунга мос равишда бундай маҳсулотларнинг қиймати ҳам дунё бозорида анчайин юқори. Ҳатто, органик қишлоқ хўжалиги жаҳон трендига айланган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 179 мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. 2021 йили ушбу йўналишдаги халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 106,4 миллиард еврони ташкил этиб, 3,1 миллион ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич янада ўсмоқда.

Лойиҳа мутахассислари ишни норматив ҳужжатлар ва жаҳон стандартларида белгиланган стандартлар бўйича зарарли кимёвий моддалар, пестицидлар ва меъёридан ортиқ минерал ўғитлардан ҳоли бўлган ер танлашдан бошлади. Кунлар исий бошлаши билан ерга яна ҳеч қандай зарарли моддалардан фойдаланмасдан, қўл меҳнати ва механик усулда ишлов берилди. Ерга қадалган қора седана уруғи ҳам махсус “Органик” сертификатига эга.

Буёғига олиб бориладиган агротадбирлардан тортиб, ҳосилни йиғиб-териб олиш ва экспортга йўналтириш ишлари ҳам фақат “соғлом муҳит”да олиб борилади. Вегетация даврида мувофиқликни баҳолаш органларидан инспекторлар келиб, органик усулда олиб борилаётган тадбирлар билан танишиб чиқади. Ўсимликлардан намуна олиб, ўз таҳлилларини ўтказади. Агар ишлаб чиқарилган маҳсулотда номувофиқликлар аниқланмаса, махсус сертификат берилади ва “органик маҳсулот” деб тан олинади. Тайёр бўлган органик қора седана нафақат фойдалилиги, балки экспортбоплиги билан ажралиб туради.

— Замонавий илм-фан ва инновацияларга асосланган қишлоқ хўжалигини органик деҳқончиликсиз тасаввур этиш қийин, — дейди Анвар Жуманов. — Бундай деҳқончиликнинг асоси тупроқ сифатини яхшилаб, ер унумдорлигини оширишга қаратилгани ҳолда, экологик тоза, серҳосил маҳсулот етиштириш имконини беради. Шу билан бирга, биологик деҳқончиликни юритиш соҳа олимларидан доимий ўрганишлар, илмий тадқиқотлар ва янги чора-тадбирларни талаб этади. Охирги йилларда юртимиз шароитида ҳам бу борада жиддий ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2022 йилда 9 та пахта-тўқимачилик клаcтерига тегишли 7 минг 344 гектар майдонда “Organic” халқаро стандарт талаблари асосида пахта хомашёси етиштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 15 та ҳудуднинг 5,9 минг гектар майдони органик мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган 34 та маҳсулот “Органис” сифат сертификатига эга. Улардан бири қора седана ҳисобланади.

Харидорлар — Европа давлатлари

Ибн сино бобомиз қора седанани кўплаб касалликларга даво, деганича бор. Ушбу маҳсулотга қадимдан даволовчи восита сифатида қаралган. Айниқса, Осиё ва Яқин Шарқда юқори қадрланади. Айнан шу минтақа одамлари илк бор уни дори воситаси сифатида қўллай бошлаган экан.

Ўсимлик уруғлари кўплаб шифобахш хусусиятларга эга бўлиб, организмдаги турли-туман биологик жараёнларга ижобий таъсир кўрсатади. Иммунитетни мустаҳкамлаш, шамоллаш ва яллиғланишларни олиш, оғриқ қолдириш, стресслардан халос этиш ва бошқа кўплаб касалликларни даволовчи таъсирга эга. Қора седана асосида тайёрланган воситалар кўплаб хасталикларнинг олдини олишда ҳам қўлланилади. Жигар, нафас йўллари ва юқумли касалликларда тенгсиз, дея баҳоланади. Жаҳон бозорида, айниқса, қора седана ёғига талаб катта.

Юртимизда илк бор органик усулда қора седана етиштириш йўлга қўйилганининг яна бир сабаби бор. Гап шундаки, ушбу ўсимликни экиш ҳисобига тупроқ ер структурасини яхшилаш, унумдорлиги, донодорлигини ошириш, экологик муҳитни сақлаш кўзда тутилган.

— Қора седана Сирдарё вилоятидаги шўрланган ерларга экилиши натижасида уларнинг шўрланганлик даражасини камайтиради, — дейди Анвар Жуманов. — Ушбу ўсимлик алмашлаб экиш учун ҳам мос келади. Ерларнинг шўрланиш даражаси камайганидан кейин кунжут, мош, соя, оқ фасол ва бошқа экинларни ҳам органик усулда етиштириш режалаштирилган. Президентнинг 2020 йил 18  майдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ҳам бу борадаги аниқ вазифалар белгиланган.

Лойиҳа ташаббускорлари қора седана уруғлари қадалган ер майдонининг ҳар гектаридан 1—1,5 тонна ҳосил олишни кўзламоқда. Тайёр маҳсулотнинг харидорлари ҳам нақт — ҳозирча Германия ва Норвегиялик ҳамкорлар билан савдо шартномалари имзоланган. Юқорида айтганимиздек, органик қора седанага асосан Европада талаб юқори бўлиб, маҳсулот нархи анча қимматга баҳоланади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, дастлаб Сирдарёда бошланган лойиҳа яқин йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилади. Ҳозирги кунда эса мамлакатимиздаги барча фермер хўжаликларида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича семинарлар олиб бориш, уларга экишдан тортиб, экспортга йўналтиришгача бўлган жараённи турли медиа маҳсулотлар орқали етказиш, махсус қўлланмалар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 14.04.23 й, 72-сонида эълон қилинди)