Бу ҳозирги кунда республикамизда ягона қурилма бўлиб, материалшунослик, асбобсозлик, археология, криминалистика ва яна кўп соҳаларда бошқа усуллар билан умуман олиб бўлмайдиган натижаларга эришиш имкониятини беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда иқтисодиётнинг барча соҳалари тараққиётида илм-фаннинг ўрни, аҳамияти ғоят катта экани, бу борада давлат биринчи галда Фанлар академияси ва олимларга суянишини, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бугун ниҳоятда долзарб эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан ривожига катта эътибор қаратилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 февралда қабул қилинган “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш, ЎзФАнинг нуфузини юксалтириш ва фаолиятини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни бошқариш ва тартибга солишнинг ягона тизимини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ўрнини ошириш борасида муҳим қадам бўлди. Бунинг натижасида Фанлар академияси тизимидаги институтлар фаолияти янгича асосда ташкил этилмоқда. Асосий эътибор илмий изланишларнинг натижадорлигига қаратилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг ташкил этилганига 60 йилдан ошди. Унда, асосан, ядро физикаси ва ядровий технологиялар соҳасида илмий-тадқиқотлар қилинади. Бугунги кунда дунё миқёсида атом ядроси ва элементар зарралар физикаси, ядро тузилиши назариясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, амалий радиокимё, радиоизотоплар ва улар асосида радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун радиацион прибор ва ускуналар тайёрлаш, опто ва микроэлектроника учун янги материаллар олиш тобора ривожланмоқда. Институт директори, техника фанлари доктори Илҳом Содиқов билан муассасанинг бугунги илмий салоҳияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар хусусида суҳбатлашдик.
— Институтимизнинг ўз тарихи, қолаверса, илм-фан соҳасида эришилаётган ютуқларда ўрни ва салоҳияти бор, — деди Илҳом Содиқов. — Олимларимиз ўтган асрнинг 80-йилларида космик кемаларнинг иллюминаторлари учун коинотдаги юқори радиоактив нурланишларга чидамли материал ихтиро қилиш бўйича кенг кўламли илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб боришган. Бунинг натижасида рангсиз (шишасифат) топаз тошлар нейтронлар оқимида нурлатилганда, чиройли кўк рангга кириши аниқланган. Топаз жуда мустаҳкам ва чиройли ярим қимматбаҳо тош бўлиб, ранглиси, асосан, заргарлик буюмлари тайёрлашда ишлатилади. Табиий топазнинг атиги 3-5 фоизи рангли, қолгани рангсиз бўлади. Ер қаърида табиий радиоактивлик таъсирида юз минглаб йиллар мобайнида ҳосил бўладиган рангни биз ядро реактори ёрдамида бир неча соатда ҳосил қилиш имконига эга бўлдик. Рангсиз топаз фақат техник мақсадларда ишлатилади, ранглисининг нархи рангсизига нисбатан бир неча ўн марта қимматроқ туради. 2000 йилларнинг бошида олимларимизнинг тадқиқот натижалари асосида табиий топаз тошларга радиациявий ранг бериш технологияси ишлаб чиқилди. 2005 йилдан бошлаб институт ҳар йили 1 тоннадан ортиқ тошга ранг киритиш бўйича чет эл шартномасини бажаради, бу эса институт учун йилига 300 минг АҚШ долларига яқин даромад келтиради.
70-йилларнинг ўрталарида институтимизда собиқ иттифоқда ягона бўлган тоза ва ўта тоза моддаларнинг анализи лабораторияси ташкил қилинди. Бу лабораторияда замонавий техниканинг турли соҳаларида қўлланиладиган ўта тоза моддалар таркибидаги миллиарддан, триллиондан бир улушдаги микроаралашма элементларни аниқлаш имконини берадиган ўта юқори сезгирликдаги анализ усуллари ишлаб чиқилди. Замонавий электрониканинг асосини ташкил қиладиган микросхемалар тайёрланадиган ўта тоза кремний таркибидаги аралашмалар миқдори 10-8 фоиздан 10-12 фоизгача ва ундан ҳам кам бўлиши керак. Ўта юқори сезгирликдаги анализ усулларидан фойдаланмай туриб бундай моддаларни олиб бўлмайди. Тасаввур қилинг, 100 миллион тонналик қум тоғи ичидаги 1 грамм олтин заррачасини аниқлаш керак. Ҳозирги кунда фақат ядрофизикавий усуллардагина бундай юқори сезгирликда аниқлаш мумкин.
XXI аср илм-фан соҳасида нанозаррачалар хоссаларини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар билан кириб келди. Аср бошида аниқ фанларнинг деярли барчасида нанозаррачалар билан боғлиқ ишлар режалаштирила бошланди. Бизнинг институтимизда ҳам бу соҳада турли тадқиқотлар ўтказилди. Ана шу тадқиқотлардан бирининг маҳсули сифатида кумуш нанозаррачалари тутган сувли ва органик эритма олувчи ва ишлаб чиқарувчи қурилма яратилди. Кумуш дезинфекцияловчи хусусиятга эга. Шу сабабли сув айнимаслиги учун азалдан унга кумуш танга солиб қўйилган. Кумушнинг бу хусусияти, асосан, унинг ион эмас, атом ҳолатида намоён бўлади. Шунинг учун уни эритиш эмас, балки майда заррачалар ҳолида эритмага сочиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай эритмалар бактерицид совунлар ва бошқа косметик воситалар, бактерицид бўёқлар бактерицид юз ниқоблари турли қопламалар ва ичимлик сув олишда қўлланилади. Ҳозирги кунда институтда кўплаб ҳажмда шундай эритмалар ва буюртма асосида нанозаррали кумуш эритма олувчи қурилмалар ишлаб чиқарилмоқда.
Шу ўринда олимларимизнинг яна бир тадқиқотига тўхталсак. Бу — нейтрон томографияси усули. Шу йилнинг май ойида институтимизда янги, нейтрон томографияси қурилмаси синовдан ўтказилди ва ишга туширилди. Бу усул исталган материалдан тайёрланган, исталган шаклдаги буюмни 3 ўлчамда тавсифлаши мумкин. Фараз қилинг, археологлар ер остидан бир оғзи берк хум топиб олишди. Бу қандай материалдан тайёрланган, унинг ичида нима бор, оғзи очилса нима бўлади — ҳеч ким билмайди. Буни нейтрон томографияси ва институтда мавжуд рентген дифракцияси ва рентген флуоресценцияси усулларида очмай, намуна олмай, бузмай туриб қандай материалдан тайёрлангани, қалинлиги қанча, қаерида қандай ёриқ ёки синиш хавфи бор, ичида нима борлигини аниқлаб, шакли ва ўлчамларини ўлчаб, 3 ўлчамли суратини олиш мумкин. Ёки, масалан, бирор қалин пўлат лист букилиб ундан детал ясалди, шу букилиш натижасида унинг ички структурасида кўз билан кўриб бўлмас қандай ўзгариш (деформация) юзага келади ва бу ўзгариш ушбу деталнинг мустаҳкамлигига қандай таъсир кўрсатади, деган саволга олдиндан жавоб топиш мумкин. Бу ҳозирги кунда республикамизда ягона қурилма бўлиб, материалшунослик, асбобсозлик, археология, криминалистика ва яна кўп соҳаларда бошқа усуллар билан умуман олиб бўлмайдиган натижаларга эришиш имкониятини беради.
Бу тадқиқот ва натижалар, албатта, институтимизда бажарилган ишлардан бир мисқол, холос.
— Амалий радиокимё, радиоизотоплар ва улар асосида радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун радиацион прибор ва ускуналар тайёрлаш бўйича яратилган амалий ядротехнологиялар хусусида тўхталсангиз.
— Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти активациявий таҳлил ва радиокимё бўйича бош ташкилот саналарди. Шундан бўлса керак, 1976 йили институтимизда радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқарувчи “Радиопрепарат” корхонаси ташкил этилган. Бу корхона томонидан 1978 йилдаёқ иттифоқда биринчи технеций генератори ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳам қилина бошланди. Ҳозирги кунда институт 50 дан ортиқ радиофармацевтик препарат ишлаб чиқариб, республикамиздаги талаб ва эҳтиёжни тўлиқ қондиради. Дунёнинг ўндан ортиқ давлатига ҳар йили ўртача 3 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилади.
Институтнинг 4 та асосий тадқиқот йўналишидан бири илмий асбобсозлик ҳисобланади. Бу соҳада кўплаб тадқиқотлар ўтказиб келинган ва буларнинг натижасида 1979 йили “Радиацион техниканинг махсус конструкторлик бюроси” номли шўъба корхона тузилди. Ҳозирги кунда у “Тажриба заводига эга конструкторлик бюроси” деб номланади. Институтда ишлаб чиқарилган радиацион сатҳ ўлчагичлар ҳозирги кунда Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб турибди. Республикамизнинг қирққа яқин чегара постида институтимиз ходимлари томонидан ўрнатилган радиоактив ва ядровий материалларни аниқловчи портал мониторлар фаолият кўрсатмоқда. Бу мамлакатимиз ҳудудига ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали ва ҳатто пиёда олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган радиоактив моддалар ва ядровий материалларни аниқлаш ва уларнинг трафики олдини олиш имконини беради.
Яна бир тадқиқот натижаси — сув тозалаш ускуналари. Ҳозирги кунда институтда минутига 3 литр сувни тозаловчи фильтрлардан тортиб соатига 25 м3 сувни тозалаб берувчи ярим саноат ускуналаригача ишлаб чиқарилмоқда. Аҳоли ва корхоналарда талабгир бу ускуналар ҳар қандай табиий сув ҳавзаларидаги сувни тузсизлантириб, юмшатиб, бактерия ва вируслардан зарарсизлантириб, тоза ичимлик сув даражасига келтиради. Бу ускуналар институтнинг тажриба заводида ишлаб чиқарилиб, ҳатто электр токи йўқ узоқ ҳудудларда яшовчи аҳоли учун буюртма асосида қуёш батареялари билан жиҳозланган автоном ишловчи қурилма сифатида ҳам ясаб берилиши мумкин.
— Ҳозирги замонавий тиббиётнинг асосий ютуқларидан бири ядровий тиббиётдир, яъни ядро физикаси ютуқларининг тиббиётга татбиқ этилишидир. Ядро тиббиёти учун радиоизотоплар ишлаб чиқиш институтнинг асосий йўналишларидан саналади. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган радиоизотоплар қайси мақсадларда қўлланилмоқда?
— Ядро тиббиёти усуллари тиббиётда аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволашда жуда муҳим. Бу усул, айниқса, саратон касалликлари ва касалликлар ўчоғини даволашда кенг қўлланилади.
Онкологик жараёнларнинг эрта диагностикаси тиббиётнинг долзарб масаласи ва улкан ютуқларидан бири ҳисобланади. Эрта ташхис организмнинг касалликлардан эрта ва тўлиқ халос бўлиши учун замин яратади. Кимё терапияси ва бу турдаги дори воситаларини қабул қилишда улар бутун организмга сингади, бу эса ножўя таъсирларга сабаб бўлади. Радиотерапияда эса препарат манзилли тарзда фақат касалликдан зарарланган майдонларга йўлланади. Онкология нуқтаи назаридан препарат фақат ўсма ҳужайраларига таъсир қилади, соғломларига зарар етказмайди. Шу тарзда соғлом ҳужайралар ва, умуман, организм бу препаратларнинг умумий таъсиридан зарар кўрмайди.
Иккинчидан, ядро тиббиётининг самараси жуда юқори. Масалан, ҳозирги кунда лютеций-177 асосидаги шундай препарат пайдо бўлдики, илмий тадқиқотлар асосидаги мақолаларга таянадиган бўлсак, унинг таъсирида баъзи турдаги ўсмалардан соғайиш кўрсаткичи 99 фоизгача етиши мумкин. Бошқа услублар билан ҳозирча бундай натижаларга эришиб бўлмаяпти.
Сўнгги 8-10 йил давомида самарий-153 оксабифор препарати кенг қўлланила бошланди. Бу препарат суяклардаги кучли оғриқлар қўзғатувчи ўсмалар метастаз берганда ва бошқа суяк касалликларида оғриқсизлантириш ва даволаш мақсадида ишлатилади.
1978 йилда бизда илк бор технеций-99m радионуклид генератори олинганди. Бу энг универсал радионуклид бўлиб, ҳар хил хасталикларнинг диагностикасида ишлатилади. Бугунги кунда дунё бўйича радионуклидлар иштирокида ўтказиладиган барча ташхис муолажаларининг 85 фоиздан ортиғи айнан технеций-99m ёрдамида амалга оширилади. Технеций-99m радионуклидини олишда ишлатиладиган молибден−99 радионуклидини Японияга катта миқдорда етказиб бериш бўйича бир қатор компаниялар билан музокаралар ўтказилмоқда. Бу биз учун яна бир янги, йирик экспорт бозорини очиш имконини беради.
— Институтда COVID-19га қарши кураш доирасида қандай изланишлар қилинмоқда?
— COVID-19 пандемияси пайтида шу касалликка қарши курашишда асқотиши мумкин бўлган ҳар қандай янги даволаш усули, дори воситаси, вакцина ёки уни тез ва ишончли аниқлаш усулининг яратилиши устида дунё олимлари изланиш олиб бормоқда. Шулар қатори бизнинг институтимиз ҳузуридаги “Радиопрепарат” корхонаси ҳам коронавирусни аниқловчи экспресс иммунотест яратиш устида ишламоқда. Бу тадқиқот ҳадемай ниҳоясига етади ва корхона томонидан ҳозиргача чиқарилаётган 10 дан ортиқ юқумли касалликни аниқловчи иммунотестлар қаторига COVID-19ни тезкор аниқловчи янги восита қўшилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири