Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 84-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 2000 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари мавжуд. Лекин уларни қўллаш билан боғлиқ қийинчилик ҳам йўқ эмас.  Шу боис, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш кўзда тутилмоқда. Уларнинг 11 та қонун ҳамда 11 та қонун ости ҳужжатлардир. Кодекснинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг эркин тадбиркорлик қилиши, ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси “Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган ваколат доирасида ўрганиб чиқилиб, тегишли таклифлар лойиҳа муаллифларига тақдим қилинган.  Тадбирда иштирокчилар ушбу лойиҳани яна бир бор кўриб чиқиш, унинг ҳар бир моддаси бўйича ўз таклифларини ҳамда эътирозларини билдириш ва муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.