Эрта баҳорда пахта экиш ва парваришлаш, эрта куздан то қаҳратон қиш эшик қоққунича пахта ҳосилини йиғиб олиш учун бу йўллар узра одамлар ва ҳосил карвонлари қатнови тинмасди. Ёғин-сочинли кунларда тупроқ йўлнинг ўйдим-чуқурига тушиб кетган, лойга ботиб қолган техникаларни итариб юрган одамларни тез-тез учратиш мумкин эди.

Эсимда, бир гал шом қоронғусида пахта теримидан қайтаётган теримчилар ўтирган трактор тележкаси йўл четидаги ариққа қулай-қулай, деб ёнбош билан туриб қолганди. Аллоҳнинг марҳамати ва тракторчи уддабуронлиги туфайли фалокатнинг олди олинган, тележкада ўтирган йўловчиларга жиддий зарар етмаганди...

Бугун бу йўл бўйлаб юриб, теварак-атрофнинг озодалиги, ободлигига ҳавасим келди. Равон йўл узра ишга, ўқишга, яқинларини йўқлашга шошилаётган одамлар кўзидаги шодлик, дилидаги шукроналик туйғусидан қалбим қувончга тўлди.

Дарҳақиқат, йил сайин юртимизнинг ҳар бир гўшаси каби қишлоқларимиз ҳам тобора чирой очиб, замонавий қиёфага кирмоқда. Буни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Мироб қишлоғида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда бу йўллар қатига яширинган тарихимизнинг синоатлари ҳақида бир лавҳани келтириб ўтишни жоиз топдик.

Мироб қишлоғининг қоқ ўртасидан ўтувчи равон йўл кўҳна ва бепоён воҳада ястаниб ётган Замонбобо қирларига бориб туташади. Тарихий манбалардан маълумки, бу ҳудуд инсониятнинг қадимий яшаш маконларидан бири бўлган. Ўтган асрларда олимларимиз олиб борган археологик тадқиқотлари жараёнида жез даври уруғ жамоаси маданиятига оид нодир тарихий ашёлар, қадимий инсониятнинг изларини топган. Бу йўллар ана шундай кўҳна ва қадимий тарихимизнинг неча-неча кечмишларию воқеликларига гувоҳ.

“Обод қишлоқ” дастури самараси

Ана шундай олис мозий ва замонавийлик уйғунлашган қишлоқларимизни ободонлаштириш, инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида юртимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу жабҳадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қоракўл туманининг “Мироб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 9 миллиард 965 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача бу борада қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, қишлоқдан ўтувчи марказий йўл асфальт қилиниб, четига пиёдалар йўлаги барпо этилди. Йўл бўйида савдо, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш инфратузилмалари фаолият юритмоқда. Йўлнинг ўнг томонида замонавий маҳалла биноси, чапда оилавий шифокорлик пункти қад ростлаб турибди.

Ҳозирги кунгача миробликларга хизмат қилган бино 1989 йил қурилган ва эски лойиҳа асосида амбулатория сифатида фаолият юритаётган эди. Янги оилавий шифокорлик пунктини барпо этишга 640 миллион сўм маблағ сарфланди. Бугун янги шифо маскани ҳудуддаги 569 оилага тиббий хизмат кўрсатади. Оилавий шифокорлик пунктида 1 нафар шифокор, 6 нафар патронаж ҳамшира аҳоли хизматида.

Қишлоқда янги мактаб ва боғча ҳам барпо этилди. Шунингдек, Қоракўл туманининг барча ҳудудлари қаторида миробликлар ҳам бугунги кунда марказлашган ичимлик сув тармоғи баҳраманд бўлмоқда.

Қишлоққа тадбиркорликнинг янги турлари кириб бормоқда

Миробликлар азалдан томорқа ва қорамолчилик билан шуғулланган, шу ишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда қишлоқда тадбиркорлик фаолияти турлари кенгайиб бормоқда. “Обод қишлоқ” дастури доирасида имтиёз асосида 85 хонадонга 1 сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Оилаларга судсидия асосида чорва моллари тарқатилди.

Ана шундай тадбиркорлардан бири Гулчеҳра Жумаева уч фарзанднинг онаси. Ҳовлисида 20 сотихдан кўпроқ томорқаси бор. Боқувчисидан айрилган бу аёлнинг оилавий шароити эътиборга олиниб, “Аёллар дафтари”га киритилди ва имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига тикув машиналари сотиб олиб, уйида кичик тикув цехи ташкил этди. Оила аъзоларидан ташқари қишлоқ қизларидан икки нафарини иш билан таъминлади. Бу фаолият билан чекланмай, имтиёзли кредит эвазига чорва боқишни ҳам йўлга қўйди. Ишбилармонлик сирларини қисқа муддатда пухта эгаллаган Гулчеҳра эндиликда иссиқхона ташкил этиб, бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар етиштириш ниятида.

Гулчеҳранинг турмуш ўртоғи вафот этганида фарзандлари анча ёш эди. Ўшанда ҳам у боқиманда бўлиб, давлатнинг ёрдамига кўз тикиб ўтиришни истамай, тадбиркорлик қилиш, кредит олиш йўлларини излаган. Аммо гаровга тикадиган нарсаси йўқлиги туфайли банк кредит бермаганди.

— Бу воқеаларга ҳам ўн йиллар бўлди. Ўша кунларни, оиламиздаги қийинчиликларни бугун эслагим ҳам келмайди, — дейди Гулчеҳра Жумаева. — Мана, бугун давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар туфайли  тадбиркорга айландим. Орзуларим чексиз — тикувчилик фаолиятимни янада ривожлантириб, катта корхона ташкил этмоқчиман. Иссиқхонадан ҳам унумли фойдаланиш йўлларини излаяпман. Бугун юртимизда тадбиркор бўламан, деган инсон учун шароитлар шу қадар кўпки, ундан тўғри фойдаланган одам ўз оиласи ривожига ҳам, жамият ривожига ҳам катта улуш қўшади. Мен ана шундай инсонлар сафида бўлишни ният қилганман.

Бугунги кунда 2 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қиладиган Мироб маҳалласида кўпчилик томорқа ва оилавий тадбиркорликни даромад манбаи, деб билади. Шу боис, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эрта баҳордан бошлаб экин ерларини тартибга келтиришга киришилди ва кўкламги экиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Миробда бўлсангиз, кўпчилик даромаднинг яна бир омили ҳақида ҳам гапиради. Бу иссиқхона билан боғлиқ. “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган лойиҳага кўра, ҳудудда одамларнинг эҳтиёжи асосида кўпгина хонадонларда сабзавот маҳсулотлари етиштириладиган 1 сотихли иссиқхоналар қурилди. Бу имконият туфайли илгари ишсиз бўлган аҳоли ўзини ўзи банд қилган тадбиркорга айланмоқда.

“Яшил йиллик”ка менинг ҳиссам

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Яшил йиллик” тадбири доирасида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Мироблик фермерлар ва аҳоли ҳам бу жараёнда фаол қатнашмоқда.

Бугунги кунда ҳудудда бешта фермер, битта ўрмон хўжалиги фаолият юритади. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари фермер хўжаликлари ҳудудида, аҳоли хонадонларида, йўл бўйлари, ариқ ва зовурлар атрофида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

— “Яшил йиллик” тадбирида ушбу фермер хўжаликлари билан бир қаторда, аҳоли хонадонларидаги томорқаларга ҳам мевали ва манзарали кўчатлар экиляпти, — дейди “Мироб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўлмас Багандиков. — Ҳар бир хонадонга 30 тупгача кўчат экишни режалаштирганмиз. Бунинг учун 4,5 минг туп ток, 11 минг тупдан кўпроқ мевали, манзаралари дарахт кўчатлари аҳоли ва фермерларга етказиб берилди. Экилган ниҳолларни парваришлаш, униб-ўсиб кетишини таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Шу мақсадда қишлоқдан ўтган 4,5 киломертлик асосий ва 16 киломертдан ортиқ ички ариқлар ҳашар йўли билан тозаланди. Ушбу умуммиллий тадбирга аҳолини ва ёшларни кенг жалб этиш мақсадида маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчиси ташаббуси билан “Яшил йиллик”ка менинг ҳиссам” лойиҳаси амалга ошириляпти.

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шукуҳи чекка қишлоқлардан бири бўлган миробликлар ҳаётида ҳам ана шундай муҳим ўзгаришларда акс этмоқда. Уларни ўз кўзи билан кўришни, орзулари ушалаётган одамларнинг қувончига шерик бўлишни истаганларни қишлоқ аҳли “Бир келиб кетинг, қишлоғимизга!”, дея чорлайди.

Баҳор ХИДИРОВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири