Сурхондарё вилояти жанубий минтақада жойлашгани боис, деҳқончилик маҳсулотлари бошқа ҳудудларга нисбатан эрта пишиб етилади. Қиш ойларида илиқ кунларнинг кўп бўлиши миришкор аҳолига бу йил ҳам қўл келди. Ҳали баҳор эшик қоқмасидан Денов туманида республикада биринчилардан бўлиб плёнка остида картошка етиштирилди. Хазарбоғ массиви хўжаликларидаги фермерлар февраль ойининг ўрталаридаёқ ҳосилни қазиб олиб, ички бозорларга олиб чиқмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирларида плёнка остига экилган уруғлик қиш давомида “термос” усулида парваришланди. Бу вилоятда сўнгги йилларда оммалашаётган янгича усуллардан бири. Яъни, ҳудуддаги илиқ ҳаво ҳарорати иситилмайдиган пластик иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш имконини бермоқда.

— “Термос” усулида экин етиштиришнинг асосий афзалликларидан бири, унда иссиқлик ва намлик табиий усулда сақланади, — дейди Денов туманидаги “Орифмирзо улуғ темур муҳри” фермер хўжалиги раҳбари Темурмалик Шодмонов. — Бунда картошка уруғлиги 3,5 метр баландликда ёпилган икки қават плёнка остига экилади. Плёнкаларнинг орасида иссиқликни тутиб қолиши учун озгина жой қолдирилади. Шу боис, у “термос” усули дейилади. Иссиқхона ичида доим плюс ҳарорат сақланиши керак. Агар совуқ ҳарорат даражаси ортиб кетса, картошканинг устига ҳам бир қават плёнка ёпиш мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам иссиқликни таъминлашда электр энергияси, кўмир ва газ талаб этилмайди. Юқори ҳароратда эса иссиқхона четларида қолдирилган кичик дарчаларни очиб, ҳавони шамоллатиб туриш мумкин.

Бундан ташқари, қишда ўсимлик ёз ойларига нисбатан кам сув талаб қилади. Одатда, агатдан суғорилади. Ундан кўтарилган намлик яна қайтиб ўзига тушади. Совуқ мавсумда қумурсқаларнинг уйқуда бўлиши ҳам ҳосилдорликни сифатли сақлашда қўл келади.

Бугунги кунда мазкур фермер хўжалигининг 3,5 гектар ер майдонларида асосан иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, картошкадан ташқари мавсумий маҳсулотлар, хусусан, лимон, булғор қалампири етиштирилади. Картошка аввалига майда-майда массивларга экилган бўлса, бу йил 2 гектар жойга 7 тонна уруғлик қадалди.  

Сурхондарё тажрибасининг афзалликлари

Қаровини топсанг, қор ҳам ёнади, деган нақлни сурхондарёликларга нисбатан қўллаш мумкин. Жорий йилги ҳосилдан кўнгли тўлаётган фермер хўжаликлари ҳар гектардан ўртача 12 тонна картошка қазиб олишни режалаштирган.

Айни мавсумда асосан Голландиянинг “Санте”, “Aризона” сингари эртаки картошка навлари етиштирилди. Гап шундаки, “Санте” нави намликка анчайин чидамли бўлиб, юқори намликда ҳам кўп ҳосил беради. Ҳар бир тупдан 400—800 граммгача ҳосил олиш мумкин.

Албатта, фермерлар бу борада шахсий тажрибалар қилиб кўрган. Пластик иссиқхонага картошканинг бошқа навлари ҳам экилган. Худди “термос” усулининг оммалашиш жараёнлари каби фермерлар нав борасида ҳам ўзаро фикр алмашиб, тажрибаларини ўртоқлашишган. Натижалар эса картошканинг бошқа навлари плёнка остидаги намликка унчалик чиқамли эмаслиги, “Санте”га нисбатан камроқ ҳосил беришини кўрсатди.

Бу сурхондарёликларнинг анча йиллик тажрибалардан олган хулосалари. Ахир, вилоятдаги ер майдонлари ҳамда аҳоли томорқаларида кичик ҳажмли иситилмайдиган иссиқхона ёки очиқ майдонларда “термос” усулида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш кенг қўлланилади. Уларда картошкадан ташқари, оқбош карам, гулкарам, редиска, ширин қалампир, кўкат сабзавотлар, шунингдек, полиз экинлари экилади.

Денов тумани “Тасмисой” маҳалласидаги аҳоли бу борада яхшигина тажрибага эга. Ҳудудда мавжуд 1012 та хонадоннинг қарийб эллик фоизида “термос” усулидаги иссиқхоналар барпо этилган. Шу усулда турли хилдаги гуллар, цитрус мевалар, картошка етиштириш маҳалланинг драйверига айланиб бормоқда. Айниқса, картошка ҳосилидан аҳоли ҳам рўзғорини бутлаб, ҳам қўшимча даромад топяпти.

— Деновдаги картошкачилик ютуқларида, аввало, аграрчиларнинг меҳнати ва билимини алоҳида қайд этиш жоиз, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Aлишер Тўраев. — Улар биринчи навбатда, тўғри нав ва вақтни танлай олган. Қолаверса, агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилган. Эртаки картошканинг илиқ об-ҳаво шароитида плёнка остига экилиши яхши натижа беради. Бу тажриба орқали келгусида юртимизда картошка импортини қисқартириб, бошқа сабзавотларни ҳам эрта муддатларда экиш ва етиштириш мумкин.

Халқимиз картошкани бежиз “иккинчи нонимиз” демайди. Ватани Жанубий Америка бўлган бу сабзавотга дунёнинг кўплаб давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам талаб катта. Ҳатто, асосий кундалик истеъмол маҳсулотларимиздан бири саналади. Шу боис, картошка етиштиришдаги узвийликни таъминлаш, унинг янги, вирусга чидамли навларини яратиш ҳамиша долзарб.

Сурҳондарё тажрибасини ўрганиш орқали эса об-ҳаво ва иқлим шароитлари ўхшаш бошқа баъзи вилоятларда салмоқли ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини одатий муддатидан илгари етиштириш мумкин. Бу  ички бозорларда барқарорликни сақлаш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ҳамда даромадларини оширишга имкон беради.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири