Бу ерда минг йиллик маърифат мероси, замонавий технологиялар ва Ренессанс руҳи уйғунлашиб, мамлакатнинг янги интеллектуал қиёфасини намоён этмоқда.
Кунда-кунора ушбу қутлуғ масканга ташриф буюраётган нуфузли хорижий делегациялар, юртимиз меҳмонлари ва уларнинг таассуротлари матбуот ҳамда теле-радиоканаллар орқали кенг ёритиб бориляпти. Марказ бугун нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформа мақомини олиб улгурганига гувоҳ бўляпмиз.
Минг бор эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал тамойилига амал қилиб, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти жамоалари ҳам марказ фаолияти билан яқиндан танишиш, асрлар қаърига саёҳат қилиш мақсадида Эски шаҳарнинг Хастимом мавзесида қад ростлаган мажмуада бўлдилар.
Давлатимиз раҳбари 2025 йилнинг 20 октябрь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги экспозициялар орқали халқнинг тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган ишлар билан танишган эди. Президентимиз экспонатларни маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қизиқарли ҳамда тушунарли қилиб тақдим этиш муҳимлигини таъкидлаб, шу мақсадда марказда фаолият юритадиган мутахассис ва гидларнинг сонини кўпайтириш, уларни махсус дастурлар асосида тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Дарҳақиқат, марказда намоён этилаётган 800 га яқин илмий ва маърифий лойиҳа ислом маданияти, илмий мероси, тарихий қўлёзмалар ва артефактлар орқали мукаммал шаклда акс эттирилган. Энг илғор технологиялар воситасида намойишга қўйилган экспозициялар ҳар қандай ташриф буюрувчининг ақлини шошириб қўяди. Интерактив имкониятлар тарихнинг турли даврларини жонли ҳис қилишга ёрдам беради. Бу ерда фақат матн билан чекланмай, видеолар, интерактив экспонатлар ва турли технологик ечимлар орқали ташриф буюрувчилар тарихнинг турли босқичларига чуқур кириб бориш имконига эгадирлар. Марказнинг маънавий, илмий ва цивилизацион аҳамияти ҳам беқиёс. Бу ерда тарихнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, турли цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги узвий алоқалар яққол намоён бўлади.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, марказ контентини юксак даражага олиб чиқиш ва унинг меъморий кўркига монанд маънавий юксакликка эришиш мақсадида 2000 га яқин олим, халқаро эксперт ҳамда дизайнерлар узлуксиз изланиш олиб боришди ва такомиллаштириш ишлари узвийлик касб этади.
– Ислом цивилизацияси маркази тарихни шунчаки намойиш этмай, балки фикрлашга чорловчи, илмга қизиқиш уйғотувчи ва тафаккурни ҳаракатга келтирувчи илмий-маданий макон сифатида шакллантирилибди, – дейди “Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова. – Ўзбекистонда ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам қилингани эса алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир киши ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ислом цивилизацияси Ўзбекистонда айнан илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва маърифат асосида ривожланганини, ўзбек халқи дунё тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини теран англайди. Экспозициялар, тарихий далиллар ва илмий ёндашувлар Исломнинг чинакам маънавий ва интеллектуал юзини кўрсатади. Марказ фақат Ўзбекистонники эмас, балки бутун инсоният учун хизмат қилувчи улкан маънавий платформадир.
Ўзбекистон бугун ўзининг илмий ва маърифий илдизларига қайта қарамоқда. Бу жараён нафақат миллий, балки регионал ва глобал аҳамиятга эга. Чунки бу марказ – бутун ислом олами учун маънавий ҳамда цивилизацион платформа, илм-фан ва маданиятни қайта жонлантириш маркази сифатида хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” таҳририяти жамоаларининг бу даргоҳга ташрифдан олган таассуротлари шундай маънони уқиш мумкин: Марказ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази ўлароқ бўй ростлабди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири