Президентимизнинг Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олди. унда ҳаётимиздаги муаммолар рўй-рост кўтарилгани, тугал ечими борасидаги қатъий вазифалар белгилангани юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади. Давлатимиз раҳбари “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”, дея алоҳида таъкидлади.
Мурожаатномада бебаҳо бойлигимиз — саломатликка эътиборни кучайтириш, тиббиёт тизимини такомиллаштириш бўйича қўйилган вазифалар соҳа равнақи учун дастуруламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Зотан, бу йўналишда олдимизда турган вазифалар бор. Институтимиз жамоаси мунтазам ўқиш ва илмий изланиш билан машғул. Доришунос олимлар билан суҳбатлар, хориж тажрибасини ўрганиш, чет эллик мутахассислар билан ҳамкорлик самара бермоқда.
Жумладан, хорижий олийгоҳлардан 47 нафар профессор-ўқитувчи институтимиз таълим жараёнига жалб қилинди. Умумий қиймати 2,7 миллиард сўмлик 4 та миллий, 158 минг евролик 2 та халқаро лойиҳа ишга туширилди. Профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларнинг 350 дан зиёд дарслик, монография ва ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилди. Беш фан доктори ва 48 фалсафа доктори тайёрланди. Изланишлар самараси ўлароқ, 76 та патент, 7 та ихтиро ва 4 та фойдали модель учун гувоҳномалар олинди.
Шу билан бирга, юқори рейтингларга кирувчи журналларда 84 та ва республика журналларида 766 та мақола эълон қилингани илмий доира вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди. Талабаларимиз орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, номдор стипендиялар соҳиблари, “Учинчи Ренессанс — ёшлар нигоҳида” танловининг республика босқичи ғолиблари борлиги бизни янада масъулият ва шижоат билан ишлашга ундайди.
Халқаро ОТМлар ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларида 14, республика ОТМлари ўртасидаги фан олимпиадаларида 56 талабамиз ғолиб бўлгани ҳам бизни севинтиради. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, кечаги натижа билан халқимизни рози қила олмаймиз. Бугунги кун талаби ҳар куни изланиш, янгилик яратишни талаб қилади. Шундагина халқимиз ҳаёти яхши томонга ўзгаради. Буни ўзимизга шиор қилиб, доим изланишни давом эттиришимиз зарурлигини педагогик жамоамиз яхши англайди. Ҳозир тизимда малакали кадрларга катта эҳтиёж сезиляпти.
Дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган турли юқумли касалликлар, улар билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда. Мурожаатномада таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшишимиз зарур.