Шу боис миллий инновацион тизимни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, илмий тадқиқотлар учун инсон капитали, илм-фан, инновациялар ва технологиялар трансферини ривожлантириш, инновацион фаолиятни молиялаштириш тизими асосий йўналиш сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 6 июль куни “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон ҳамда ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу учун зарур ҳуқуқий, моддий базани яратишга қаратилган “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар соҳа ривожини яна бир поғонага кўтаряпти.

Илмий изланиш ва тадқиқотларни молиялаштириш долзарб масала. Боиси, илм-фан жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун катта имкониятлар очадиган куч саналади. Уни рағбатлантириш иқтисодиётни ривожлантириш, рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган илғор инновацияларни юзага келтиради.

Инновацион ривожланиш стратегиясида 2023 йил охиригача илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига харажатларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 0,17 фоизгача ошириш режалаштирилган. 2023 йилга доир сўнгги маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,16 фоизни ташкил этди. Бунинг натижасида инновацион тадбиркорлик ривожланиб, яратилган янги иш ўринлари кўпайди. Бундай натижага эришишда иқтисодиётнинг турли тармоқларида инновациялар кўлами ва самарадорлиги ортгани муҳим омил бўлди. 

Изланувчилар ўз ғояси лойиҳасини содда тарзда тақдим қилиши мумкин

Кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишига эришиш мумкин. Шу боис инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга талабни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун истаган изланувчи ўз ғояси лойиҳасини содда тарзда тақдим қилиши, янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар яратиши мумкин. Бу борадаги имкониятлар сўнгги йилларда юртимиз ва жаҳон бозорларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотлар тури кўпайишига хизмат қилмоқда.

Ўтган 2,5 йилда давлат дастурлари доирасида амалга оширилган тижоратлаштириш лойиҳаларининг умумий қиймати 375,9 миллиард сўм, хусусан 2023 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 189,6 миллиард сўмни ташкил этган. Тадбиркорлик фондлари ҳисобидан тижоратлаштириш лойиҳаларини молиялаштириш сезиларли даражада ошди. Тижоратлаштириш лойиҳаларига тадбиркорлик маблағлари ҳисобидан йўналтирилган инвестициялар улуши 62 фоизни, давлат грантлари ҳисобидан ажратилган маблағлар эса 38 фоизни ташкил этди.

Бугунги кун учун илм-фанни ривожлантириш давлат аҳамиятига молик энг муҳим стратегик вазифа саналади. 2023 йил сентябрь ҳолатига кўра, 92 та лойиҳа доирасида 198 та янги маҳсулот ва хизмат турлари, 812 та иш ўрни яратилди. Хусусан, Ўзбекистонлик олимларнинг ишланмалари асосида юқори технологияларга асосланган биоактив қопламага эга дентал тиш имплантларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур маҳсулот конструкция жиҳатдан хорижий аналогларидан қолишмайди ва маҳаллий хомашёлардан тайёрланган биофаол қобиқ билан қопланганлиги билан фарқланади.

Яна бир гап, маҳаллий микробиолог олимлар билан ҳамкорликда экологик тоза, ресурстежамкор ва иқтисодий самарали комплекс таъсир этувчи “Териа” серияли бактериал ўғитларни суюқ ва қуруқ ҳолда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, йилига 90 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, сувни молекуляр даражада юқори самарадорлик билан тозаловчи, ривожланган мамлакатлардан импорт қилинадиган аналогларига нисбатан арзон, шунингдек, истеъмолчилар талабларига қараб турли ўлчамларда ишлаб чиқариладиган тескари осмос сув фильтрлари маҳаллий олимларимиз лойиҳалари асосида яратилиб, савдо расталаридан ўрин олди.

Давлат буюртмаси эҳтиёжлардан келиб чиқиб шакллантирилади

Бизда илм-фанга ягона давлат буюртмачиси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳисобланади. Бу самарадор тизим иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат буюртмаси шакллантирилишини англатади. Буюртмачи томонидан муайян мавзулар эълон қилинади. Масалан, қишлоқ хўжалигида зараркунандаларга қарши курашиш, ўсимликлар касалланишининг олдини олишга қаратилган биологик усулларни яратишни олайлик. Бу борада кимёвий усуллардан фойдаланиш кутилган натижани бермайди. Ҳар бир ҳудуднинг ўз микрофлораси, шу билан бирга, касаллик ва зараркунандалари бор. Англашиладики, чет элда ишлаб чиқарилган препаратларни қўллай олмаймиз.

Янги лойиҳа яратмоқчи бўлганлар олдига мана шу масалалар кўндаланг қўйилади. Буюртма шакллантирилиб, унда кутилаётган аниқ натижалар, лойиҳа суммаси ёзилади ва танлов эълон қилинади. Таҳлилларга кўра, танловларда битта мавзу бўйича 5–6 тагача лойиҳа иштирок этади. Бу рақобат бор, энг яхши самара берадиган лойиҳани танлаш имкони юқори, дегани.

Хусусий сектор томонидан ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот ишларига йўналтирилган инвестициялар ҳажми режалаштирилган кўрсаткичларга нисбатан икки баробардан кўпроқ ошди. Вазирлик томонидан молиялаштирилган илмий лойиҳаларда хусусий секторнинг улуши 7 миллиард 35 миллион сўмни ташкил этди.

Илм-фанни ривожлантириш давлат аҳамиятига молик энг муҳим стратегик вазифа саналади. Инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда “тармоқ — ҳудуд — илмий/олий таълим ташкилоти” занжирининг яхлит тизимини жорий этишнинг аҳамияти катта. 2023 йилнинг 9 ой мобайнида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан умумий қиймати 71,95 миллиард сўмлик 67 та лойиҳа молиялаштирилди ҳамда 31,50 миллиард сўмлик хусусий сектор маблағи (cost sharing) жалб қилинди. Лойиҳалар доирасида 63 турдаги янги маҳсулот яратилди.

Йилдан йилга танловларда иштирок этиш истагини билдирган, муаммоларга ечим сифатида янги лойиҳалар ишлаб чиқаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол. Жорий йил 17–20 октябрь кунлари “InnoWeek.uz-2023” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Кузги тижоратлаштириш форуми” ўтказилди. Форум доирасида янги тижоратлаштирилган ишланмалар ва инновацион маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Натижада 32,6 миллиард сўмлик 50 та маҳаллий корхона ва ташкилотлар билан тижоратлаштириш лойиҳаларининг сотув шартномалари ҳамда 4,1 миллион долларлик 7 та экспорт шартномаси имзоланди.

Юқори технологияли маҳсулотларнинг экспортдаги улуши ошди 

Илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион (спин-офф) корхоналар сонини ошириш катта самара беради. Бундай ёндашувнинг афзаллиги шундаки, ҳудудий тармоқ ташкилотлари инновацияларга бўлган эҳтиёжлар портфелини ишлаб чиқиб, Инновацион ривожланиш агентлигига тақдим этади. Ўз навбатида, тармоқ муаммоларининг илмий ечимини таъминлаш бўйича ижрочи илмий/олий таълим ташкилоти, яъни инновацион “спин-офф” компанияни танлов асосида аниқлайди ва “1+1” принципи асосида тармоқ ташкилотлари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштиради. Маҳсулот бозорда муваффақиятли ўзлаштирилса, саноатда сериялаб ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида инвестиция портфели ишлаб чиқилади. Босқичма-босқич амалга ошириладиган жараёнда ғоя катта фойда келтирадиган маҳсулотга айланади.

Бугун 17 та “спин-офф” корхонаси иш бошлаган ва улар томонидан 92 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 69 хил хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида ташқи бозорларда юқори технологияли маҳсулотларнинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши 2,4 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йил охиригача 3 фоизга етиши кутилмоқда. Илмий-инновацион маҳсулотлар ва хизматларни жаҳон бозорига экспорт қилиш ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Бундай натижаларга эришишда тизимли ислоҳотлар асосий омил бўлмоқда.

Бизнеси бошқа компанияларга ёрдам беришдан иборат бўлган акселератор компаниялар резидентларга, жамоага бизнес моделни “чархлаш”, зарур контактларга эга бўлиш ва савдони амалга оширишда ёрдам берадиган дастурни таклиф қилади. Ҳудудларда стартап акцелерация дастурларини амалга ошириш якунлари бўйича жорий йил бошидан буён 71 та стартап лойиҳаси ишга туширилди.

Ҳудудларни инновацион ривожлантиришда “ақлли” технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорларга тез, қулай ва ишончли давлат хизматларини кўрсатишга қаратилган “Рақамли ҳукумат”,  профилактика ва диагностика имкониятларини кенгайтирадиган “Интеллектуал тиббиёт”, геоахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш, йўл ҳаракати ва жамоат транспорти ҳаракатини бошқариш имконини берадиган “Интеллектуал транспорт”, агросаноат мажмуасида самарали “яшил” технологияларга асосланган “Ақлли фермерлик”, даромад манбаларини кенгайтириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган “Ақлли маҳалла” технологиялари жорий этилмоқда.

Бунга эришиш учун инновацион фаолиятга йўналтирилган давлат молиявий ресурслари кенгайтирилади. Электрон кооперация портали орқали амалга ошириладиган инновацион маҳсулот ва хизматларни тўғридан-тўғри харид қилишга оид шартномалар реестрини юритиш ҳамда инвестицион лойиҳаларда инновацияларни жорий қилиш, ҳудудларда ўзлаштириладиган инвестиция лойиҳаларини технологик ечимлар билан тўлдириш, шу йўналишларга инвестиция олиб келинишида кўмаклашиш ҳам галдаги муҳим вазифамиз саналади.

Жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ҳал этиш қийин. Шунинг учун ҳам бугунги даврнинг ўзи илм-фан ривожини янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Мамлакатимизда кечаётган иқтисодий ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатни кузатар эканмиз, ҳар бир соҳа ривожи учун зарур омилларнинг барчаси мавжуд эканига, қолаверса, илм-фанни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, инновацион тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу каби ислоҳотлар, албатта, катта самара беради.

Шаҳло ТУРДИҚУЛОВА,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари,

профессор