2001 йилдан буён мамлакатимизда 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Ватан фидойиларининг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Устоз билан машъум воқеликларга тилсиз гувоҳ бўлган бу тарихий жойни кезар эканмиз, хаёлан мозийга қайтамиз. Бехосдан ўша машъум воқеаларнинг шоҳиди бўлган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек сўзлари ёдга келади: “Биз ҳар куни эрталаб ҳали у, ҳали бу танишимизнинг қамалганини эшитамиз. Кунлар ниҳоятда бетинч… На кундуз ҳаловат бор, на тунда — уйқуда роҳат.  Ҳар дақиқа ташвиш, ҳар дақиқа юрак титроқда…”.

— Мустабид замонда қатағонга учраган бегуноҳ одамлар айни шу ерда қатл этилган. Кексаларнинг бу мудҳиш воқеалар ҳақидаги ҳикояларига кейинги авлод ишонмаслиги аниқ. Хавфсизлик идорасида эса далиллар сероб! Мустақилликка эришилгач, бу тарих ошкор қилина бошлади.

— Гапингизни бўлганим учун узр. Узоқ йиллар хавфсизлик идорасининг архивида “игна билан қудуқ қазиганман”, десам муболаға бўлмайди. Минглаб “дело”ларни синчиклаб ўқиганман, хулосалар чиқарганман. Аммо уларни ошкор этишга рухсат бўлмаган. Афсуски, ўша даврдаги ваҳшийликларни  яшириб юришга мажбур эдик.

Хавфсизлик идораси киритган таклифни мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов қўллаб-қувватлагач, хизмат архиви олимлар ва журналистлар учун очилади...

— Очилади-ю, қисқа муддатда қайта ёпилади. Бунинг сабаби нима эди?

— Архив иши аслида жуда жиддий муомалани талаб этадиган иш. Икки-уч йил давомида архив ҳужжатлари билан ишлашга қизиқувчилар сони талайгина бўлди. Ўша пайтда матбуотимиз саҳифаларида архив материаллари асосида тайёрланган ҳужжатли ҳикоялар босила бошлади. Профессор Наим Каримов, журналистлар Холида Аҳророва ва Набижон Боқий бу борада сермаҳсул ижод қилишди. Газета мақолаларидан ташқари кейинчалик қатағон қурбонлари тўғрисида китоблар, ҳужжатли романлар чоп этилди.

Холида Аҳророва, адашмасам, икки йиллар давомида қизи билан биргаликда архивдан узилолмай қолди. Қатағонга учраган, гўдаклик чоғида йўқотган отаси Саид Аҳрорий тўғрисида ҳақиқатни излади ва уни топди. Истиқлол муносабати билан “қайта тирилган” отаси ҳақида 1998 йилда “Изларини излайман” китобини нашр эттирди…

Бора-бора турли-туман “ижодкорлар” ҳам архивга кириб келадиган бўлди, энг ёмони, “дело”лардан ҳужжатлар, тарихий суратлар ғойиб бўла бошлади. Бундай хунук унсурлардан ке­йин архивни вақтинча ёпишга мажбур бўлинди.

— Замонида еттидан етмиш ёшгача аҳоли “босмачи”ларни душманимиз, деб билишар эди. Орадан 70 йиллар ўтгач, улар мамлакатимиз озодлиги учун курашганлар, деб эътироф этила бошланди.

— Худди шундай бўлди. Мустақиллик учун курашганлар ўз орзуларига етолмагандилар, уларнинг авлод-аждодлари бу ҳурриятнинг гувоҳи бўлмоқдалар. Озодлик шарофати эвазига “босмачилар” том маънодаги миллий қаҳрамон бўлгани аён бўла бошлади, бунинг учун Яратганга беҳисоб шукрлар айтишимиз керак.

Мендан “Архивларни аввалроқ очиш мумкин эмасмиди”, деб сўрасангиз, жавобим бундай бўлади: “Иттифоқ ва унинг коммунистик режими бунга йўл қўймасди. Ким ҳам ўз айбини тан олгиси келади. Шунинг учун “ёпиқ қозонни очиш”дан манфаатдор эмасди улар”.

Мамлакатимизда мустамлакачилик қурбонлари даври хотирасини абадийлаштириш комиссияси 1999 йилдан ўз фаолиятини юрита бошлади.

— Бугун биз эски тизимга холис баҳо бера оламизми?

— Бугун мустақил Ўзбекистон ҳеч кимнинг олдида жавобгар эмас, “юқорилар”да бизни ўз измига юритадиганлар йўқ. Мисол учун, Иброҳимбек лақай сифатида танилган Иброҳим Чақабоев тақдирини олайлик. Айрим мақолаларда “у 20-йилларнинг бошида қизил армияга хайрихоҳ бўлади, кейинроқ алданганини билиб қолади”, деган ҳақиқатдан узоқ хабарлар тарқалади.

Унинг 1926 йилда советларнинг тазйиқидан Афғонистонга ўтиб кетгани тўғри. Орадан беш йил ўтиб, тахминан бир ярим минг одами билан мамлакатга қайтади. Терговчилар Москва билан келишиб, унга ўлим ҳукми беришдан воз кечадилар. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам хабардор этилади. Аммо Иброҳимбек 1931 йилда отувга ҳукм қилинади.

— Совет чекистларининг фикри нима сабабдан бирдан ўзгариб қолган?

— Афсуски, бу саволга бугун аниқ жавоб тополмаймиз. Бу ҳақдаги ҳақиқатни терговчилар ўзлари билан олиб кетганлар. Бу хусусда фақат шахсий фаразларим билан ўртоқлаша оламан, холос.

Иброҳимбек халқимиз ичидан етишиб чиққан том маънодаги қаҳрамон эди. Эндигина 30 ёшга тўлган йигит сиёсий саҳнага чиқади. Унинг минглаб довюрак жангчиси бор эди, у ҳақиқий кучга эга эди. Бундай шахслар тақдирига енгил-елпи қараб бўлмасди. Эҳтимол, Москвада ўтирган “катта”лар ҳам у билан ҳисоблашишга тайёр эдилар. Унинг кейинги тақдири мамлакатдаги вазиятнинг издан чиқиб кетишига сабаб бўлмаслиги керак эди. Беқарорликнинг олдини олиш лозим бўлган. Айрим жойларда “қизиллар” сони “босмачилар”дан оз эди. Шунга кўра, Иброҳимбекнинг қўли баланд келган пайтлар ҳам тарихдан маълум.

У том маънода ватанпарвар, орқасидан минг­лаб одамларни эргаштира оладиган етакчи бўлган. “Босмачилар” роса кўп, уларнинг номлари Олий суди коллегиясининг шу йил август ойида эълон қилинган қарорида ҳам келтирилади. Улар орасида таниқлилари ҳам бор. Масалан, Мадаминбек, Шермуҳамммадбек, Нурмуҳаммадбек ва ҳоказолар. Ҳар бирининг ўзига яраша тарихи бор, муваффақиятга эришгани ҳам бор, инқирозга юз тутгани ҳам. Аммо улар ичида ақл-фаросатда устун, тадбиркори, албатта, Иброҳимбек эди. Унинг отаси Чақабой ўзбекларнинг лақай уруғига мансуб бўлган.

Юртимиз озодлиги ва мустақиллиги учун бўлган курашларда матонат кўрсатиб, халқимизни ҳурлик ва эркинликка ундаган, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган минг-минглаб фидойи ватандошларимиздан бири Иброҳимбек 1889 йили Бухоро амирлигига кирувчи Душанбе яқинидаги Кўктош қишлоғида туғилган. Қисқа муддат мадрасада таълим олади, ҳаминқадар саводга эга бўлади.

1920 йилда Бухоро амирлиги тугатилиб, совет ҳукумати ўрнатилгач, Саид Олимхон Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. 1921 йилда Шарқий Бухорода қизил армия ва совет ҳукуматига қарши халқ қўзғолонлари бошланиб кетади.

Англия, Америка, Туркия ва Афғонистон сингари давлатлар маҳаллий гуруҳларини бирлаштириб, ўз сиёсий манфаатлари йўлида уларга бошчилик қила бошлайдилар. 1921 йилнинг иккинчи ярми ва 1922 йилдан Шарқий Тожикистондан совет қўшинлари сиқиб чиқарилади. Иброҳимбек шу ерда ҳукмронлик қилади. “Босмачилар” деганимиз ҳақиқий куч, армия эди. Шу ўринда тарихий эътирофдан иқтибос келтириб ўтаман.

Туркфронт қўмондони М.Фрунзе тан олиб бундай ёзган: “Босмачилар оддий қароқчилар эмас. Шундай бўлганда уларни бир зумда йўқ қилиш мумкин бўлар эди”. Унинг дўсти В.Куйбишев эса: “Босмачилик деган ҳаракатни шунчалик бандитлик дея қабул қилмоқ хато бўлади. Чунки у сиёсий бир инқилобдир”, дейди.

Ўша замон катта ҳарбий ва сиёсий арбобларининг гапларини тасдиқлаш учун ҳужжатли яна бир мисол келтиришим мумкин. Таниқли ва машҳур ойдинлардан Мунавварқори Абдурашидхон ўғлининг (1878-1931 йиллар) Москвада совет ҳукумати раҳбарларидан С.Оржоникидзе­ ва Ш.Элиава билан учрашуви “дело”лардан ўрин олган. Воқеа 1923 йилнинг май ёки июнь ойида бўлиб ўтади.

Москвалик меҳмонлар билан суҳбатда, шунингдек, Обиджон Маҳмудов (озиқ-овқат вазири), Саидносир Миржалилов (Туркистон ҳукумати аъзоси) ҳам иштирок этадилар. ­О.Маҳмудов ҳазил-мутойибага мойиллиги билан ажралиб турар эди. Суҳбат давомида ора-сира кулги-қаҳқаҳа бўлиб туради. Бундай ҳолатда расмиятчилик бироз чекингандек ҳолат юзага келади.

Бу орада Оржоникидзе тўсатдан расмий оҳангда: “Тошкентда қандайдир миллий ташкилот бор экан, шу тўғрими?” деб қўққисдан савол ташлайди ўртага.

“ГПУ (Бош сиёсий бошқарма)нинг тазйиқи остида бундай ташкилотни тузишнинг ҳеч қачон имкони бўлмаган”, деб туриб, “Фақатгина миллий гуруҳлар бор”, деб қўшиб қўяди.

Катта меҳмоннинг “Уларнинг сони қанча?” саволига О.Маҳмудов “Барча туб миллий аҳоли ва ҳукумат аъзолари бу ташкилотнинг аъзоси!” деб жавоб беради.

Меҳмонлар билан кейинги учрашувни ташкил этишда бизникилар ташаббус кўрсатишади. Москваликлар миллий гуруҳ аъзолари билан танишиш шарти билан учрашувга розилик берадилар. Йиғилиш Тошкент вилоятининг ­Қибрай мавзесида, бир армани бойнинг дала ҳовлисида бўлиб ўтади.

С.Оржоникидзенинг “Қачон Фарғонада босмачилик ҳаракати тугатилади?” деган саволига О.Маҳмудов “Мени вазир этиб тайинлаган кун”, деган жавобни беради.

— Босмачилик ҳаракати тугатилмас экан, унда биз битта дивизияни бу ерга ташлаймиз, шунда Фарғона ер билан яксон бўлади.

— Биз эса сизларнинг битта дивизиянгизга қарши иккита дивизия ташкил қиламиз, — дейди ҳозиржавоблик билан “Обид дангалчи”.

Мана шу диалоглар ҳам сиёсий вазият, бизнинг миллатпарвар ойдинларимизнинг москвалик “катта”лар билан тенг суҳбат қургани тўғрисида кенг тасаввур беради!

— Ҳақиқатан ҳам, ўша замон зиёлилари ҳақида илк маротаба бундай атрофлича мисолни эшитяпман. Иброҳимбек тақдирига қайтсак...

— Иброҳимбек беш йиллик қақшатқич жанг­лар оқибатида кучлар тенг эмаслигини тушуниб етади ва 1926 йил сентябрда Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади. Архив материалларидаги тергов сўроқларидан маълум бўлишича, унга афғон ҳукумати ва Бухоронинг собиқ амири томонидан маош белгиланади.

— Демак, Саид Олимхон билан Иброҳимбекнинг оралари яқин бўлгани тўғрисидаги маълумотлар асосли экан-да.

— Бундай хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Афғонистон подшоси Омонуллохон совет зулмидан азобланиб қочиб келганларга мурувват кўрсатади. Турли манбаларга кўра, қўшни давлатга кўчиб ўтганлар сони 1,5-2 миллион атрофида бўлган. Улар орасида бири амир, бошқаси қўрбошиларнинг раҳбари эди. Иккаласига ҳам Кобулдан 40 километр наридаги Қалъаи Фоту саройидан афғон ҳукмдори томонидан жой берилгани ва маош белгилагани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Бундан ташқари, Амир Олимхон Иброҳимбекка 1 минг 500 рупий миқдорида маош ҳам бериб туради. Омонуллохоннинг тантилиги эса 500 рупий миқдорида эди.

— Уларнинг турмуш шароитларидан нолишмаганига ишониш мумкин. Нега унда Иброҳимбек юртга қайтишни истаб қолади?

— Мамлакатга қайтиш хаёли Иброҳимбекни Афғонистонга кўчиб ўтган кунидан бери тарк этмаган. Қулай фурсат, вазият пойлаб юрган. Англия ҳукумати Саид Олимхон тарафдори бўлган, Бухорони қайта қўлга киритиш учун кўмагини аямаган.

1919 йилда Афғонистон бошқарувига келган Омонуллохоннинг илк ишларидан бири — советлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатади. Зимдан эса Шарқий Бухоро ва Туркистонни босиб олиб, советларни доғда қолдириб, Афғонистон буюк империясини қуриш режасини ҳам ўйлаб қўяди. Бу ғоя Англия-Афғонис­тон ҳукуматлари томонидан ишлаб чиқилгани тўғрисида миш-мишлар тарқалган.

Саид Олимхон амирлик лавозимини қайтариб олиш шарти билан Бухоронинг янги тузилажак давлатга қўшилишига розилик беради.

Шундай қилиб, “дело”ларда келтирилишича, 1929 йилда Амир Олимхон Иброҳимбекни ёнига чорлаб, Англия ҳукумати топшириғи билан Шимолий Афғонистонга бориши кераклиги ва бу режа янги подшоҳ Ҳабибуллохон  (лақаби Бачаи Сақо — миробнинг ўғли) билан келишилганини айтади. Тожик Сақо эса бир неча йиллар аввал Анвар пошо сафида Шарқий Бухорода қизилларга қарши курашиб келган жангарилардан эди.

Бачаи Сақо ҳукмдор бўлгач, Иброҳимбекка илтифот кўрсатади ва ҳатто мудофаа вазири Саид Ҳусайнга маслаҳатчи бўлишни таклиф этади. Мозори Шарифда у Ўзбекистонга қайтиш чорасини кўриши, одамларни тўплаши керак эди. Бунинг учун янги афғон ҳукумати барча зарур ёрдамни бермоққа тайёр бўлади. Режага кўра, Иброҳимбек кетидан Саид Олимхон Бухорога қайтиб бориши керак эди.

Ўрни келгани учун Афғонистондаги сиёсий вазият тўғрисида қисқа тўхталиб ўтишга тўғри келади. Подшоҳ Омонуллохон 1928 йилда Европага саёҳати натижасида Афғонистон маданий ҳаётига янгиликлар олиб киради. Масалан, аёлларга европача кўйлаклар кийишга рухсат берилади. Малика Сурайё Тарзийнинг паранжисиз ва ғарбона қиёфада тушган сурати афғонларда норозилик уйғотади ва вазият таранглашиб анча жиддий тарзда авж олади. Салтанатни укаси Иноятиллахонга топшириб, қочишга мажбур бўлади.

Алғов-далғовли кунлардан, мамлакатда содир бўлаётган беқарор вазиятдан фойдаланиб қолган Бачаи Сақо салтанатни қўлга киритади. Монархия тизимининг ўз қонун-қоидалари борки, унга ҳар ким ўз хоҳиш-иродаси билан ўзгартиришлар киритолмайди. Бир подшоҳ ўрнига ўша сулоланинг вакили келиши шарт!  Янги раҳбар эса саройга мутлақо бегона инсон! Етти ойдан кейин у ағдариб ташланади.

Бу орада Амир Олимхон ва Иброҳимбек билан катта режалар белгилаб олишга улгурган эди. Ўзаро келишувга биноан Афғонистон шимолига етиб борган Иброҳимбек афғонлардан нажот тополмайди, чунки мамлакатдаги сиёсий вазият батамом ўзгариб кетган эди. Қайинотаси Абдуқаюм Парвоначининг тасдиқлашича, ана шундан кейин Иброҳимбек Ўзбекистонга қайтишга астойдил киришади.

— Мамлакатга қайтиб ўтиши ҳар ҳолда Кобул ҳукуматидан норози бўлгани важидан эмасдир, бошқа сабаблар ҳам бўлмоғи лозим.

— Асл мақсад афғон ва ғарб авантюрасидан қочиш ҳамда унга ишонган кўп минг сонли жангчиларининг жонини омон сақлаб қолиш бўлган, десак, менимча, тўғри хулоса чиқарган бўламиз. Тахминан мингга яқин аскари билан чегарадан ўтган Иброҳимбекка “Англиянинг бевосита топшириғи ва унинг маблағи ҳисобига советларга қарши қўзғолонни давом эттириш” айби қўйилади. Айбнома хулосасида, шунинг­дек, “1929 йилда Англия ишлаб чиққан режага асосан, совет ҳукуматини ағдариб ташлаш мақсадида тайёргарлик ишларини бошлаб юборади. Жиҳод уруши эълон қилиниб, совхоз ва колхозларни талаш, бегуноҳ одамларни ўлдириш ва террористик хуружлар уюштириш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш мўлжалланган” каби айбномаларни ўқиш мумкин.

— Мамлакатга ўтиш жараёни қандай содир бўлади?

— Афғонларнинг найрангларидан чарчаган Иброҳимбек аввалига атрофидаги оқсоқоллар билан маслаҳатлашади, қолган умрини тинч-­осойишта ҳаёт кечириш учун мамлакатга қайтиш фикрини айтади ва улардан оқ фотиҳа олади. Шу мақсадда совет ҳукуматига ёзма мурожаат қилади. Чегара пости бошлиғи хатни олиб қолганини тасдиқловчи ҳужжат “дело”да сақланиб қолган. Жавоб эса ҳадеганда келавермайди.

Чегара қўшинлари маълумотига кўра, ўша йили 29 минг фуқаро Афғонистон сарҳадини кесиб ўтади, улардан 400 нафари (тергов ҳужжатларининг баъзиларида 800-900) Иброҳимбекнинг жангчилари эди. Чегарадан ўтиш чоғида Иброҳимбек совет ҳукуматига таслим бўлиш учун келаётганини айтади. Аммо унинг гапига ишонмайдилар.

Рус командири “Абдулла” — нўғой Валишев (Тожикистондаги ЧК-Фавқулодда комиссия ходими) у билан суҳбатлашади. Иброҳимбекнинг самимиятини тасдиқлаш учун яна битта мурожаат ёзиб беришни сўрайди. Мансаби номаълум Эшон Исахон ва Али Мардон номига “ўз истаги билан юртга таслим бўлиш учун келгани тўғрисида” мактубни ёзиб беради.

Тергов жараёнида Иброҳимбек билан бирга қайтган сафдошлари ҳам “советларга қарши уруш учун эмас, юртда тинч, осуда ҳаёт кечириш учун” қайтганликларини таъкидлайдилар. Агар Иброҳимбекнинг жонини советлар омон сақлаб қолганида Афғонистондан яна кўплаб унинг сафдошлари мамлакатга қайтган бўлар эди.

— Давлат хавфсизлик идорасининг тарихчи-билимдони сифатида ўша машъум 30-40-йиллар қатағон ишида қатнашган ҳамкасбларингиз ишини қандай баҳолайсиз?

— Тарих — бу аччиқ ҳақиқат, эртами-кечми, ҳақиқатга албатта эришилади. У кун — бу кун экан! Қолаверса, ота-боболаримиздан қолган нақл бор: мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир! Юқорида Афғонистонда ўша пайтда юзага келган вазиятга қараб Саид Олимхон ва Иброҳимбек ҳаракатларига баҳо беришга уриндим. Бу саволингизга ҳам сиёсий аҳволни эътиборга олиб, жавоб беришни маъқул кўрар эдим.

Сталин замонида сургунга юбориш ёки отувга ҳукм чиқариш карнайчидан бир пуф, дегандек гап эди. Хавфсизлик идоралари доим давлат ва чегаралар дахлсизлиги ҳамда барқарорлигини сақлаш сингари бир қатор хавфсизлик чораларини амалга оширадилар.

“Босмачилик ҳаракати” ўша пайтда одамларнинг қон-қонига ёмонотлиқ қилиб шундай сингдириб ташланган эдики, уларни оқлаш сиё­сати тўғрисида гапириш ўлим билан баробар эди.

Совет чекистларининг ваҳшиёна амаллари натижасида жувонмарг бўлиб кетган бегуноҳ кишиларимиз номларини оқлаш жараёни 25 йиллардан бери давом этиб келмоқда. Ҳалигача улардан “босмачи” деган лаънати тамғани олиб ташлаш ишлари тўхтамаган.

Беайб Парвардигор, деймиз. Менимча, энг муҳими, йўл қўйган хатоларни тузатиш!

Аброр ҒУЛОМОВ,

халқаро шарҳловчи