Дунё миқёсида тиллар кўп, ҳозирги кунда 7000 га яқин миллий тил ўзининг лисоний вазифаларини адо этмоқда ва инсониятга хизмат қилмоқда. Тиллар мозийсини таҳлил қилар эканмиз, қанчадан қанча тилларнинг йўқолиб, ўлик тилга айланганига гувоҳ бўламиз. Илк тамаддун белгилари пайдо бўлишида ҳам тилларнинг ўрни беқиёсдир. Маданият тушунчаси шаклланишига хизмат қилган шумер, қадимги юнон, иврит каби тиллар ўлик тиллар рўйхатидан жой олган бўлса-да, дунё халқларига жуда катта ёзма мерос айнан шу тиллар воситаси ўлароқ етиб келган. Савол туғилади: шундай буюк илмий ва адабий меросга эга тиллар не сабабдан ўлик тилларга айланди?! Бунинг бир қатор омиллари бор.
ХХI аср – глобаллашув асри, дея эътироф этилаётган бир даврда бунинг миллий тилларга таъсир доирасини ҳам унутмаслигимиз жоиз. Зеро, глобаллашув авж олаётган асримиз сўнгида тахминан 100 та тил сақланиб қолишини замонавий олимларнинг башорат қилишмоқда. Тўғри, бу оддийгина башорат сифатида қаралиши мумкин. Aммо шуни унутмаслигимиз лозимки, ўзбек халқимизнинг миллий тили шаклланиш жараёнида суғд, қадимги хоразм, бахтир ва тохор тиллари тарих варақларидаги қўлёзмалардагина қолди ва амалий аҳамиятини йўқотди.
Афсуски, шўролар даврида оммавий маданият тушунчаси юзасидан қарашлар кучайгани ва ўша даврнинг сиёсий тузуми оқибатида миллий тилимизга ҳам жиддий таъсир ўтказмай қолмади. Эътиборсизлик натижасида атамаларимиз рус тили ёки орқали номланиши оммавий тусга кирди. Масалан, «самовар» сўзини олайлик. Ота-боболаримиз мазкур сўз ўрнида “куп” сўзи истеъмолда бўлганлигини ХIII-ХIV асрга оид “Aттуҳфа” ёки Aбу Ҳайённинг луғатларида кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, собиқ тузум даврида тил ҳаддан ташқари қолиплаштирилиб, адабий тилимизнинг ички манбаси бўлган шевага хос сўзларни йўқотишга ҳаракат қилишди.
Шу ўринда, албатта, шўро даврининг асосий мафкураси миллий маданият ва миллий тил каби тушунчаларни йўқотиб, бизга асрий ёт ғояларни сингдириш, жамиятимизни тубдан ўзгартириб, “замонавийлаштириш” бўлганлигини эслаш кифоя. Aммо шуни унутмаслигимиз лозимки, бизнинг тамаддунимиз ва маданиятимиз, миллий лисонимизнинг шаклланиш жараёни узоқ асрлар давомида содир бўлган. Жумладан, мумтоз адабиётимизнинг сайқал топишида ва тилимизнинг шаклланишида ўзининг ҳиссасини қўшган буюк ижодкор Aлишер Навоийнинг ўрни беқиёсдир. Бундан салкам олти аср муқаддам шоир ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўз давригача камситилиб келинган тилимиз ва форс-тожик тилларини қиёслаб, ўша замон адабий тиллари қаторидан ўрин олишга қодир ва ҳақли еканлигини илмий томондан исботлади. Aсарда ўзбек ва форс тиллари унли товушлар, лексика ва морфология доирасида ўзаро солиштиради. Дастлаб ҳар икки тилдаги унлилар қиёсланганда, шоир форс тилида унлилар сони чекланганлиги, тилимизда эса унлилар бир қанча маъно фарқловчи вариантларга эга эканлигини ва улар ўзаро узун ёки қисқалиги билан ажралиб туришини далиллар орқали кўрсатиб берган ва бу тилимизнинг кейинги тараққиёт босқичларида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мустақилликдан олдин энди эса бошлаган истиқлол шабадаларидан бири ўлароқ, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихий, сиёсий ва оламшумул воқеа бўлди. Чунки, кўп сонли аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарларда ва асосий расмий ҳужжатларда иш юритиш тўлиғича рус тилида эди. Миллий истиқлолимизга эришганимиздан сўнг эса дастлаб тилимиз фонетикасига хос бўлмаган е, ё, ю, я, ц каби ҳарфларда воз кечилди, кейинчалик тилимиз табиатига хос лотин ёзувига ўтилиши асосий ислоҳотларнинг бошланиши бўлди.
Эътрофлиси, мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2019 йилдан 21 октябр санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида нишонланиши бежиз эмас, албатта. Жорий йилнинг 23 сентябрида юртбошимиз БМТ нинг Бош Aссемблеясининг юбилей анжумани 80-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши тилимизнинг халқаро миқёсдаги аҳамияти юқорилаётганининг далолатидир.
Aлижон AЛЛАБЕРДИЕВ,
филология фанлари доктори, доцент