Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида ҳам бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, яқинда туманнинг Амир Темур номли овули аҳолисига тоза ичимлик сув етказиб бериш мақсадида ер остидан тортиб олинган сувни чучуклантирувчи ускуналар ўрнатилган “Экос” станцияси ишга туширилди. Ушбу қурилма орқали эндиликда овулдаги 242 хонадонга чучуклаштирилган сув етказиб берилмоқда.
— Туманимизнинг Туркманистон билан чегарадош ҳудудидаги ушбу овул оқар сув йўлларининг охирида жойлашган, — дейди Амударё тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбаев. — Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш учун ўтган йили 5 миллиард 300 миллион сўм қийматга эга сув тозалаш қурилмаси ва махсус иншоот бунёд этишга киришилган эди. Ҳозирда у фойдаланишга топширилди. Ушбу сув тозалаш қурилмаси ёрдами ер ости сувлари 35 метр чуқурликдан тўртта қувур орқали тортиб олиниб, кераксиз туз ва минераллардан тозаланган ҳолда истеъмол учун етказиб берилмоқда. Бундай станция туманимизнинг Оқ олтин овулида ҳам қурилиб, юзлаб хонадонга хизмат кўрсатаяпти.
Бугун фан-техника қанчалик ривожланмасин, чучук сув масаласига жиддий муаммо сифатида эътибор қаратилмоқда. Ер куррасидаги сув миқдори 1,4 миллиард куб километрга тенг бўлиб, шундан 98 фоизи денгиз ва океанларнинг шўр сувларига тўғри келади. Сув танқислиги натижасида кўп минтақаларда одамлар юқори минераллашган сув истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бундан Марказий Осиё минтақаси ҳам мустасно эмас. Минераллашган сувларни узоқ вақт истеъмол қилиш эса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Кейинги йилларда Оролбўйи ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида буйрак, қовуқ ва ўт қопи касалликлари кўпайиб кетаётгани боиси ҳам шунда. Олимларнинг фикрича, келажакда чучук сув миқдори бундан ҳам камайиб кетади. Шу боис, асосий сув манбаи ҳисобланган шўр сувларни чучук сувга айлантириб, аҳоли талабини қондириш муаммоси кўндаланг турибди. Сувни чучуклаштиришда асосан электролиз, дистилляция, музлатиш ва юқори фильтрлаш усулларидан фойдаланилади.
Камчиликлар бартараф қилинмоқда
Бугунги кунда сувни тежаш ҳам энг долзарб масала ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинмоқда.
Қорақалпоғистон ҳамда Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаларига қарашли насос станцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича қиймати 93,4 миллиард сўмлик жами 27 та лойиҳа битими имзоланган. Шундан 26 та лойиҳа юзасидан 2022 йилдан шу кунгача 959,7 миллион сўм инвестиция маблағлари киритилган. 17 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар томонидан инвестиция маблағлари киритилмаган.
— Жорий йилда мазкур йўналишда 25 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган эди,— дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакиллантириш ва жорий этиш сектори катта муҳандиси Турдибай Қарлибаев. — Ушбу лойиҳалар бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, хусусий шериклар тамонидан имзоланган. Лекин насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида олган шериклар зиммасидаги мажбуриятларни бажариш бўйича масъулиятни тўла ҳис қилмаяпти. Тўғри, улар орасида самарали фаолият юритаётганлари ҳам бор. Масалан, “Тўққиз том” насос станциясини “Мидасиатех cлустер” МЧЖ 2021 йил август ойида хусусий шериклик асосида олган эди. Бугунги кунгача мазкур хусусий шерик лойиҳа шартларига кўра, насос станциясига 200 миллион сўмлик инвестиция киритди. Станцияга янги ПГ-50 насос агрегатини ўрнатиб, ўзларига қарашли экин майдонлари ва аҳоли томорқаларининг жами 394 гектар ерни сув билан таъминлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Маълумот учун айтиш жоизки, Қорақалпоғистондаги 4 та насос станциясини муқобил энергия билан таъминлаш ва модернизация қилиш бўйича “Metito Utilities Limited” (Буюк Британия) ва “Alcazar energy” (БАА) компанияси қизиқиш билдирган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш юзасидан объектлар ўрганилмоқда.
“Нукус” коллекторини қуриш лойиҳаси танқид қилинди
Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузулмасини ривожлантириш дастурига киритилган ирригация- мелиорация объектларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ишларни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги объектларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Нукус туманидаги “Нукус” коллекторини қуриш (3-босқич) лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилганида, белгиланган ишлар режадан орқада қолаётгани танқид қилинди. Мазкур объект 2019 йилдан “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасаси буюртмаси асосида “Нукус” коллекторини қуриш лойиҳаси “Амубухороканалқурилиш” корхонаси томонидан амалга оширилаётган бўлиб, умумий қиймати 24 миллиард 681,777 миллион сўмни ташкил қилади.
Лойиҳа натижасида Нукус туманидаги 3 минг 600 гектар экин майдони ҳамда Нукус шаҳар ер ости сизот сувларини олиб чиқиб кетиши ҳисобига шу ҳудудлардаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарорлаштириш назарда тутилган. Коллекторнинг лойиҳавий сув ўтказиш қуввати 1,2 метр куб-соатни ташкил қилади. Қурилиш бошидан, яъни 2018 йилдан 2023 йил 1 январигача 6,4 километр узунликда 21 миллиард 629,9 миллион сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштириб, шундан 22 миллиард 135,6 миллион сўм қийматда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.
2023 йил манзилли рўйхат асосида 12 миллиард 809,4 миллион сўм лимит ажратилиб, 2023 йил 18 январдаги қўшимча келишув шартномаси орқали жорий йилга 13 миллиард 345,4 миллион сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.
Маълум бўлишича, қурилиш корхонаси томонидан жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, режа бўйича 7 миллиард 498,4 миллион сўмлик реконструкция ишлари режалаштирилганига қарамай, амалда бор-йўғи 1 миллиард 259,7 миллион сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилган.
Объектда режа кўрсаткичлари бажарилишида йўл қўйилган камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича бир йиллик режа жадвал ишлаб чиқиш, унда белгиланган вазифалар ижросига масъул бўлган штаб ташкил қилган ҳолда доимий назорат қилиб бориш белгиланди.
Сув таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар
Жаҳон банки иштирокидаги “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси 2015 йилда бошланган эди. Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида сув таъминотини яхшилашга қаратилган мазкур лойиҳа жорий йилда якунига етказилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар туфайли Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида сув таъминоти яхшиланиш баробарида, ҳудуд аҳолиси фаровонлигига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 374,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 214,9 миллион доллари Жаҳон банки кредити, қолган қисми эса давлат улушидир.
Лойиҳа бўйича 833 километр узунликдаги магистрал ва хўжаликлараро каналлар ҳамда 2000 дона гидротехника иншоотлари қайта тикланади, 16 минг гектар суғориладиган майдонлар лазер ёрдамида текисланиб, чуқур юмшатилади. Шунингдек, 33,4 километр узунликда янги канал ҳамда 38,7 километр узунликдаги каналлар бетон қоплама қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ҳамда жорий йил ҳудудларда сув танқислигининг олдини олиш мақсадида “Суенли” ирригация тизими бошқармаси балансидаги каналлар тозаланмоқда. Хусусан, “Суенли” магистрал каналинининг 0,5 километр қисми, Қонликўл ва Шуманай туманларига тегишли ҳудудларни сув билан таъминловчи “Киндик ўзак” каналининг 6 километр ҳамда Қўнғирот ва Мўйноқ туманларини сув билан таъминловчи “Таллиқ” каналининг 10 километр қисмида қазиш ишларини амалга ошириш учун ушбу объектлар тегишли тартибда тендер савдоларига қўйилди.
Пировардида, бу ишлар Қонликўл, Шуманай, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларининг 12 минг 800 гектардан ортиқ экин майдонларида сув таъминоти яхшиланишига хизмат қилади.
— 2021 йил давомида бошқармамизга қарашли каналлар ва гидроиншоотларда 18 дона, ўтган йили 17 дона “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган бўлса, жорий йилда эса 11 дона шундай ускуна жойларга қўйиляпти, — дейди “Суенли” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Алишер Ибраимов. — Эътиборлиси, жорий йил ушбу технологияларни қуриш харажатлари тўлиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириляпти.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясида 2030 йилгача барча ирригация объектларига “Ақлли сув” сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш назарда тутилганки, бу ҳам мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилади.
Юртимизда сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга сўзда эмас, амалда ҳам эътибор берилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири