Мазкур ҳужжатларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш юзасидан қатор вазифалар белгиланган. Ушбу ислоҳотларнинг самарали ва босқичма-босқич равишда амалга оширилаётганлиги халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда-жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг, хусусан совғалар олди-бердисининг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.
Совғалар сиёсати билан боғлиқ халқаро стандартларга эътибор қаратадиган бўлсак, БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 12 декабрдаги
51/59-сонли резолюцияси билан тасдиқланган Давлат мансабдор шахсларининг халқаро одоб-ахлоқ кодексига кўра, давлат мансаби миллий қонунчиликка мувофиқ аниқланади, бу мансаб ишончга асослангани учун давлат манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиш мажбуриятдир. Унда нафақат мансабни эгаллаш даврида балки, ундан кетгандан кейин ҳам чекловларга риоя қилиш, ўзининг шахсий ҳамда хотини (эри) ёки қарамоғидаги шахсларнинг даромадлари ва мажбуриятлари ҳақида маълумотларни эълон қилиш, совғалар ёки бошқа тарзда эътибор белгиларини қабул қилмаслик, маълумотлар билан ишлашда конфиденциаллик, сиёсий ёки бошқа фаолияти давомида жамоатчилик ишончига путур етказмаслик бўйича умумий талаб ва чекловлар белгиланган.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасига давлат хизматида совға олиш-бериш, шунингдек, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган “Совға сиёсати” номли алоҳида боб киритилди.
Совға сиёсатини белгилашда қандай омилларга эътибор қаратилиши лозим?
Экспертнинг таъкидлашича, совға сиёсатининг асосий вазифаси коррупция предмети ва совға ўртасидаги чегарани аниқ белгиланиб берилишида намоён бўлади. Айнан бундай «нозик» фарқ компаниянинг комплаэнс хизмати томонидан белгиланган норматив меъёрлар орқали аниқланади. Бу жараёнда комплаэнс назорат тизимининг алоҳида ваколати ва вазифалари белгилаб қўйилади. Шунингдек, хорижий давлатларда ҳам совғалар берилиши билан боғлиқ қоидалар белгиланган. Жумладан, Германияда “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги директива” ҳамда “Ҳалоллик қоидалари”да келтирилишича давлат хизматчиларига совға сифатида тақдим этилган моддий қийматликлар миқдори € 25 евродан ошса аукцион орқали сотилади. € 25 еврогача бўлган кичик қийматли буюмлар (масалан, шарикли ручкалар, блокнотлар, календарлар) совға сифатида берилиши мумкин.
Словенияда давлат хизматчиси 75 еврогача (агар совға айнан бир шахс томонидан тақдим этилаётганда, 1 календарь йили давомида 150 евродан ошмаслиги лозим) бўлган миқдордаги совғани қабул қилиши мумкин бўлади. Ҳар бир ходим томонидан қабул қилинган совға тўғрисида комплаэнс хизматига хабар берилиши шарт. Агарда совғанинг қиймати ўрнатилган миқдордан ошган тақдирда, мазкур совға компания мулкига айланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Россия Федерацияси Давлат хизматчилари ва муниципал хизматчиларининг хизмат одоб-ахлоқи ва этикасининг намунавий кодекси асосан, давлат (муниципал) хизматчиси ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан жисмоний ва юридик шахслардан мукофотлар (совғалар, нақд пуллар, ссудалар, моддий хизматлар, ўйин-кулги, дам олиш, транспорт ва бошқалар учун тўловлар) олиши тақиқланади. Расмий маросимлар, хизмат сафарлари ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан давлат (муниципал) хизматчиси олган совғалари федерал мулк, Россия Федерацияси, маҳаллий ҳокимият органи мулки деб тан олинади ва давлат органи ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорига билан давлат (муниципал) хизматчисига берилади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, қонунчилигимизда совғалар билан боғлиқ муносабатларни бевосита тартибга солиш мамлакатимизда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, «ниқобланган» коррупция кўринишларига барҳам беришга, давлат хизматчиларини ҳалоллик, адолатлилик ва қонунийлик тамойилларига асосан фаолият юритишига «кафолат» бўлиб хизмат қилади.
Ш.Аламонова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими