Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Жумладан, Тараққиёт стратегиясида шахс, инсон қадри биринчи ўринга қўйилиб, “инсон – жамият – давлат” янги тамойили давлат ҳамда жамият бошқарувининг меҳварини ташкил этади. Умуман, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадрқиймати юртимиздаги барча ислоҳотларнинг туб моҳиятига айланган. Хусусан, инсонийлик ва меҳр-оқибат бешиги бўлган маҳаллаларимизда бундай ҳаётбахш ўзгаришлар яққол акс этаётир.
Манбаларга кўра, “маҳалла” сўзи арабчадан олинган бўлиб, “ўpин, жой” маъноларини англатади. Бу сўз тypли даврларда, турли жойларда маҳаллот, жойигузар, жамоа, элат, эл каби тушунчалар билан ифодаланган. Айрим манбаларда маҳалла узоқ тарихга эга экани ва унинг пайдо бўлганига икки-уч минг йилдан ошгани ҳақида маълумотлар учрайди.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, жез даври ёдгорлиги бўлган Сополлитепада саккизта оила яшаган. Кейинчалик уларнинг сафига патриархал тизим асосида юздан ортиқ оила қўшилган. Катта оилалар жамоасини оқсоқоллар бошқарган, улар эса, ўз навбатида, оқсоқоллар кенгашига бирлашган. Наршахий “Бухоро тарихи” acapида Бухорода бундан минг йил аввалги маҳаллалар ҳақида маълумот бериб ўтган. Алишер Навоий эса “Ҳайрат ул-абpop” асарида “Маҳалла шаҳарча ичидаги шаҳарчадир”, деб ёзади.
Тарихчилар Амир Темур даврида маҳаллалар ривожланиб, равнақ топганини эътироф этади. Маҳалла жамоавий яшашнинг, ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос кўриниши эканини эътиборга олсак, юртимизда бугунги тараққий этган жамиятни барпо этишга интилиш анча олдин бошланганига гувоҳ бўламиз. Чунки маҳалла халқимизнинг менталитети, дунёқараши асосида пайдо бўлгани учун йиллар силсиласида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади, аксинча, ривожланиб, замонавий кўринишга эга бўлиб борди.
“Маҳалла” сўзи замирида бағрикенглик, ахлоқ, поклик, ростгўйлик, омонатга хиёнат қилмаслик, меҳр-оқибат, дўстлик, садоқат, киндик қони тўкилган жойнинг қадрига етиш, уни қадрлаш каби ҳаётий тушунчалар жамулжам. Унинг бағрида сахийлик, эл-улусни англаш, унинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш, соғлом оила ва фарзандга эга бўлиш, болаларни эл-юрт хизматига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш, ота-она ва бошқа катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, ҳ аромдан ҳазар, олижаноблик, қўшниларга, атрофдагиларга мурувват сингари сифатлар тарбияланади, ҳаётга татбиқ этилади.
Шу сабабли, одамлар азалдан ўз маҳалласини қадрлаган. Унинг равнақи, аҳолисининг фаровонлиги учун қўлидан келадиган барча ишни қилган. Бу ерда истиқомат қиладиган одамлар туғишган оғa-ини, опа-сингил, қон-қариндош каби меҳр-оқибатли бўлиб, яхши ва ёмон кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Халқимизга хос ўзини ўзи бошқарув тизимининг бу ноёб усули қадимдан одамлар ҳаётидан чуқур жой эгаллагани бежиз эмас. Биз “Маҳалла — ҳам ота, ҳам она” ҳикматини ана шу ҳақиқатнинг ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Тафовут қиёсда кўринади
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз. Бунга исбот учун мисолни олисдан излашга асло эҳтиёж йўқ. Ҳар биримиз ён-атрофимизга назар ташласак бас, исботини кўрамиз. Эл азиз бўлмаганида, шаҳар ёки туман марказларини қўйинг, овуллар, қишлоқлар, маҳаллаю кўчалар шунчалик обод бўлармиди?! Саҳро ичра сўлиб, харобага айланган Мўйноқ шундай кўркам қиёфа касб этармиди?! Ҳатто номи ҳам йўқ бўлиб кетган Бўзатов обод бўлармиди?! Нукус гуллаб-яшнаб, туманлар шунчалик ўзгарармиди?!
Биргина Оролбўйида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 80 дан ортиқ қишлоқ ва овулнинг қиёфаси тубдан янгиланди. Қорақалпоғистоннинг ўзида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида ўн мингдан ортиқ хонадонли янги уй-жойлар қурилди. Замонавий боғчалар, мактаблар, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканларини-ку санаб адоғига етиш мушкул.
Яқин-яқингача қорақалпоғистонликлар оғир жарроҳлик амалиёти учун узоқ йўл босиб, не машаққатда Тошкентга келар эди. Бугун эса бундай амалиётлар Нукус шаҳри, Хўжайли, Беруний туманларида ўтказилмоқда. Қанча-қанча инсонлар соғлом ҳаётга қайтмоқда. Тўғри, биз боболаримиз каби уруш ва унинг оқибатларини кўрмадик. Очлик, қаҳатчилик нималигини билмадик. Аммо бизнинг ҳам ёшларга айтиб берадиган, уларни бу кунларнинг қадрига етишга ундайдиган, даъват этадиган хотираларимиз бор.
Зеро, биз мустақилликнинг дастлабки йилларидаги, ҳатто яқин йилларгача давом этган қийинчиликларга гувоҳ бўлдик. Масалан, узоқ ва яқин тарихимизга дахлдор бўлган пахта йиғим-терими ғала-ғовурларини эсга олайлик. Ўқувчи мактабга борса, ўқитувчи пахтада, бемор шифохонага борса, шифокор пахтада, давлат идоралари эшигига “Ҳамма пахта теримида”, деб ёзиб, қулф урилган. Бошингга тош қуласа ҳам, додингни эшитадиган одам йўқ. Ўша пайтлари “Ҳали шундай кунлар келади, “Нима муаммонг бор?” деб уйингга бориб, эшигингни тақиллатиб туришади”, деса, ким ишонарди?!
Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида барча туман ва шаҳардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Ўтган йилнинг ўзида ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлни таъмирлашга 2 триллион, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилди. Электр таъминотини яхшилаш долзарб масала эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоғи, 4 мингдан ортиқ трансформатор таъмирланди ҳамда янгиланди. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилди.
Газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 632 километр газ тармоғи ва 2 минг 121 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 9061 та суюлтирилган газ баллони талабгорларга етказиб берилди. Қишлоқ ва маҳалла кўчаларини ободонлаштириш йўналишида 1 минг 473 километр пиёдалар йўлаги, 952 километр велосипед йўлаги, 1 минг 781 та спорт майдончаси ва 381 та болалар майдончаси таъмирланди.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда қиймати 485 миллиард сўмлик лойиҳалар бошланди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида инсон ҳақ-ҳуқуқлари масаласида адолатни таъминлаш мақсадида янги механизмлар, институтлар жорий қилинди.
Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 966 та мактаб, 550 та мактабгача таълим ҳамда 331 та тиббиёт муассасаси, 13 та маданият объекти, 59 та спорт иншоотида қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Маҳаллаларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун 11 та маданий мерос объекти, 55 та туризм ва ёндош инфратузилма объекти, 255 километр йўл, 45 та муҳандислик-коммуникация тармоғи таъмирланди. Асосий эътибор ҳудуддаги ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга қаратилди.
Бунда биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож, энг оғир шароитда яшаётган ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз инсонларнинг муаммосини ҳал қилишга эътибор қаратилди. Энг муҳими, бугун ана шу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Кўз ўнгимиздаги янгиланишлар
Ҳозир ислоҳотлар шиддат билан давом этаётгани учун ҳаётимизда ҳар куни бирор муҳим ўзгариш, янгилик бўляпти. Буни кўпчилик ўз турмушида ҳам яққол ҳис қилмоқда. Сўнгги уч йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 1500 дан ортиқ қишлоқ ва маҳалладаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Шунингдек, уларда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. 2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бажариладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланди.
Шунга мувофиқ, жорий йилнинг ўзида 413 та қишлоқ ва маҳаллада бошланган қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари якунига етаёзди. Умуман, бу дастурлар доирасида ички йўлларни таъмирлаш учун жами 2 триллион сўм, ичимлик сув т аъминотини яхшилаш учун 1 триллион сўм, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш (таъмирлаш) ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм ажратилади. Бу кичкина маблағ эмас. “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бу.
Шу мақсадда жорий йилги дастурлар доирасида 4 минг 100 та маҳаллани обод қилиш, болалар боғчаси, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм ажратилди. Бунинг эвазига 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди. 672 та маҳаллага ичимлик сув тармоғи тортилди. 34 та янги мактаб барпо этилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди.
Уларда қўшимча 78 минг ўқувчи таълим олишига имконият яратилди. Шунингдек, 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқ янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Бугунги кунда юртимизда 9 минг 370 та маҳалла бор. Президентимиз топшириғига кўра, уларнинг ҳар бирига тегишли мутасаддилар, жойлардаги раҳбарлар бориб, аҳоли билан учрашиб, одамларни қийнаётган муаммолар рўйхати шакллантирилган. Хусусан, йўл, ичимлик сув, суғориш тизими, электр таъминоти, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала кўтарилган.
4 минг 979 та маҳаллада режалаштирилган 5 минг 695 та қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади. Маҳаллаларда турмуш шароитларини яхшилашда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси айни муддао бўлмоқда. Жорий йилнинг иккинчи ярмида бу лойиҳада 9 минг 201 та (98 фоиз) маҳалла иштирок этди.
Овоз бериш якунларига кўра, 1 минг 221 та маҳалладаги 1 минг 418 та лойиҳа ғолиб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм ўтказиб берилди. Президентимиз аҳоли талабини қаноатлантириш ва маҳаллаларни обод қилиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш таклифини билдирди. Ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.
Энди ҳар бир вилоятнинг солиқ тушуми паст бўлган биттадан туманида тажриба тариқасида аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бундан тушган маблағ маҳалла бюджетида қолади. Маҳаллабай ва фуқаробай иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда барча соҳалар учун энг самарали йўл экани ўз исботини топмоқда.
Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб бўлишига қарамай, ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, ҳаётини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар б илан эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонларни кун тартибига чиқарди. Ушбу тизим, ўз навбатида, сиёсий чақирув ҳам ҳисобланади. Унга кўра, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ички ва ташқи ресурслар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар, турли идора ва ташкилотларнинг “фаолият йўлаклари” маҳаллалар бўйича ташкил этилади.
Бунинг натижасида айни вақтда юртимизда кечаётган ўзгаришлар моҳиятида “маҳаллабай” сўзининг аҳамияти кундан-кун ортиб бормоқда. Мазкур амалиёт натижасида барча ташкилот ва идораларнинг жойлардаги фаолияти айнан маҳаллалардаги ўзгаришлар ва бу орқали муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Ҳамжиҳатлик — давр тақозоси
Маҳалладаги муаммолар ва аҳолининг кундалик маиший масалаларини ҳал этиш биргина тизим ходимлари ёрдамида бартараф этиш имконсиз. Шу сабабли, бу жараёнда ҳар бир соҳа масъулларининг иштироки ва аралашуви муҳим. Жойларда маҳаллабай ишлаш механизмининг асосини ана шу тамойил — барча соҳа вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудлардаги масалаларни ечишга комплекс ёндашуви ташкил этади.
Айтайлик, бугун одамларнинг энг муҳим муаммосига айланиб бораётган газ ва иссиқлик таъминотини яхшилаш масаласини “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг жойлардаги масъуллари иштирокисиз ҳал этиб бўлмайди. Шунингдек, сув, йўл ва бошқа муҳим соҳаларда сезиларли ўзгариш ясаш учун ҳам шу ҳудуддаги айнан ўша тизим ходимларининг доимий иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Маҳаллабай ишлаш, таъбир жоиз бўлса, барча соҳа мутасаддиларининг бир ёқадан бош чиқариб, маҳаллалардаги муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишидир. Жойлардаги муаммоларни маҳаллабай аниқлаш ва бартараф этиш, маҳалла паспортидаги мезонлар асосида “қизил”, “сариқ” ҳамда “яшил” ҳудудларга ажратилган ҳолда барча маҳаллаларни “яшил” ҳудудга ўтказиш чораларини кўриш, ҳудудларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.
Улар кўмагида одамларни қийнаётган кўплаб ижтимоий муаммолар ечим топмоқда. Хусусан, ўтган йили ишчи гуруҳлар томонидан юртимиздаги мураккаб вазиятдаги маҳаллаларнинг ички йўллар, ичимлик сув ва электр таъминотини йўлга қўйиш, ирригация тармоғини яхшилаш бўйича кўплаб муаммолари ҳал этилди. Жумладан, чекка маҳаллалардаги ариқ ва зовурлар тозаланди, мевали ва манзарали дарахт кўчатлар экилди. Маиший чиқинди тўплаш маскани тартибга келтирилди.
Мингдан зиёд тунги ёритқич мосламаси ўрнатилди. Шунингдек, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида 80 мингдан ортиқ фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 6 мингга яқинига бепул дори-дармон, қарийб 1,5 минг нафарига ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ ҳамда протезортопедия воситалари тарқатилди. Эҳтиёжманд 6,5 мингга яқин фуқарога маиший техника, тикув машинаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари, мингдан зиёд юртдошимизга моддий ёрдам кўрсатилди.
Янги тизим нима беради?
Аввало, маҳалладаги ижтимоийиқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқадан фойдаланиш ҳолати ҳамда даромадли меҳнатга интилиш ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш имконияти пайдо бўлади. Тадбиркорликни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишлар белгиланиб, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий қудрати юксалтирилади.
Доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар қизиқишини ўрганиш орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, маҳалланинг ўзида иш билан таъминланади. Қолаверса, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандлик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олишига кўмаклашилади.
Томорқадан самарали фойдаланиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйиш имконияти оширилади. Бир сўз билан айтганда, кенг қамровли бу вазифалар изчиллик билан ижро этилиши маҳаллаларнинг чинакам обод ва фаровон масканга айланиши, халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар бўлишига замин ҳозирлайди. Бунинг илк нишоналарини аллақачон ён-атрофимизда, кўркам маҳаллаларда ҳис этяпмиз.
Тадбиркорлиги, ўз меҳнати билан даромад топиб, фаровонликка эришаётган хонадонлар мисолида кўряпмиз. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бундай обод ва кўркам гўшалар, мафтункор масканлар, намунавий хонадон ва кўчалар кўпайяпти. Халқимизнинг ҳаётга ишончи ошиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучаймоқда. Ҳа, ободлик бор жойда файзу барака, ривожланиш, тинчлик ва тўкинлик бўлади.
Юртимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимиз ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.