Азалдан юртимизда яхши қўшничилик анъаналари ривожланган. Унинг энг олий намунаси инсоннинг ўзига раво кўрган бирор яхши нарса (қувонч, тансиқ таом, дарахтнинг нишона ҳосили, рўзғор ва турмушдаги бирорта ортиқча буюм)ни қўшнига илинишдир. Ҳатто оғир, синовли кунларда ҳам қўшнилар бир-бирига суянади, ўз ҳолига ташлаб қўймайди.

Шу маънода, Президентимизнинг яхши қўшничилик сиёсатини халқона удум ва анъаналарга содиқлик намунаси дейишга етарли асосимиз бор. Тенг ҳуқуқли ва дўстона муносабатга асосланган бундай сиёсат халқларимиз манфаатига хизмат қилмоқда.

2016 йилдан бери Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Ушбу яқин ҳамкорлик тарихий илдизлар, умумий анъана, дин, тил ва маданиятга асосланади, албатта. Давлатларимиз ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошлангани бугун ҳар қадамда кўзга ташланиб, халқларимиз турмушида акс этяпти. Йиллаб бир-бирини кўришга муштоқ бўлган қон-қариндошлар энди бир-бирининг уйига эмин-эркин бориб келяпти.

Шу вақтгача, очиғи, бундай имконият йўқ эди. Чегараларимиз ёпилган, қондош, бир минтақа халқлари визасиз чегарадан нарига ёки берига ўта олмасди. Бундай ёт қараш, бегона кўриш, аввало, оддий одамлар ҳаёти учун муаммо туғдирарди. Ахир мана шу чегарадан ўтиш азоби туфайли икки давлатда ажралиб қолган қариндошлар тўй-маъракаларда бир-бирини йўқлай олмасди. Битта қўй ё эчки чегарадан ўтиб кетгани ёқалашишгача сабаб бўлгани ҳам Марказий Осиёнинг яқин тарихидаги аччиқ ҳақиқат. Бугун барчаси мутлақо бошқача. Ҳозир нафақат тўй ва аза учун, балки шунчаки саёҳат учун ҳам Марказий Осиё халқлари бемалол бир-бириникида меҳмон бўляпти.

Айниқса, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихан ягона минтақа доирасида шаклланиб боряпти. Сўнгги йилларда давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатлар ҳамда дипломатик алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, давлатларимиз кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаол аъзолари.

Икки мамлакат ҳамкорлиги ҳозир ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам пойдеворга эга. Давлат парламентлари томонидан ратификация қилинган 200 дан ортиқ ҳужжат савдо, иқтисодиёт, фан, таълим, туризм, транспорт, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Муҳим ҳужжатлар қаторига Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш декларацияси киради. Ушбу келишувлар икки томонлама ­муносабатларни янада ривожлантириш учун зарур барча шароитларни яратади.

— Ўзбекистон ва Қирғизистон маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ҳам ривожлантириб бормоқда, — дейди Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми вице-президенти Динара Жумабоева. — Ўзбекистонда 6 та Қирғиз маданий маркази ва қирғиз тилида таълим бериладиган 50 дан ортиқ мактаб фаолият юритмоқда. Андижон давлат педагогика институтида қирғиз филологияси факультети мавжуд. Икки давлат ҳукуматлари маданият ва туризмни ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиш ва қўшма делегациялар иштирокини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.

Умуман олганда, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланиб, ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. Давлатлар нафақат ҳозирги даражадаги дўстона ва стратегик ҳамкорликни сақлаб қолиши, балки уни янада ривожлантириши давр талабидир.

Яқинда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат етакчиларининг Хўжандда бўлиб ўтган уч томонлама учрашуви мамлакатларимиз тотувлиги рамзи, тараққиёт пиллапояларидан илдамроқ одимлаш йўлидаги залворли қадам, катта тарихий аҳамиятга эга воқеа сифатида эътироф этилди. Шу йил 31 март куни уч мамлакат давлат чегаралари туташган жойда қад ростлаган Дўстлик стеласи эса абадий дўстлигимиз нишонаси сифатида бугунги тарихий воқеалар узоқ йиллар унутилмаслигига замин яратади.

* * *

Шу кунларда юртимизда Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси делегацияси меҳмон бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 26-27 январь кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифи чоғида кўплаб келишувларга эришилган эди. Улар орасида маданий алоқалар алоҳида ўрин тутади. Зеро, адабиёт ва санъат дилларни дилларга боғлайди. Шу боис, келишувлар ижросини таъминлаш учун “йўл харитаси” тасдиқланган. Қирғиз ижодкорларининг ташрифи ана шу вазифалар ижроси доирасида уюштирилди. Кун тартибидан ўрин олган адабий-маърифий тадбирлар халқларимизнинг мақсади, эзгу нияти, адабиёти ва тили муштарак эканини яна бир бор намойиш қилди.

Дастлаб меҳмонлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидаги “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси билан таништирилди. Сўнг “Чингиз Айтматов — туркий оламнинг умумий ифтихори” халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Халқимиз буюк адиб Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги қардошлик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини доим ёдда сақлайди. Зеро, йирик жамоат арбоби, улуғ ёзувчи халқларимиз ўртасидаги тинчлик ва тотувликни сақлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, адабий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг

90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, адиб юбилейини ўзбекистонликлар ҳам қирғиз халқи каби кўтаринки кайфиятда нишонлагани, пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига номи берилиб, ҳайкали ўрнатилгани ҳам адибга юксак эҳтиром намунасидир.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2022 йилда Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этди ва Ўзбекистон Чингиз Айтматов номзодини ушбу мукофотга кўрсатди. Шу тариқа улуғ ёзувчи халқаро мукофотнинг биринчи совриндори бўлди. Бунинг барчаси икки халқ дўстлигининг яна бир исботидир.

Жаҳонда асарлари энг кўп ўқиладиган адибнинг порлоқ хотирасига бағишланган анжуманда икки халқ ўртасидаги адабий алоқалар тобора кенг тус олаётгани, Чингиз Айтматов ижоди халқларимиз дўстлиги ва ҳамжиҳатлик тимсоли экани алоҳида эътироф этилди. Унинг асарларида тараннум этилган эзгулик ғояси умрбоқий, адиб яратган халқчил адабий қаҳрамонлар образи бутун туркий халқлар дунёқараши ва характери учун хос экани таъкидланди.

Анжуманда иштирокчилар томонидан Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигини жаҳон миқёсида нишонлаш ва 2028 йилни “Чингиз Айтматов йили” деб аташ бўйича БМТга таклиф жўнатишга келишиб олинди.

Шунингдек, нуфузли анжуман доирасида Роза Айтматованинг “Хат келди”, Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома” китобларининг ўзбекча нашри тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Чингиз оғанинг синглиси Роза Айтматова “Хат келди” китобида Айтматовлар ­оиласининг яна бир вакили — адибнинг ­укаси Илгиз Айтматовнинг ўсмирлик йиллари ҳақида ҳикоя қилади. Унда атоқли ёзувчининг ёшлик йиллари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.

Қанибек Имоналиевнинг китоби қирғиз халқи менталитети, характерини очиб берадиган қисқа ҳаётий ҳикоялардан иборат. Адиб бу асар орқали қирғиз халқи бошидан кечирган тарихий жараёнларни ҳаққоний тасвирлаб, уларга инсоний, руҳий ва фалсафий нуқтаи назардан ёндашган. Муаллиф ўз китобида тарихий воқеаларни ижодий қайта ишлаб, замонавий ўқувчи дунёсига яқинлаштирган.

Кун давомида меҳмонлар Абдулла Қодирий ижод мактабида адибнинг “Ўткан кунлар” романи қирғизча нашри тақдимотида иштирок этди. Шунингдек, Абдулла Қодирий уй-музейи, адиб яшаган муҳит билан танишди, ижодхонасида ҳаёти ва ижоди ҳақида суҳбат қурди.

Қирғизистонлик адиблар Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам бўлиши кўзда тутилган.

* * *

2019 йили Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Икки томонлама адабий алоқалар ривожига хизмат қилаётган ҳужжат доирасида қатор учрашув, мулоқот ва ташрифлар амалга оширилмоқда.

2022 йилда нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдли асарлар мажмуасининг 9 жилди қирғиз адабиётига бағишланган. Буни қирғиз ижодкорлари ўзларига юксак ҳурмат намунаси сифатида қабул қилди. Тўпламда қирғиз адабиётининг мумтоз вакилларию ҳозир ижод билан шуғулланаётган шоир ва ёзувчиларига алоҳида эътибор берилган. Тугалбой Сидиқбековнинг “Кўк ялов”, Тўлан Жўлдўшиевнинг “Манас”, Қосим Сулаймоновнинг “Ваҳшийлар салтанати” романлари мажмуа учун махсус таржима қилинган.

— Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатларини яқинлаштиришга қаратилган сиёсати нафақат халқ дипломатияси, балки минтақа етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик стратегиясининг мазмунини белгилаб бермоқда, — дейди Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Бегижон Аҳмедов. — Бу ғоя минтақа халқлари томонидан ҳам чин қалбдан қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу жараёнда зиёлилар — ижодкорлар, олимлар, мутафаккирлар, журналистлар, театр ва кино арбоблари энг муҳим маънавий кўприк вазифасини бажариши керак. Шундай бўл­япти ҳам. Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Мурза Ғапаров сингари иқтидорли қирғиз ёзувчилари асарлари ўзбек дўстларимиз томонидан севиб ўқилгани ҳам руҳиятимиз, қарашларимиз яқинлиги белгиси. Ўтган йили атоқли ёзувчи, давлат ва жамоат, маданият арбоби, моҳир дипломат Султон Раевнинг “Танланган асарлар”и ўзбек тилида чоп этилгани ҳам фикримизни исботлайди

Дарвоқе, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби ҳақида алоҳида тўхталмасак бўлмас.

— Мамлакатимизда “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” деган ғоя юксак мақомга кўтарилди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Ўтган қисқа муддатда туркий давлатларнинг ёзувчилар уюшмаси тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Дунё миқёсида танилган адиб Султон Раев чин маънода ўзбек халқининг ҳам ёзувчисидир. Унинг ўзбек тилида чоп этилган “Танланган асарлар” китоби адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин олади.

Султон Раевнинг “Танланган асарлар”и Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп қилинган бўлиб, унга адибнинг “Тўфон” романи, “Қуёш тутилган кунда” номли қиссаси, бешта саҳна асари, ўнга яқин ҳикояси киритилган. Асарларни қирғиз тилидан Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Жаббор Эшонқул, Авлиёхон Эшон, Дилфуза Қаршибоева, Ҳилола Абдусаломова, Эркин Бойназаров, Абдуғани Абдуғафуров каби адиб ва таржимонлар она тилимизга ўгирган.

— Қирғиз юртида ўзбеклар орасида улғайганман, — деган эди китоб тақдимоти маросимида Султон Раев. — Ўзбек тили менга она сути билан кирган тилдир. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оламшумул ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бу мамлакатда кечаётган улкан янгиланиш жараёнларининг амалий натижаси. Ўзбекистон дунёнинг ривожланган давлатлари билан бўйлашмоқда. Буюк Соҳибқирон Амир Темур даврида бу диёр қанчалик шон-шавкатга бурканган бўлса, ҳозир ҳам Ўзбекистон шунчалик юксакка интилмоқда. Буларнинг замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, маънавият, маърифатга бўлган ­эътибори турибди. Бугун мен учун қувонарли кун. Китобим Алишер Навоий тилида чоп этилди. Камтарона меҳнатларимнинг юксак эътирофи учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Туркий халқларнинг фахри ва ифтихори бўлган Чингиз Айтматов ўз вақтида одамзодни инсонийлик мақомига қайтариш бугуннинг ҳал қилувчи вазифасидир, деб бонг урган. Тақдимотда ўзбек адиблари томонидан Султон Раев ўз устозининг моҳияти тобора ортиб бораётган мана шу ўгитини қалбига жо этган ҳолда, ноёб инсоний туйғуларни баланд пардаларда тараннум этиб, замонамизнинг ер юзини, одамзод қалбини маънавий тўфонлардан асраш учун меҳр-оқибат, яхшилик, муҳаббат ва адолат, одоб ва ор-номус каби азалий қадриятларни қатъият билан ҳимоя қилиб келаётган забардаст адиби экани таъкидланди.

* * *

Қирғиз халқи билан маданий алоқаларимиз, маданият кунларининг аҳамияти ҳақидаги фикрларимизни бир мақолага сиғдириб бўлмайди. Шу ўринда Чингиз Айтматовнинг қуйидаги фикрларини келтирсак: “Қадимий ўзбек маданияти ўзининг ажойиб ютуқлари билан азалдан ҳам машҳур. Ўзбеклар Ўрта Осиёда тенги йўқ ирригатор, деҳқон сифатида танилган. Ўзбек меъморлари фусункор Самарқанд, Бухорони бунёд этдилар. Ўзбек халқи орасидан ўрта асрнинг машҳур астроном олими Улуғбек, шоир Алишер Навоий етишиб чиқди... Византия маданияти ривожида римликлар қандай роль ўйнаган бўлсалар, ўзбеклар ҳам Ўрта Осиё халқлари маданиятига ана шундай таъсир ўтказдилар”.

Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тарихий жиҳатдан чуқур илдиз отиб, икки халқнинг маданий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Маданият, санъат, адабиёт, таълим ва туризм соҳасидаги алоқаларимиз давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг муҳим пойдевори бўлиб қолаверади.

Шундай ўйлар билан ишга келаётганимда йўлимни ёши олтмишдан ошган киши тўсди. Ёнида ўзи тенгқур аёл. Елкага осиб олган сафархалтаси ва юз-кўзидан уларнинг меҳмон эканини билиш қийин эмасди. Бояги киши менга жуда таниш сухан билан Амир Темур музейи ва хиёбони қаерда эканини сўради. Уларга йўл кўрсатиб, қаердан экани билан қизиқдим. Тахмин қилганимдек, қўшни Қирғиз Республикасидан келган сайёҳлар экан. Чол-кампир кексайганда бир саёҳат қилайлик дебди. Баҳонада Амир Темур музейини томоша қилиш, унинг маҳобатли ҳайкалини ўз кўзлари билан кўриш мақсадида экан. Меҳмонларга йўл кўрсатиб, ишхона томон келарканман, хаёлимдан шундай ўй ўтди: “Дунё қанчалик турланиб-тусланмасин, ўқилдизлар ўзгармайди. Марказий Осиё руҳи Самарқанд руҳини қайта уйғотади. Дунё халқлари эса Темур бобомиздай улуғларимизни йўқлаб келаверади”.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири