Яъни нимага талаб бўлса, ундан фойдаланиш мезонлари вужудга келади. Шуниси аниқки, тартиб-қоида қай ҳолатда бўлмасин — зарурат. Улар ҳаётимизни изга солиб туради. Масалан, сувдан фойдаланишни олайлик. Мазкур масалада биз ўзига хос тажрибага эгамиз. Чунки сувни ифлос ва исроф қилмасликни, аввало, оилада ўрганамиз. Сув масаласида ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш лозимлигини бобо-буви, ота-онамиздан жуда кўп эшитганмиз ва шунга амал қилишга интиламиз.
Сув тенги йўқ ва бебаҳо неъмат. Тириклик манбаи. Турмушимиз, соғлиғимиз, фаолиятимиз у билан боғлиқ. Сувнинг муқобили ҳам йўқ, уни ҳеч нима билан алмашиб бўлмайди. Санаб ўтилган ушбу омиллар, қолаверса, ҳозирги кунда дунёда кузатилаётган қурғоқчилик, чўлланиш, иқлим ўзгариши каби ҳолатлар сув қадрини ҳар қачонгидан оширмоқда.
Бу хусусда куни кеча Президентимизнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида ҳам алоҳида қайд этилди.
Чиндан ҳам бугун сувни асраб-авайлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланмоқда. Бу масала биз учун ўта долзарб аҳамият касб этади. Нега?
Биринчидан, Ўзбекистон географик жиҳатдан дунёнинг сув тақчил бўлган ҳудудларидан бири — Марказий Осиёда жойлашган. Қолаверса, минтақа, шу жумладан, юртимиз иқтисодиёти, аҳолиси йил сайин ўсиб бормоқда. Охирги маълумотларга қараганда, Марказий Осиё аҳолиси 2050 йилгача 100 миллиондан ошади. Энг катта кўпайиш, табиийки, Ўзбекистонда бўлади. Юртимиз аҳолиси тахминан 50 миллион кишига етади. Булар, ўз навбатида, сувга эҳтиёжни ҳам оширади.
Энди савол: еримиз қурғоқчил, сувимиз тақчил ва ҳолат тобора ёмонлашиши мумкин экан, нима қилмоқ керак? Ҳозирги тушунчамиз, амалий ишларимиз билан ҳолатни қанчалик юмшата оламиз?!
Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Ёзилган ва ёзилмаган қоидалар асосида давом этаверади. Лекин бугун англаб етяпмизки, сувга энди аввалгидек муносабатда бўла олмаймиз. Айни пайтда атрофимизда кўриб, билиб турган ҳолат, иш тутумимиз бунга йўл қўймайди.
Кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган “сув — текин” тушунчаси ўзгариши шарт. Бошқа илож йўқ. Тўғри, бугун жўмраклар орқали хонадонимизгача сув кириб келмоқда. Ариқларимиз ҳам сувсиз қолаётгани йўқ. Лекин бу уни истаганча сарфлаш керак дегани эмас. Аксинча, унга ҳар қачонгидан эътиборли бўлиш тақозо этиляпти.
Тизимлашган ҳуқуқий асос
Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш, ундан фойдаланиш, сарфлаш ва тежашга дахлдор кўплаб ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ижроси бўйича қилинаётган ишлар ҳам кам эмас. Жумладан, ўтган йили “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиндики, бунга алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Чунки мазкур қонун мамлакатимизда бу борада қилинаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида ҳам, мавжуд ҳужжатларни бир тизимга жамлагани билан ҳам аҳамиятли.
Сув кодекси 2025 йилнинг 31 октябридан кучга кирди.
Айтдик, иқлим ўзгаряпти, сувга талаб ортяпти. Манба кам, эҳтиёж эса кўп. Бундай шароитда бу каби ҳужжат ўта зарур. Бинобарин, унда иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, инфратузилма ҳамда суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш борасида тизимли масалалар қамраб олинди.
Мутахассислар фикрича, бу билан, аввало, сув муносабатлари йўналишида мамлакатимиздаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди. Яъни “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг 8 та фармони, 14 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 26 та қарори нормалари бирлаштирилди. Янги кодекс сув, сув объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ер усти ва ер ости сув объектлари, юртимизда жойлашган ва ҳудудимизни кесиб ўтадиган трансчегаравий объектлар белгилаб берилди. Сув объектларидан якка ёки биргаликда фойдаланиш мумкин. Кодекснинг асосий ғояси сувнинг умуммиллий бойлик сифатида эътироф этилиб, у давлат томонидан муҳофаза қилинишида намоён бўлади.
Кодексда сув ресурсларини бошқаришда махсус ваколатли органлар аниқ кўрсатилди. Сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилди.
Қисқа қилиб айтганда, ушбу кодекс сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади. Давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилиниб, сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчилар масъулиятини оширади. Шу билан бирга, у мамлакатимизнинг сув хавфсизлигига эришиши учун хизмат қилади. Сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Бунда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилади. Халқаро сув ҳуқуқи нормаларини миллий сув қонунчилигига сингдириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашга хизмат қилади.
Аниқликка таянган тежамкорлик
Кейинги пайтларда сув тежовчи технологиялар ҳақида тинмай гапиряпмиз. Мақола ёзяпмиз, кўрсатув тайёрлаяпмиз. Хуллас, қандай тарғибот воситалари бўлса, барчасидан фойдаланяпмиз. Жараён бундан кейин кенгайса кенгаядики, асло тўхтамайди. Мақсад битта — сувни тежаш, тамом, бошқа гап бўлиши мумкин эмас. Чунки бу бугунги кун талаби. Бугун шундай қилмасак, эртага ўзимиз жабр кўрамиз. Бу — ҳаётий тақозо. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни аввалгидек узлуксиз оқизиб қўя олмаймиз, беҳуда сарфлаш катта хато.
Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига бир неча миллиард доллар даромад бой бериляпти. Шу боис, кейинги йилларда ушбу масалага эътибор янада жиддийлашди. Амалий ишлар тезлашди. Масала давлатимиз раҳбари эътиборида. Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил “Сув хўжалигида каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”, 2025 йил “Сув хўжалигида насослар самарадорлигини ошириш йили” сифатида эълон қилинишини бежиз эмас.
Яқин-яқингача томчилатиб суғориш технологияси Ўзбекистон шароитига тўғри келмайди, бизнинг иссиқ иқлимга ариқлардан анъанавий усулда суғориш мос деган нотўғри қараш бор эди. Бу тушунчанинг нотўғрилигини 4,3 миллион гектар суғориладиган майдоннинг қарийб 60 фоизи охирги беш-олти йил ичида сув тежовчи технологиялар билан қамраб олингани яққол исботлайди.
Хўш, бунга ниманинг эвазига эришилди? Албатта, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, субсидиялар ва рағбат ҳисобига. 2018 йилдан буён сув тежовчи технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимизнинг 7 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бу ҳужжатлар билан субсидиялар ажратиш йилдан йилга такомиллаштирилди.
Бундан ташқари, илгари сув тежамкор суғориш технологиялари ускуна ва бутловчи қисмлари хориждан келтириларди. 2019 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни, ускуна ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи бор-йўғи учта корхона бор эди. Ҳозир эса улар сони 60 дан ошди. Ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархи гектар ҳисобига 20 фоиз арзонлашди. Жойларда шу йўналишдаги сервис хизмати ва савдо шохобчалари пайдо бўлди.
Президентимиз ўтган йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида маҳаллий фермернинг насос агрегатини қуёш панеллари орқали ишлатиш тажрибасини юқори баҳолаган эди. Шундан сўнг республикамиз бўйича фермер хўжаликлари ҳисобидаги 7500 та насос агрегатига ушбу тажрибани жорий этиш вазифаси белгиланди. Тажрибанинг муҳимлиги шундаки, сув тежовчи технологиядан фойдаланилмаган пайтда қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий тармоққа узатилади. Яъни давлатга сотилади. Шу тариқа фермерлар қўшимча даромадга эга бўлади.
“Хоразм тажрибаси” асосида 9559 та субъектнинг насос агрегатларига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича ҳудудлар кесимида дастур ишлаб чиқилган. Бунинг учун зарур маблағ тижорат банки томонидан кредит тарзида ажратилади.
Умуман олганда, юртимизда 2023-2025 йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, каналларни бетонлаш ҳамда соҳада рақамли ва ресурс тежамкор технологиялар жорий этиш ҳисобига 25 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани диққатга сазовор. Насос станцияларига тежамкор технологиялар ўрнатилиши ҳисобига эса 2024 йилда 300 миллион кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинди. Сув хўжалиги тизими олдида 2030 йилгача суғориладиган экин майдонларини тежамкор технологиялар билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси турганини инобатга олсак, ҳали бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кераклиги англашилади.
Тежамкорлик аниқликка таянади. Яъни қачон ҳисоб-китоб аниқ, режа пухта бўлса, самарадорлик шунча юқори бўлади. Шу маънода, жорий йилдан эътиборан далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллаётган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилгани, аксинча ҳолатларда эса оширилиши белгилангани бу борада қўл келади.
Кескин ўзгариш қилиш учун рақамлаштириш шарт
Дарҳақиқат, энди ишга янгича ёндашилмаса, кўп нарсани бой беришимиз мумкин. Айниқса, сув масаласида. Нега деганда, энди ариқларимизда сув бекорга оқиб ётгани йўқ. Фойдаланишда меъёр мавжуд. Шундай экан, сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан бир йўли — рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик, аниқлик таъминланади, исрофгарчиликнинг олди олинади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида айни шу мақсадлар белгилаб олинган. Шундан келиб чиқиб, 2020-2025 йилларда 13 минг 254 та сув омбори ва ирригация тизимининг сув ўлчаш постларида онлайн режимда сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 10 минг 453 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлар кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилиш, 1749 та насос станциясида сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 100 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Вазиятлар маркази ташкил этилди. “Uzinfocom” корхонаси билан ҳамкорликда соҳада мавжуд барча ахборот тизимлари маълумотларини йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишлаб чиқилди. Туманларда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилди.
Республикамизда сув ресурсларининг ўртача 90 фоизи қишлоқ хўжалигида, 4,5 фоизи коммунал-маиший хўжалик соҳасида, 4,3 фоизи саноат ва энергетикада, 1,2 фоизи балиқчиликда ишлатилади.
Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоиз қисқарган. Тахминларга кўра, ҳарорат 20 даражага ортганда музликлар ҳажми 50 фоиз, 40 даража исиганда эса 78 фоиз камаяди. Ҳисоб-китоблар 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоиз, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайишини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 миллиард куб метрдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб, 7 миллиард куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.
Мана шу рақамлардан ҳам сув биз учун қанчалик эъзозли экани кўринади. Уни нечоғлиқ қадрласак, шунча яхши. Бу бўйича ишлар қилиняпти, амалиёт бор, натижа ҳам йўқ эмас. Лекин сув бизга ҳар куни ва ҳар қачон керак экан, ҳаракат ҳам тўхтамаслиги шарт.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири