«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги 10 та корхонада, яъни 4 тасида янги қурилиш ва 6 тасида қайта қурилиш ишлари олиб бориляпти.

Бу борада «Ўзбекнефтгаз» АЖда оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, қайта қуриш ва янги замонавий иншоотларни барпо этиш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти.

Натижада Шўртан газ кимё мажмуасининг ташқи оқова сувларни тозалаш иншооти модернизация қилинди ва самарадорлиги кунига 360 метр кубдан 1 000 метр кубгача оширилди.

Амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 12,1 миллиард сўмни ташкил этиб, лойиҳалаш ишлари «UNITED PROJECT» МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа доирасида оқова сувларни тозалаш иншоотининг металлоконструкция ишлари тўлиқ модернизация қилинди ва ўрнига қуввати кунига 1 000 куб метр бўлган янги темир бетонли ҳовузлар тўплами барпо этилди.

Шунингдек, модернизация ишлари мобайнида «Uzbekneftegaz GTL» заводининг ишчилар шаҳарчасида ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни қабул қилиш учун насос хўжалиги барпо этилиб, маиший оқова сувларни тозалашга мўлжалланган қум ушлагич, оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган аэратор қурилмаси, оқова сувларни ҳайдашга мўлжалланган насослар, тозаланган маиший оқова сувларни ультрабинафша нурлари билан зарарсизлантиришга мўлжалланган УФО қурилмаси ҳамда техник ҳаво билан таъминлашга мўлжалланган компрессорлар ўрнатилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур иншоот Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда «Uzbekneftegaz GTL» заводларининг ишчилар шаҳарчасида ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни тозалаш учун хизмат қилади, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ маълумотига таяниб.