Давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма шакллантирмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз”, деган гапи замирида юксак тараққиётни кўзлаган мақсадлар мужассам. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам ана шундай илғор мақсадларга хизмат қиладиган ва юртимиз имкониятларини дунёга танитадиган тузилма сифатида ташкил этилган.

Бугунги кунда мазкур вазирлик юртимиз илм-фани, техникаси ва инновациялар ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган иқтидор эгалари учун муносиб шароит яратмоқда. Вазирлик ҳузурида ташкил этилган турли ташкилотлар, технопарклар, ўқув ва амалий марказлар бу борада катта ишларнинг амалдаги ижросидир.

Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси (Инновациялар миллий офиси) фан-техника ютуқлари, инновацияларни тезроқ амалиётга жорий этиш ҳамда самарали технологияларни трансфер қилиш орқали халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, иқтисодиётимизни жадаллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.

Инновациялар миллий офиси бош директори Олимжон ТЎЙЧИЕВ билан суҳбатимиз инновацияларни амалиётга жорий этиш ва самарали технологияларни трансфер қилишда у раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг роли ва аҳамияти, келгусидаги режалари ҳақида бўлди.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар олдинги чорак аср давомида амалга оширилган ишлардан анча кўп бўлди, десам адашмайман. Илмга асосланиб қисқа даврда катта натижага эришишнинг ўзи инновация, — дейди О.Тўйчиев. — Илм­-фанга қизиқиш, тадқиқ этиш қон-­қонимизга сингган. Генларимизда яшаяпти. Бироқ, мустақиллик йиллари олимларимиз яратган юзлаб ихтиро ва инновацияларнинг саноқлиларигина амалиётга татбиқ этилди.

Халқаро тажрибага кўра, инновацияларни амалиётга жорий этиш уларни яратишдан кўра қийин ҳисобланади. Чунки инсон табиатан янгиликларни дарров қабул қилавермайди. Қолаверса, ҳар қандай янгилик, ихтиро ҳам инновация бўлавермайди. Бошқаларига нисбатан самаралисинигина инновация деб ҳисоблаш мумкин. Шу боис, инновацияларни жорий этиш мураккаб, бироқ шарафли вазифадир. Инновациялар миллий офиси айнан шундай масъулиятли вазифани ҳал қилиш жараёнида қатнашади. Жорий қилишгача бўлган давр оралиғида янги ишланмани баҳолайди, кузатувлар асосида таҳлил қилади. Иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, инновацияларни жорий этишга асосий эътибор қаратади. Шунингдек, тижорийлаштиришга тайёр ишланма ва маҳсулотларни тарғиб этиш ҳамда тегишли инвесторларни жалб қилишда кўмаклашиш вазифаларимиздан биридир.

Ташкилотимиз номига тўхталсак, миллий сўзининг ўзида бир қанча маъно бор. У юртимизнинг ҳар бир фарзандига ғурур-­ифтихор бағишлайди. Худди шунингдек, Инновациялар миллий офиси келажакда ўз брендимиз асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда жаҳонга машҳур технологияларни яратишда миллий руҳ ва қадриятларимизга таянади.

— Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда муайян туманларни инновацион ҳудудга айлантиришда Инновациялар миллий офисининг ҳиссаси қандай?

— Инновациялар миллий офиси чекка туман ва қишлоқларга ҳам технологиялар олиб кириб, инновацион муҳит яратиш, уларни инновацион ҳудудга айлантириш борасида қатор вазифаларни амалга оширишни режалаштирган. Бу бўйича бир нечта вилоятни ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилди. Жумладан, Андижон вилояти Марҳамат туманида Андижон тажриба-­кўргазма майдони ташкил этилди. Унинг негизида энг сўнгги технология ва инновацияларни тарғиб этувчи ҳамда аҳолига етказиб берувчи, “техношоп” тамойили асосида ишловчи инфратузилма пайдо бўлди.

Бундан ташқари, доривор ўсимликларни қайта ишлаш орқали фармацевтика маҳсулотлари ҳамда чорвачилик ва балиқчилик учун юқори оқсилли ем-озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Балиқчилик учун эйхорния ўсимлиги етиштирилмоқда. Германия технологияси асосида амарант ўсимлигини қайта ишлаш орқали жаҳон бозорида талаб кучли бўлган амарант ёғини олишга эришилди. Бу шифобахш ёғ жигар циррози ва бадандаги турли тошмаларга даво бўлиши тадқиқотларда ўз исботини топмоқда.

Ҳозир қандли диабет касаллигига чалинган беморлар учун шакар ўрнини босувчи стевия ўсимлигини етиштириш йўлга қўйилмоқда. Сирдарё туманида бизнес акселератор ўқув-амалий маркази ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу марказда ёшлар янги технологиялар билан ишлашни ўрганиш баробарида ўқув курсини муваффақиятли тамомлагач, ўз иш ўринларига эга бўлмоқда.

Сирдарё бизнес акселератор ўқув­-амалий марказида ёшларнинг инновацион фаолият билан шуғулланиши учун Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги ташқи беғараз кўмаги жалб қилинди. Ушбу маблағ канцелярия ва озиқ-­овқат маҳсулотлари, мих ҳамда хўжалик ишлари учун қўлқоп ишлаб чиқариш мақсадида ажратилган.

Ўқув-амалий марказ ўқувчиларни тикувчилик, сартарошлик, пайвандлаш, пазандалик, рус ва инглиз тиллари ҳамда компьютерда дастурлаш каби турли касбларга йўналтиради. Тажрибали мутахассислар томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларига таълим берилмоқда.

Қувонарлиси, марказни битирган ёшлар орасида ўз фаолиятини сифатли йўлга қўйганлар кўпчилик. Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси доирасида олис ҳудудларда жойлашган мактабларда инновацион кутубхона ташкил этилди.

Туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган 8 та мактабга WI­Fi тизими шаклида таълим ва маълумотлар ресурсларини ўз ичига олган Q­Bох офлайн тизими ўрнатилди. Бу қурилма Марҳамат туманидаги илғор технологиялар асосида қад кўтарган кутубхонага ҳам жойлаштирилди.

— Инновациялар миллий офиси вазифалари қаторида ноу-хаулардан фойдаланиш бў йича консалтинг хизматлари кўрсатиш ҳам қайд этилган. Шу хусусда ҳам маълумот берсангиз.

— Инновация барча соҳа учун бирдек зарур. Кўплаб соҳаларга жорий этилаётгани боис, янгича талқин ва тушунчалар ҳам ўз-­ўзидан кириб келмоқда. Шу муносабат билан ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари ёш олимлар ва инноваторлар тўқнаш келаётган масалалар юзасидан консалтинг хизматлари кўрсатишни йўлга қўйдик. Ҳозир кўплаб ёш олимлар лойиҳаларни шакллантириш бўйича мурожаат қилмоқда. Инновациялар миллий офиси ходимлари уларга лойиҳаларни бошламай туриб жорий этиш, манфаатдор томонни излаб топиш, жараённи қандай амалга ошириш ва шакллантириш бўйича зарур маслаҳатлар бериб, керакли тренинг машғулотлари ўтказмоқда.

— Инновациялар миллий офиси томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ёшлар — юртимиз келажаги. Шу сабабли имкон қадар уларнинг меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантиришга эътибор қаратиб келмоқдамиз. Ҳар мавсумда юртимиздаги бирор ҳудудни танлаган ҳолда, айнан иқтидорли ёшларни ўзида жамлаган “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафонини мунтазам ўтказяпмиз.

Бу йил Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ёшларини жалб этган ҳолда, тўрт кун давомида йигит-­қизларнинг технологик билимини ошириш, уларни илғор технологиялар билан яқиндан таништириш мақсадида марафон ташкил этилди. Муҳими, унинг доирасида тажрибали менторлар томонидан ёшларнинг лойиҳаларини қўллаб-­қувватлаш, тўғри таҳлил қилиш, инновацион ишланмаларини тақдим этишда тўғри йўналиш ва кўрсатмалар бериш масаласи инобатга олинган.

Марафон доирасида Инновациялар миллий офисида мавжуд барча илғор технологиялар вилоятларга олиб борилади ҳамда ёшлар улардан фойдаланиш ва қўллашни тадбир давомида ўрганади. Шунингдек, нафақат ёшлар, балки инновацион ишланмаларга қизиқувчи барча аҳоли қатлами учун ўша манзилда кўргазмалар майдони ташкил этилади.

Бундан ташқари, инновацион технологияларни ўзида мужассам этган техnоbus мавжуд. У юртимизнинг энг чекка туман ва қишлоқларига бориб, ёшларни технологиялар билан яқиндан таништиради. Texnobus фаолиятидан асосий мақсад қишлоқларда истиқомат қилаётган ёшларнинг замонавий технологиялардан, уларнинг имкониятидан хабардорлигини ошириш ва шу орқали янги креатив ғоялар шаклланишига туртки беришдир. Қолаверса, 1 июндан эътиборан “Science Summer­2021” лойиҳаси доирасида таътил даврида кенг қамровли тадбирлар уюштиришни белгилаб олдик.

Бундай тадбир ҳар ҳафта ёки икки ҳафтада бир ўтказиб келинмоқда. Яқиндагина бу тадбир Инновациялар миллий офиси замонавий лабораторияларида бўлиб ўтди. 3D прототиплаштириш ва аэрокосмик лабораториялар болаларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари робототехника лабораториясида мустақил равишда “кичик” схемаларни ишлатишни ўрганди.

Жорий йилда офис томонидан яна бир йирик лойиҳа — “Ихтирочи абитуриент” танлови эълон қилинди. У янгилик яратишга қизиқувчи абитуриентларга ўз ишланмаларини тақдим этиш ва улар орасидан сараланадиган “оригинал ғоя” эгалари қаторида Турин университетига имтиёзли ўқишга кириш йўлланмасини қўлга киритиш имконини беради. Ўйлайманки, бу ёшлар учун жуда катта имконият. Ахир талаба бўлиш ва нуфузли олийгоҳларда имтиёзли таълим олиш — ҳар бир йигит-­қизнинг орзуси.

— Миллий офис фаолиятида технологиялар трансферини ҳам амалга ошириш белгиланган. Айтиш жоиз, “трансфер” ҳам нотаниш сўзлар қаторига киради. ушбу сўзнинг маъноси, моҳияти нимада ва бу борада қандай ишлар бажарилиши кўзда тутилган?

— “Трансфер” инглиз тилидан олинган бўлиб, бир жойдан иккинчи жойга ўтказиш, деган маънони англатади. Демак, сўзнинг маъносидан келиб чиққан ҳолда, технологиялар трансфери ибораси самарали технологияни муайян соҳа, йўналиш ёки мамлакатдан иккинчисига мослаштириш, деган маънони англатади. Технологиялар трансфери шиддат билан ривожл аниб бораётган ҳозирги даврда ниҳоятда муҳим фаолият саналади. Чунки баъзан “ғилдиракни қайта кашф этмай” энг самарали технологиядан фойдаланиш вақт, маблағ ва энергия каби ресурсларни бошқа ишларга йўналтириш имконини беради. Лекин бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: ҳеч бир технологияни шундайлигича трансфер қилиб бўлмайди. Уни, албатта, маҳаллий шароитга мослаштириш, тегишли ўзгартириш киритиш талаб этилади. Мисол учун, ўпкани сунъий шамоллатиш ва наркоз­нафас олиш аппаратлари сув ва ҳаводек зарур бўлган пандемия шароитида Инновацион ривожланиш вазирлиги иштирокида қисқа муддатда мазкур ускуналар трансфери амалга оширилди ҳамда юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, яқинда Инновациялар миллий офиси АҚШнинг USAID ташкилоти кўмагида энергетика соҳаси учун “LiDAR” технологиясини Ўзбекистонга трансфер қилишга муваффақ бўлди. Марказий Осиёда муқобили бўлмаган бу замонавий ўлчов қурилмаси юртимиз ҳудудларининг қуёш ва шамол салоҳиятини юқори аниқликда ўлчаш имконини беради. Келгусида дунёдаги айнан шу каби энг самарали технологияларни жамият ва ишлаб чиқаришдаги муам молар ечимини топиш учун трансфер қилиш ва шу орқали янги имкониятларни яратиш кўзланган.

— Демак, технологияларни трансфер қилиш жараёнида ўз-ўзидан хорижий давлатлар билан муносабатлар юзага келади. Бу борада Инновациялар миллий офиси томонидан қандай ишлар бажарилмоқда?

— Жаҳон тажрибаси ва чет эл билан алоқалар фаолиятимизда катта аҳамият касб этади. Шу ўринда халқаро муносабатларни ривожлантириш борасида ҳар йили кузда ўтказиладиган “InnoWeek” инновац ион ғоялар ҳафталигини эслаш жоиз. Бу ҳафталикда юртимиз ва хорижлик ҳамкорлар томонидан инновацион ишланмалар ярмаркаси ташкил этилади. Жараёнда асосий эътиборни инвесторларни жалб қилишга қаратамиз. Бу йилги тадбирга ҳам тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганмиз. Инновацион ғоялар ҳафталигида жуда кўп мамлакатлар вакиллари иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Бундан ташқари, яқинда Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлиб қайтдик. Шарқий Европа минтақасидаги энг йирик “Сколково” технопарки раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

Сафар давомида ушбу технопаркнинг бошқарув тизими, ёшларнинг инновацион ғояларини ривожлантириш, қўллаб­қувватлаш ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича йўлга қўйилган янгиликлар билан яқиндан танишдик. “Сколково” тажрибасини Ўзбекистон бўйлаб бунёд этилаётган Ёшлар технопаркларига татбиқ қилишда кўмаклашиш ҳамда россиялик ҳамкорлар билан бирга, шу йилнинг ноябрь ойларида “Стартап­тур” танловини юртимизда ташкил қилиш бўйича келишувга эришдик.

Шунингдек, Татаристондаги “Иннополис” технопаркини ҳам бориб кўрдик. Технопарк резидентлари томонидан лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, компьютер ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ICL компаниясининг телетиббиёт ҳамда таълим соҳасидаги ишланмалари, AIDOS компаниясининг тиббиёт ва мехатроника соҳасидаги симуляторлари билан яқиндан танишдик.

Учрашувда Инновациялар миллий офиси ҳамда “Иннополис” технопарки ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Қизиғи, бу учрашувдан кўп ўтмай, “Иннополис” технопарки делегацияси яқинда Инновацион ривожланиш вазирлигида кутиб олинди. Меҳмонлар фаолиятимиз билан яқиндан танишди. Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари белгилаб олинди.

— Тўртинчи саноат инқилоби технологияларининг вужудга келиши бўйича ташкил этилган халқаро онлайн конференцияда ҳам иштирок этдингиз. Анжумандан кўзланган асосий мақсад нима эди? У мамлакатимиз учун қанчалик муҳим?

— Инновациялар миллий офиси технологиялар трансфери соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилот — БМТ тизимидаги Осиё­-Тинч океани минтақасида технологиялар трансфери маркази аъзолигига қабул қилинган. Ушбу ташкилот ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан “Тўртинчи саноат инқилоби технологиялари” мавзусида конференция ташкил этилди.

Осиё­-Тинч океани минтақаси мамлакатлари иқтисодий жиҳатдан тез ривожланмоқда. Шундай бўлса­-да, ижтимоий­-иқтисодий соҳаларда ривожланишнинг муҳим қатламларида муаммолар учрайди. Конференция қатнашчилари томонидан ривожланишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тўртинчи саноат инқилоби технологияларини барқарор ривожлантириш ҳамда илгари сурилаётган мақсадларни қўллаб­қувватлаш учун инновацион ечимлар ва янги имкониятлар таклиф этилди. Бу дегани, барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш учун тўртинчи саноат инқилоби технологияларини ишлаб чиқишда минтақавий ҳамкорликни ривожл антириш бўйича маслаҳатлар тақдим этилади.

Ушбу халқаро конференциянинг аҳамияти шундаки, у ҳамкорликдаги инновацияларнинг муаммолари, стратегиялари ва энг яхши амалиётини муҳокама қилиш учун платформа яратади. Шунингдек, бу минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва Осиё­-Тинч океани минтақаси кооперация тармоқларининг ушбу технологиялар тарқалишидаги ўрнига оид муҳокамаларга ёрдам беради. Конференция қатнашчиларига трансфер технологияларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича таклифлар бердик. Улар юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш фикри маъқулланди.