Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати 42–44°С гача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори даражага кўтарилмоқда. Бундай шароитда асфальтбетон қопламаси ҳарорати 70–80°С гача етиб, қопламанинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада оғир юк автомобиллари ҳаракати таъсирида йўл қопламасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонлар юзага келиши мумкин.
Шу муносабат билан, давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ва таъмирланган автомобиль йўлларини асраш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати тўғрисида"ги Қонуни (ЎРҚ–900)нинг 15 ва 23-моддалари ҳамда "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонунининг 16-моддаси талабларига мувофиқ, Термиз шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.
Ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан мазкур чекловларга қатъий риоя қилишлари, юк ташиш вақтларини белгиланган тартиб асосида режалаштиришлари сўралади.
Ушбу чоралар йўл инфратузилмасини асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда автомобил йўлларининг хизмат муддатини узайтиришга хизмат қилади.