Қиргули қир-адирлари билан туташиб кетган Бешолиш даҳаси қурувчи ёшлар билан гавжум. Бир ёнда қурувчилар бетон қоришяпти, ғишт теряпти, бошқа тарафда йўлсозлар асфальт ётқизишга ҳозирлик кўряпти, инфратузилма объектларида эса, машина-механизмларнинг ҳаракати бир зум тиним билмайди.

Фурсатдан фойдаланиб, қурувчи ёшлар бригадаси сардори Аббосжон Тожибоевни суҳбатга чорладик.

—  Навбаҳор қишлоғидан бўламиз. Иш излаб ўзга юртларга борар эдик. Уйимиздан олис бўлмаган жойда бунёдкорликлар бошланганини эшитиб келдик.  Шу кунга қадар кичик ёшлар зонаси ҳудудининг атрофига девор тикладик. Энди ишлаб чиқариш иншоотлари қуришга киришдик. Ишларни тез ва сифатли амалга ошириш учун шароитлар етарли. Ойликларимизни ўз вақтида оляпмиз, иссиқ овқат, келиб-кетиш учун транспорт бор.

Бу майдонларда асрлар давомида  йўл, сув, электр, табиий газ таъминоти оғир муаммолардан бири бўлиб кел­ган. Бугун ушбу маскан  манзараси шиддат билан ўзгариб бормоқда. Чунки, Тошлоқ туманининг мазкур ҳудудида умумий майдони 17 гектарни ташкил этган “Келажак” ёшлар кичик саноат зонасининг бинолари қад ростлаяпти. Бу ерда тадбиркорларга 10 сотихдан – 50 сотихгача ер майдони ажратилган. Қиймати 45 миллиард 893 миллион сўм бўлган лойиҳалар доирасида қурилиш, мебель, калава ип, пластмасса маҳсулотлари, озиқ-овқат, мевани қайта ишлаш сингари ўнлаб корхоналар ишга тушади,  634 та янги иш ўрни яратилади.

Ёнимизга “Нексия” автомобили келиб тўхтади. Ўзини Бекзод Қодиров деб таништирган ёш тадбиркор билан кечган суҳбатимиз мароқли бўлди.

Автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланиб келган тадбиркор мустақил ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Унинг таклифи туман мутасаддилари томонидан  қўллаб-қувватланди, кичик саноат  зонасидан 10 сотих ер майдони ажратиб берилди.

— Илгари бир қарич ер олиш мушкул эди. Бўлар экан-ку, — дейди “Беҳрузбек Осиё тараққиёти” оилавий корхонаси раҳбари. — Бу ерда умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган лойиҳани амалга оширяпмиз. Янги тармоқни  шу йилнинг 4-чорагида ишга туширамиз, кунига 5 тоннадан ортиқ пайвандлаш учун электродлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўламиз.

Тошлоқлик Муҳаммаджон Махмудов уй шароитида инкубатор ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Тор жойда унинг фаолиятини ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконияти  йўқ эди. Тадбиркор ўз оилавий бизнесини кенгайтириш юзасидан таклиф билдирди. Унга ёшлар кичик зонасидан 10 сотих ер ажратиб берилди.

—  Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард сўм бўлган сармоя киртиб, 25 нафар “Ёшлар дафтари”да  бўлган  ишсиз йигит-қизларни иш билан таъминладик,— дейди тадбиркор. —  Корхонамизда 10 минг дона тухумдан жўжа олиш имкониятини берувчи арзон ва қулай инкубаториялар ишлаб чиқарилади. Бу ишни йўлга қўйиш учун Хитойдаги турдош корхоналарда иш ўрганиб келдим. Маҳаллий хомашёлардан тайёрланаётган 7 турдаги маҳсулотимиз  кам электр энергия сарф қилган ҳолда, соғлом жўжа олишда қўл келади

Кичик саноат зонасида инфратузилма тармоқлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилётгани лойиҳаларни  ўз вақтида амалга ошириш, янги маҳсулот ва иш ўринлари яратишда қўл келади.

— Ҳар куни  қурувчи ва лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқот қилиб, муаммоларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Тошлоқ тумани инвестиция ва ташқи савдо бўлими  бошлиғи ўринбосари Илхомжон Абдулазизов. — Шу кунга қадар 2 километрдан ортиқ юқори кучланишли электр узатмалари тортилди, янги подстанция ўрнатилди. Йўл, табиий газ, сув тармоқларини қуриш ишлари якунланиб боряпти.

Кеча эълон қилинган Президентимизнинг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифа ва имтиёзлар  ёшларимизга руҳий қанот, молиявий таянч бўлади. Унга кўра, янги ташкил этилган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 миллион АҚШ доллари ажратиляпти. Бу маблағлар айнан бизнинг зонамизда устувор бўлган замонавий ишлаб чиқаришларни барпо этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўлланиши кўрсатиб қўйилган. Қарорда тижорат банкларига бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун ресурслар жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида, миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2 фоиз ставкалари билан тақдим этилиши қайд этилган. Миллий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 4 фоиздан оширмасдан йиллик 14 фоиз, хорижий валютадаги кредитларни – ўз маржаси миқдорини 1 фоиздан оширмасдан йиллик фоиз ставкасини 3 фоиз миқдорида белгилаган ҳолда ажратилиши тадбиркор ёшларнинг тезда оёққа туриб олиши ва экспортни кўзлаб иш тутишига имконият яратади.

— Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш кундалик фаолиятимизнинг асосий йўналишига айланади, —дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Кичик саноат зоналарни бошқариш  бўйича ягона дирекцияси раҳбари Ваҳобжон Ҳошимов. — Чунки, мазкур ҳужжатда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликни изчил ривожлантириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш йўллари аниқ кўрсатиб берилган. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилиши кўзда тутилмоқда. Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 миллиард сўмгача бўлиши мумкин. Бу, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга иш ўринлари яратишда жуда асқотади.

Белгиланган дастурларга кўра, жорий  йилнинг  2-чорак якуни билан вилоят ҳудудидаги  18 та “Ёшлар кичик саноат зонаси”да жами 1 миллиард 649 миллион сўмлик 74 та лойиҳа ишга туширилади.   1649 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

                                                                                          Расулжон КАМОЛОВ,

                                                                                                            журналист