Алалхусус, ер – тирик организм. Нафас олади, экин-тикинни, дов-дарахт, гулу чечакни кўкартиришга қувват тўплайди. Аждодларимиз ерни боқсанг, ер элни боқади, деб бежиз айтишмаган.
ЕРНИ ҚАНДАЙ БОҚСАК, ЯНАДА УНУМДОР БЎЛАЛИ?
Деҳқонлар луғатида “ориқлаган ер”, “семиз ер” сингари иборалар мавжуд. Ерни мунтазам равишда экиб бориладиган ўсимликлар ориқлатади. Айниқса, техника ривожланиб, суғорма ерлар ҳудуди мислсиз суръатда кенгайганидан сўнг ориқ ерлар муаммоси пайдо бўлди. Ота-боболаримиз қадимги даврларда тупроқни маҳаллий ўғитлар билан тўйинтирган бўлса, ҳаддан зиёд ориқ ер бунга-да қаноат қилмай қўйди.
Шу аснода аждодлар амалига ислоҳ киритилди – қишлоқ хўжалиги жабҳасига кимё кириб келди. Ҳозирда заминдорликни кимё хизматсиз, синтетик ўғитларсиз тасаввур этиш мушкул.
Қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар, хусусан, аҳолисининг сони жиҳатдан дунёда биринчи ўринда турган Хитой мисолида қарайдиган бўлсак, мамлакатда киши жон бошига 0,07 гектар ҳайдаладиган, 0,05 гектар суғориладиган ер тўғри келади. Хитойлик деҳқонлар бир миллиард тўрт юз миллиондан зиёдроқ аҳолини боқиши баробарида ўз маҳсулотларини экспрот қилишда ҳам жаҳонда етакчи ўринда туради.
Яна бир мисол. Ҳиндистоннинг жанубий қисмида Кералло штати бор йўғи 38 минг квадрат километр майдонга эга. Бу ҳудудда 40 миллионга яқин аҳоли ердан унумли фойдаланиб келади, бунинг эвазига фаровон яшайди. Чунки, тупроқ таркибини мунтазам бойитиб боради.
Нидерландия дейилганда, пишлоқ тайёрлаш технологияси, гўшт, сут, сабзавот етиштириш агротехнологияси жиҳатидан дунёда салмоқли ўрин тутадиган мамлакат тушунилади. Аслида ҳудудий жиҳатдан мўъжазгина давлатнинг 17 миллион 200 мингдан ортиқ аҳолиси бўлиб, киши жон бошига 0,04 гектарга яқин келадиган экин майдонига эга. Аммо, шунга қарамай, бу юртда ердан усталик билан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини орттириб бориш эвазига ҳар йили киши бошига 180 килограммдан зиёдроқ гўшт, шунингдек, 1150 литрдан сут етиштирилмоқда. Ёки 1,038 миллион гектар экин майдони (унинг ҳам 60 фоизи денгиз яқинида ўзлаштирилган ерлар)га эга бўлса-да, йилига 131 миллиард долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаради.
Мамлакатимизнинг ҳам бу борадаги ички имкониятлари жуда катта. Ўзбекистонда жон бошига 0,25 гектар ҳайдаладиган, 0,15 гектар суғориладиган экин майдони тўғри келади. Биргина суғориладиган ерлар ҳисобига Кералло штатидагига нисбатан 2, Хитойдга қараганда 2,7 марта кўп маҳсулот олиш имкониятига эгамиз. Ундан оқилона фойдаланилса, аҳолини бемалол озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб ва кийинтирибгина қолмай, балки катта миқдордаги маҳсулотларни экспорт қилиш имконини беради.
САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШНИНГ ИМКОНИЯТ ВА ИМТИЁЗЛАРИ
Маълумотларга кўра, сўнгги 40 йилда дунёдаги барча экин майдонларининг учдан бир қисми тупроқ эрозияси туфайли ҳосилдорликни йўқотган ва шу сабабли ташлаб кетилган. Ҳар йили яна 20 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари шу қадар таназзулга учраган. Дунё бўйича қарийб 2 миллиард гектар ер майдони яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Ўзбекистонда ҳам Орол ҳалокати оқибатида кўплаб экологик муаммолар, шу жумладан, тупроқ шўрланиши, унумдорлиги пасайиши каби масалалар юзага келди. Мамлакатимиз ҳудудининг 31,4 миллион гектари табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўрон ёки гармселлар таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонларга айланган.
Бундан ташқари, яқин пайтга қадар умуммиллий бойлигимиз – фаровон ҳаётнинг асоси ҳисобланган ер ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қаерда қанча бўш майдон борлиги, қандай ҳолда турганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ эди. Янада аниқроғи, ер билан 30-йил давомида ҳеч ким бевосита шуғулланмай қўйган эди. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари, гўшт, сут, ёғнинг тақчиллиги сезилиб қолди.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, фойдаланишдан чиққан экин майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, лалми ерларни ўзлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. 2020-2021 йилларда 369 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди. Сув тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, янги иссиқхоналар ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари таннархининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам ўзининг ижобий натижаларини беряпти. Ўтган йили хорижий мамлакатлар бозорларига янги истиқболли йўналишлар очилиб, қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинди. Экспорт кўрсаткичларида ўтган йилга нисбатан дуккакли маҳсулотлар 122 фоизга, узум маҳсулотлари 142 фоизга, сабзавотлар 103 фоизга ҳамда ёнғоқ маҳсулотлари 1,8 баробарга ўсди.
Аграр соҳанинг муҳим тармоғи – пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган мавсумда аввалги йилга нисбатан 422 минг тонна кўп пахта хомашёси етиштирилди. Ҳосилдорлик эса ўртача 6,3 центнерга ошди. 7,4 миллион тоннага яқин дон хирмони кўтарилиб, кўплаб фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги 100 центнерни ташкил этди.
Ўзбекистон шароитида – тарихда илк бор қишлоқ хўжалигини ерлари ялпи хатловдан ўтказилмоқда. Бугунги кунгача 23 миллион гектар қишлоқ хўжалик ерларининг электрон хариталари яратилиб, геопортал фаолияти изчил йўлга қўйилди. Бу қишлоқ хўжалик ерларига озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш ва хавфсизлигини таъминлашда, унинг балансини, қайси қишлоқ хўжалик экинларини қандай ерларга, қанча экин экиб, қанча маҳсулот етиштиришни режалаштиришда қўл келяпти.
Пировардида бу ҳар бир фермер ва деҳқонни тупроқни эъзозлашга, унга меҳр кўзи билан муносабат бўлишга ундайди. Чунки, яқин истиқболда маҳсулот етиштириш таннархини 30-35 фоизга қисқартириш, ер унумдорлигини ошириш, жумладан 2022–2025 йилларда пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга, бошоқли донни 90 центнерга етказиш вазифаси турибди.
Бу мақсадларга эришиш дастаклари хусусида гап борар экан, Президентимизнинг шу йил 25 март куни эълон қилинган “Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан яратилаётган имтиёзлар асқотиши турган гап. Унга мувофиқ, 2022-2023 йилларда 13 та туманда синов тариқасида тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини ошириш, илмий асосланган алмашлаб экишни ва суғоришнинг янги технологияларини жорий этиш ҳамда ўсимликлар ҳимояси бўйича хизматларни йўлга қўйиш ва замонавий лабораторияларни барпо этиш учун ердан фойдаланувчи (жумладан, кластер)ларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга 1 миллион сўмдан субсидия ажратилади.
Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширганлик учун солиқ имтиёзлари тупроқ бонитировкаси таҳлили натижалари бўйича унинг унумдорлиги ошган ердан фойдаланувчиларга татбиқ этилади. Бу имтиёзлар 3 йил муддатга амал қилади.
МИНЕРАЛИДАН КЎРА, ОРГАНИК ЎҒИТ АФЗАЛ
Тупроқда асосий озуқа элементлари (С,N,Р,К), микроэлементлар (В,Мg,Mn) ва бошқалар мавжуд бўлиб, уларни ҳар қандай ўсимлик ўзлаштира олиш даражасига етгандагина яхши ўсади ва ривожланади. Ҳозирги давр талаби ва қўлланилаётган дастаклар самарадорлигини таҳлиллари ҳам деҳқончилик қилиб келинаётган ерларни асосан органик ўғитлар ҳисобидан тўйинтириш унинг унумдорлигини яхшилашнинг асосий омили эканини тасдиқламоқда. Органик ўғитлар тупроқ зарраларини жипслаштиради ва донадорлигини вужудга келтиради. Натижада бир вақтнинг ўзида тупроққа ҳаво ва сув кириши учун шароит яратилади ва самарадорлиги ортади. Буни Олтиариқ, Риштон, Қува, Тошлоқ туманларида юзага келган деҳқончилик тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.
Шу ўринда минерал ўғитлар самарадорлиги қанчалик тушиб кетаётганлигига доир мисолларни эслаб ўтсак. Ҳозир деҳқончиликда азотнинг фойдали коеффиценти атиги 30 – 40 фоизини ташкил этади. Бошқача айтганда, пахта даласига солинаётган азотли ўғитларнинг 60 – 70 фоизини ғўза истеъмол қилмайди. Ана шу ортиқча азот атроф муҳитга жиддий хавф туғдиради. Айниқса, ғўза ва ғалла экилган майдонлардан катта миқдордаги нитрат азоти коллектор сувларига қўшилиб, бутун мавжудотга ҳам зарар келтирмоқда.
Турли тупроқ ва агротехника шароитларида ўтказилган дала тажрибаларининг натижаларини умумлаштириш асосида экинлар учун азотнинг ўртача мақбул меъёрларини белгилаш мумкин. Гектаридан 30-35 центнер пахта ҳосил олиш режалаштирилган майдонларининг ҳар гектарига 140-150 килограмм азот ўртача меъёр ҳисобланади.
Фосфорли ўғитларни қўллашда ҳам жиддий эътиборни, илмий асосни талаб этади. Кейинги 50 йилда ғўза ва бошқа экинларни вегетация даври давомида фосфорни ўсимликнинг биологик эҳтиёжига нисбатан 5 ҳатто 6 баравар кўп бериб келинган. Оқибатда тупроқнинг 1 метр қатламида – гектарига 2000 килограммдан зиёд захирадаги фосфор тўпланиб қолган майдонлар мавжуд. Шундай экан, бу жиҳатларни инобатга олиб, қишлоқ хўжалик экин майдонларига солинадиган ўғит самарадорлигини янгидан ўрганиш асосида фосфорли ўғитларни табақалашган усулда қўллашни мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Хорижий мамлакатларда экологик жиҳатдан тупроқнинг аҳволи танглигини, унумдорлиги йўқолиб бораётганлигини 40 – 50 йил олдинроқ англаб етишди. Синтетик кимёвий моддаларни тупроқ экологиясига салбий таъсирини ўйламасдан қўллаш ўта ёмон оқибатларга олиб келишини тушуниб, аҳволни тубдан яхшилаш чоралари кўрилди. Кўплаб мамалакатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда синтетик ўғитлардан, айниқса пестицидлардан тўла воз кечилиб, “биологик деҳқончилик”ни жорий этилди.
Демак, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишга фақат органик моддалар орқали эришиш мумкин. Уни органик моддалар билан тўйинтиришнинг асосий манбаи беда билан кўпроқ алмашлаб экиш, такрорий экин сифатида соя, ерёнғоқ, жайдари нўхат каби резаворларни етиштиришдир. Улар тупроқда соф ҳолда 100-120 килограммгача азот қолдиради.
Маълумки, далалардаги бегона ўтлар экин турлари бўйича 11 фоиздан 43 фоизгача, зараркунандалар ва касалликлар 13 фоиздан 40 фоизгача ҳосилга зиён етказади. Уларнинг кўпайишига йўл қўймаслик учун кимёвий ва биологик усуллар билан кураш олиб бориш ҳам эътибор марказида бўлиши зарур.
Бу тадбирларни амалга оширишда ҳозирги кунда “Тупроқ клиникаси” мобил лабораториялари яқин кўмакчига айланиб боряпти. Махсус автомобилга жойлаштирилган ихчам асбоб-ускуналар ёрдамида экин вегетациясининг турли босқичларида тупроқнинг мелиоратив ҳолати, озуқа моддалари билан тўйингани ва бошқа агрокимёвий кўрсаткичларини даланинг ўзида аниқланади. Айни пайтда бажарилган кимёвий таҳлиллар асосида, экин парваришининг турли босқичларида минерал ва органик ўғитларни самарали қўллаш, суғориш муддати ва меъёрларини аниқ белгилаш бўйича амалий тавсиялар берилади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини тўғри алмашлаб экиш деҳқончиликни юксак маданият билан юритишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Унинг энг асосий вазифаси, биринчи навбатда, аҳолининг озиқ – овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш бўлса, иккинчи томондан, тупроқ унумдорлигини сақлаш, бегона ўтлар, қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликларига қарши самарали курашиш орқали экинлар ҳосилини оширишдан иборат.
МАСЪУЛИЯТЛИ БУРЧ, КУНДАЛИК АМАЛ
Республикамиз аҳолиси дастурхонини тўкин-сочин қилиш, фаровон ҳаёт кечиришни таъминлашнинг асосий имкониятларидан яна бири томорқалардаги ерлар унумдорлигини ошира бориб, бир мавсумда 3-4 маротаба ҳосил етиширишга эришишдир. Бу борада муайян тажриба бор. Олтиариқлик деҳқонлар 10-12 сотих майдонга камида 20 тонна чириган гўнг, 400-500 килограмм суперфосфат солиб, ерни шудгорлайди. Бунинг эвазига бир мавсумда 4 мартагача бодринг, маккажўхори, турп, пушта устида сабзи ҳосили олинади. Ришон туманидаги Қайрағоч қишлоғи миришкорлари 10-12 сотих ердан бир мавсумда камида 4-5 тоннадан бодринг, маккажўхори, турп, шолғом, уй саҳни ва кўча томондаги ишкомлардан ҳам камида 3 тонна узум, жами 21 тоннагача озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирмоқда. Қуваликлар 8-10 сотих ерда олма, нок, беҳи, анор, ўрик, гул, терак, қўйинки барча мевали-манзарали кўчатларини етиштиришга катта эътибор қаратяпти. Бир дона кўчатни нархи 6 минг сўмдан кам эмас. Бундан ташқари анор мевасини бир тупидан 30-40 килограм ҳосил олиб, катта дарамод кўрмоқда.
Битта оилага берилган томорқа ерини шундай тақсимлаш керакки, унда бир йил давомида етиштирилган картошка, сабзи, пиёз ва бошқа маҳсулотлар шу оилани таъминлабгина қолмай, ҳатто қишга сақлаб қўйиш, ортганини бозорга олиб чиқиб сотиш учун ҳам етсин.
Президентимиз раислигида шу йил 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилган видеоселектор йиғилишида ҳам аҳоли ихтиёридаги 380 минг гектар томорқадан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. Бу тажрибани 2,5 мингта маҳаллада жорий этиши вазифаси қўйилди Айни кунда бу борадаги ишлар Фарғона вилоятида ҳам олиб бориляпти ва бунда олим-мутахассисларнинг илмий ҳамда амалий тажриба-тадқиқотлари қўл келяпти.
Қолаверса, томорқа хонадонлар дастурхонини тўкин қилиш баробарида қўшимча иш жойларига йўл очади, фарзандларимизни ўз пешона тери билан ҳалол яшашга ўргатади.
Яна шуниси мамнуниятлики, жорий йилда мамлакатимиз бўйича илгари фойдаланишдан чиққан 135 минг гектар ерни қайта тикланди. Бу ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун муҳим манба ва қўшимча имконият дегани. Эндиликда уларда озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш ва қанча маблағ эвазига унусдорлиги таъминланган ерлардан самарали фойдаланиш вазифаси турибди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 170 миллиард сўм ажратилади.
Тупроқ – одамзотнинг муқаддас макони. Барча модда тупроқда унади, камол топади ва яна унга қайтади. У офтобдан зарра, сувдан қатра олиб, ризқ-рўзимиз манбаига айланади. Шундай экан, уни эъзозлаш ва оқилона фойдаланиш зиммамиздаги масъулиятли бурч, кундалик вазифаю амалимиз бўлиши зарур.
Одилжон ИБРОҲИМОВ,
Фарғона политехника институти профессори,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори