Хусусан, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида чет эллик мутахассислар иштирокида STEM фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган, илмий-техникавий таълим билан ёшларни янада кенгроқ қамраб олиш, улар учун қулай имкониятлар яратишга қаратилган Президент мактаблари очилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари, аниқ фанлар, аэрокосмик ва астрономия фанларини чуқур ўрганадиган иккита давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаси ташкил этилди. Булар — Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб.

2015 йилда Тошкент шаҳрида биринчи хусусий робототехника мактаби — “Robokids education” ташкил этилди. Унда робототехника, асосий дастурлаш ва “Internet of things” йўналишлари бўйича машғулотлар ўтилади. 2017 йилда математика, физика, кимё фанларини чуқур ўрганишга йўналтирилган хусусий таълим муассасаси — Артел глобал мактаби очилди. Шунингдек, Артел техникуми, “Erudite education”, “Эврика” ва бошқа хусусий мактаблар ҳам фаол ишламоқда.

STEM таълим нима?

Асримиз бошларида АҚШ миллий илмий жамғармаси мамлакатда техник мутахассислар тақчиллигини бартараф этишга мўлжалланган янги таълим йўналишини ифодалаш мақсадида STEM (Science, Technology, Engineering, Mathematics) таълим тизимини яратди. Шундан сўнг бу таълим ҳақидаги илк ғоялар академик нашрлар ва оммавий ахборот воситаларида пайдо бўла бошлади. Ўшандан бери бу шаклдаги таълимни ривожлантириш АҚШ давлат сиёсатининг муҳим стратегияларидан бирига айланди. Кейинчалик глобал технологик тараққиёт туфайли бутун дунёга ёйила бошлади.

STEM табиий ва муҳандислик фанларини ягона, ўзаро боғлиқ тизимда бирлаштирган таълим моделидир. У физика, математика, биология каби фанларни муайян ўқув дастури доирасида ўрганиш билан бирга уларни янги тизимда, яхлит бирлаштиришни назарда тутади. Яъни мактаб фанлари ўзаро боғлиқлик нуқтаи назаридан ўқитилади. Олимларнинг таъкидлашича, бундай яхлит ўрганиш муаммоларни фақат битта соҳага таянган ҳолда қисмларга бўлиб эмас, балки янада кенгроқ ва глобал миқёсда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш имконини беради. Ушбу ёндашув STEM таълимнинг асосий жиҳати ва асосий тамойилини — фанлараро уйғунликни белгилайди.

Билимларни амалиётда қўллаш, яъни амалий масалаларни ечиш бу таълимнинг яна бир тамойилидир. Ижодкорлик ва инновация, танқидий фикрлаш, лойиҳалаш ишлари ҳам бу таълимнинг асосий хусусиятларидир. Чунки замонавий жамият ижодий фикрлайдиган, иннова цион қарорлар қабул қила оладиган, мослашувчан, кенг дунёқарашга ва бошқарув кўникмаларига эга мутахассисларга муҳтож.

Нега унга талаб ошяпти?

Бугун талабгорлар Буюк Британия, Швейцария, Германия, Сингапур, Япония ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетларида STEM таълим олиши мумкин. Чунки мазкур мамлакатлардаги кўплаб университетларнинг асосий йўналиши рақамли технологиялар ва инновацияларга асосланган. Улар BigData, сунъий интеллект, технологияни ўрганишдаги ютуқларни ўқув жараёнида қўллаш, соғлиқни сақлаш, банк, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун имкон қадар кўпроқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга интилади. Бугун нафақат технологияни тушунадиган, балки турли соҳалардаги аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун билимини самарали қўллаш кўникмасига эга мутахассислар меҳнат бозорида етакчи ҳисобланади.

Масалан, Жаҳон иқтисодий форумининг статистика маълумотида таъкидланишича, замонавий бизнес учун энг муҳим кўникмалар мураккаб муаммоларни ҳал қилиш, танқидий ва ижодий фикрлашдир. Иш берувчилар талабаларнинг STEM ихтисосликлар бўйича олган кўникмаларини юқори баҳолайди. Бундай мутахассисларга талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бу аниқ фанларга бевосита боғлиқ бўлган технологияларнинг ривожланиш суръати билан изоҳланади. АҚШ миллий илмий жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, келгуси ўн йилликда мавжуд бўладиган иш ўринларининг 80 фоизи абитуриентлардан математик кўникмалар ва технологик билимларга эга бўлишни талаб қилади.

Олимларнинг фаразига кўра, IТ ва Data Science бўйича малака жамиятнинг технологик ривожланиши билан боғлиқ бўлган ҳар бир мутахассис учун зарур. Мисол учун, 2020 йилда Хитойдаги саноат корхоналари рақамли технологиялар туфайли 4 триллион доллардан ортиқ қўшимча даромад олган. “McKinsey” маълумотларига кўра, АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида Data Science усулларини жорий этиш туфайли 450 миллион долларгача ёки бутун саноат бюджетининг 17 фоизи тежалади.

Ўзбекистонда жорий этиш истиқболи қандай?

Биринчи навбатда, мамлакатимиздаги мактаб ўқувчилари учун табақалаштирилган (дифференциал) таълимни кенг жорий этиш, STEM фанларини ўзлаштириш қобилиятига эга болаларни аниқлаш лозим. Ўғил-қизларнинг мойиллиги ва лаёқатини аниқлаш кўп қиррали ва босқичли жараён. Уни бола ҳаётининг дастлабки йилларидаёқ бошлаш керак. Ота-оналар фарзандларини кўпроқ қизиқиш ва қобилиятини намоён этадиган йўналишда ривожлантириш учун интилиши зарур. Шу билан бирга, эрта ёшда болалар бирор билимни ўрганишга жуда мослашувчан бўлишини эсда тутиш даркор. Мактабгача таълим муассасалари ва бошланғич синфлар ҳам тарбияланувчи ва ўқувчиларнинг индивидуал ҳамда типологик хусусиятларига кўра, дифференциал таълимга асосланиши керак.

Инновацион ўқитиш усулларини қўллаш орқали ўғил-қизларнинг ушбу фанларга қизиқиши ва билимини тизимли ва динамик равишда оширишга қодир бўлган STEM фанлари  бўйича  малакали педагог кадрларни тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Техник мутахассисларга эҳтиёжнинг ортиб бориши STEM таълимни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш заруратини келтириб чиқаради. Маълумотларга кўра, масалан, АҚШда STEM ихтисослик бўйича ўқийдиган талабаларга узайтирилган виза тақдим этилади, турли стипендиялар ажратилади. Юқори технологияли компаниялар билан университетнинг ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилади. Шуни ҳисобга олиш керакки, технология жадал ривожланиши билан техник кўникмалар ҳам тез эскиради. Ўзгарувчан саноатга муносиб жавоб бериш ва мослашиш учун мутахассисларни қайта тайёрлаш жараёнини фаоллаштириш керак. Шундай қилиб, мутахассис бутун умр ўрганиши ва касбий тайёргарлик даражасини ошириши лозим бўлади. Бундай ўқитиш узлуксизлигини таъминлашнинг самарали механизми таълим соҳаси мутахассисларини касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш тизимини ташкил этувчи элементлар сифатида кластерлардан фойдаланишни назарда тутади.

Технологиянинг жадал ривожланиши, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тараққий эттиришга инновацион ёндашув биз интилаётган ривожланган давлатнинг технологик жиҳатдан илғор турмуш даражасини таъминлашга қодир, юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун STEM таълимни ривожлантиришни тақозо этмоқда. Мамлакатимизда эса бундай тараққиёт учун зарур бўлган барча ресурслар мавжуд.

Музаффар ЖАЛОЛОВ,

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори