Президентимизнинг ёшлар билан навбатдаги очиқ мулоқотида билдирилган фикр ва ташаббуслар, айниқса, таълим сифати, инновация, рақамли технологиялар, тадбиркорлик ва ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасидаги вазифалар биз, олий таълим муассасалари жамоаси учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Астойдил ҳаракат қилган одам, албатта, кўзлаган манзилига етади. Ёшлар билан учрашув натижаларимизни сарҳисоб қилиш ва янги режа-мақсадларни белгилаб олишимизга асос бўлди.
Мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсати, эртани ўйлаб кўрилаётган изчил чора-тадбирлар бугун самарасини бермоқда. Ёшларимиз кўрсатилган ғамхўрлик, имконият ва имтиёзлардан руҳланиб, ўзига ишончи ортяпти. Бугун янгиликка интилувчан, билимли, ташаббускор ёшларнинг янги авлоди майдонга чиққан. Шунга мос равишда университетимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, “Келажакка қадам” дастури орқали 166 талабанинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида банклардан 6 миллиард 405 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Банк имтиёзлари тадбиркорликка қизиқадиган ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши ёки оилавий тадбиркорликни ривожлантиришида асосий кўмакчига айланди.
Талабаларимиз мунтазам равишда “Мирзо Улуғбек ворислари” ва бошқа танловларда ғолиблар сафидан ўрин эгаллаб келмоқда. Жорий ўқув йилининг ўзида 13 талабамиз Ўзбекистон Президенти ва бошқа номдор стипендиялар соҳиби бўлди.
Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам ишларимиз кўлами кенгаймоқда. Ҳозир 2 та қўшма таълим дастури бўйича фаолият юритяпмиз. 350 талабамиз “Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)” дастури асосида Германия ва Болгарияда пул тўланадиган амалиёт жараёнларида иштирок этиш учун ҳужжат топширган. Айни пайтда 1000 дан ортиқ талаба немис тили курсларида тил ўрганмоқда. Шунингдек, 15 талаба грантлар асосида Европа Иттифоқининг нуфузли университетларига стажировка ўташ, қисқа ва узоқ муддатли таълим дастурлари асосида таҳсил олиш учун юборилади.
2025/2026 ўқув йилида университетни 5408 битирувчи тамомлайди. Уларнинг барчасини иш билан таъминлаш чораси кўрилмоқда. Университетимизга бириктирилган 10 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилмоқда. Талабаларни янги билим ва ҳунарларга ўргатиш мақсадида Сунъий интеллект, Биоэнергетика, Кимёвий технология илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда “Energo Control Lab” энергия аудит маркази, Сейсмология ва қурилиш илмий-тадқиқот институтини ташкил этишни мақсад қилганмиз.
Муҳандис талабаларимиз хорижда осон иш топиши учун, аввало, уларга замонга мос таълим бериш, шунингдек, асосий таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказиш лозим. Бугунги кунгача университетимизнинг 3 та магистратура мутахассислиги ва 2 та бакалавриат таълим йўналиши Германиянинг ASIIN халқаро аккредитация ташкилотида рўйхатдан ўтказилди. Бу нима беради?
Эртага талабага дипломга қўшиб, халқаро аккредитация сертификатини ҳам берамиз. Демак, битирувчининг қўлида университет дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификати бўлса, у ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.
Бугунги кунда ҳар бир университет фаолиятини баҳолашда талабалар бандлигини таъминлашдаги кўрсаткичига алоҳида эътибор қаратилади. Бу — катта масъулият. Сабаби, олийгоҳни тамомлаётган талаба нафақат билимли мутахассис, балки ҳунарли бўлиши ҳам лозим. Ана шунда унинг эртага ишли бўлиши осон кечади. Билими, ҳунари борми, ишсиз қолмайди.
Университетимизнинг қурилиш ва архитектура таълим йўналишида таҳсил оладиган талабаларидан 776 нафари вилоятдаги 99 та маҳалланинг бош режасини ишлаб чиқишга жалб этилди. Уларнинг амалий машғулотлари ҳам ана шу ҳудудларда ташкил қилинмоқда. Бу билан маҳорати юксалиб, тажрибаси ортади. Янги ғоялар, лойиҳалар учун замин яратилади.
Китобхонликни кучайтириш мақсадида университетимизда “Бир ойда бир китоб”, “Асардан иқтибос” каби танловлар йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан маҳаллалардаги ёшларга китоблар совға қилинди. Маънавият ҳамиша устувор масала ҳисобланади, чунки мутахассиснинг билими, ҳунари, дипломи бўлса-ю, маънавияти бўлмаса, у етук кадр эмас. Инсоннинг, биринчи навбатда, маънавияти шаклланган бўлиши лозим. Юқорида таъкидлаганимиздек, бадиий асарлар билан боғлиқ танловлар талабаларимизни китобга ошно қилди.
Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотида талабаларнинг спорт соҳасидаги иқтидорини аниқлаш, уларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, малакали мураббийлар қўл остида шуғулланишини таъминлаш масаласида ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Шу мақсадда спорт федерациялари билан амалий ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Шахмат бўйича вилоят чемпиони ва бир неча турнирлар ғолибаси Феруза Қурбонованинг халқаро мусобақаларда иштирок этишига ёрдам кўрсатилади.
Шу ўринда ёшларга айтар сўзимиз бор: билим олишга масъулият билан ёндашинг. Ҳар бир дарс, ҳар бир лаборатория машғулоти, ҳар бир амалий топшириқ келажагингиз учун пойдевордир. Инновацион фикрлашни ривожлантиринг. Стартап лойиҳалар, илмий тадқиқотлар ва амалий ишланмаларда фаол иштирок этинг. Тил ўрганиш ва рақамли кўникмаларни ошириб боринг. Булар халқаро майдонда рақобат қила олиш учун талаб эмас, балки заруратдир.
Ҳозир университетимизда 22 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Иқтидорли ёшларимиз томонидан 60 дан ортиқ стартап лойиҳа яратилиб, улардан 10 га яқини амалиётга тавсия қилинди. Ушбу стартаплар, асосан, маҳаллалар ва ҳудудий корхоналардаги муаммолар ечимига қаратилаётгани билан аҳамиятли.
Талаба ёшларнинг инновацион лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида университетимизда замонавий экотизим яратилади. Яъни Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази (Fab-lab) ишга туширилмоқда. Марказ уларни 10 дан ортиқ касбга ўргатиш, 150 дан ортиқ ёшнинг бандлигини таъминлаш, стартапларнинг “ғоядан маҳсулотгача” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишонч катта шараф ва улкан масъулиятдир. Бу ишончни амалий натижалар, янги ютуқлар ва юксак марралар билан оқлашга ҳаракат қиламиз. Аминманки, университетимиз талабалари нафақат Қашқадарё вилояти, балки бутун мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишади.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
Қарши давлат техника университети ректори