Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг  барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирганига ропапа-роса бир ой бўлди.

Маълумки, дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3000 га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 дан ортиқ турдаги товарларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. Унга киришдан олдин манфаатдор мамлакат зиммасига муайян шартларни бажариш вазифаси  юкланади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий меҳнат стандартлари соҳасида 16 та, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасида 11 та — жами 27 халқаро конвенцияни ратификация қилиши ва самарали амалга ошириши лозим.

Хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи махсус преференциялар тизимига аъзо бўлиши кейинги даврда Президентимиз ташаббуси давлат бошқаруви, фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик мамлакатни шакллантириш, иқтисодиётни либераллаштириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг амалий натижаларини ҳисобга олган ҳолда, қабул қилинганлигини эътироф этишмоқда. Бу биринчи навбатда, Европа Иттифоқи мамлакатларининг инвесторлари ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки берса, иккинчидан, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Қолаверса, мамлакатимиз кейинги уч ярим йил мобайнида Европа Иттифоқининг махсус преференциялар тизимининг талаб-тамоилларига доир барча мажбуриятларни  тўлиқ бажарди.

Мазкур мақомдан икки томон ҳам манфаат кўради. Ўзбекистон GSP+ ининг аъзоси сифатида маҳсулот йўналишларининг учдан икки қисмига тарифларни тўлиқ бекор қилиш орқали қўшимча иқтисодий имтиёзларга эга бўлди. Бу эса экспорт ҳажмининг ўсишига ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб этилишига хизмат қилади.

Катта бозордаги  рақобат

Ўзбекистонда яқин пайтга қадар қўлланиб келинган GSP доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш даражаси  87 фоизни ташкил этган. Маҳсулот сегментлари асосан тўқимачилик ва кийим-кечак, пластмасса, чарм-пойабзал товарлари, шунингдек, мева, сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келган.

Бугунги кунда Европа Иттифоқи ҳудудида 450 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маълумотларга қараганда,  ушбу иттифоққа аъзо давлатлар  ҳар йили бутун дунёдан 177 миллиард евро миқдорида кийим-кечак, 147 миллиард евролик матодан ишланган чойшаб, ёстиқ, кўрпа, сочиқ ва бошқа уй  буюмлари, 70 миллиард евродан ортиқ чарм ва ярим чарм-пойабзал маҳсулотларини  импорт қилади.

Агар мамлакатимизнинг тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатининг таркибига эътибор қаратсак,  айни ушбу тармоқларнинг ишлаб чиқариши ва экспорти ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Ўтган йили тармоқ корхоналари томонидан 1,9 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган товарлар дунё бозорига йўлланган. Лекин унинг фақатгина 74 миллион доллари,   чарм-пойабзал тармоғининг хорижга сотилган маҳсулотларининг атиги бир фоизи Европа бозорларига тўғри келган.

Мана эндиликда Ўзбекистон кўҳна қитъанинг GSP+ мақомига эга бўлган 9 - мамлакатга айланди. Мутахассислар ушбу имтиёздан фойдаланиб келаётган давлатлар фаолиятини таҳлил қилар экан, Покистон, Шри-Ланка, Мўғулистон, Бангладеш давлатлари асосий рақобатчи бўлишини, уларнинг GSP+ тизими бўйича экспортидаги тўқимачилик маҳсулотларининг улуши умумий ҳажмнинг камида 80 фоизини ташкил этаётганлигига эътибор қаратишади.

Хусусан, Покистон мазкур тизимда ишлашни қўлга киритганидан сўнг икки йил мобайнида Европага экспортни 40 фоизга оширди. Бугунга кунда унинг умумий миқдори 6 миллиард еврога етган. Бангладешнинг бу бозорга йўллаётган товарлари 17 миллиард еврога етай деб қолди. Шундай бир кезда,  Қирғизистон 6 миллион, Арманистон 68 миллион евролик маҳсулотни экспорт қилмоқда.

Ушбу маълумотлар ҳам кўрсатиб турибдики, Европа Иттифоқи бозорида Ўзбекистоннинг рақобатчилари кўп. Чунки, улар қаторида  Ҳиндистон, Ветнам, Индонезия, Камбоджа  ҳам бўлиб, улар дунёдаги йирик тўқимачилик махсулотлари ишлаб чикарувчилари ҳисобланади.

Янги босқич имкониятлари

Ўтган ҳафта ниҳоясида маҳаллий тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва уни “GSP+” тизимига асосан Европа Иттифоқи бозорида тарғиб қилишга бағишланган “Янги Ўзбекистон тўқимачилиги: Европа Иттифоқида “GSP+”нинг бенефициари” номли форум бўлиб ўтди. Тадбир "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ва Экспортни ривожлантириш агентлиги кўмагида ташкил этилди.

— Биз шу пайтга қадар бундай анжуманларни Фарғона водийси вилоятларида ўтказдик, — деди “Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров. — У мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади. Асосий мақсад корхона, компаниялар, хусусий тадбиркорлик субъектларининг раҳбар -мутахассисларига Европа Итифоқининг GSP+ тизими имтиёзларини тушунтириш ва уларнинг мазкур имкониятлардан фойдаланишга тарғиб қилишдан иборат. 

Тўқимачилик саноати ташқи бозорга юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб бераётган истиқболли тармоқлардан бири. .Шундай экан, эндиликда тармоқнинг Европадаги ташриф қоғози қандай бўлиши керак, деган савол кун тартибидаги асосий вазифалардан бирига айланган.

Форумда ҳам бу масала кенг миқёсда муҳокама қилинди. Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, мамлакатимизнинг Бельгиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов, Германиянинг Ўзбекистондаги элчисининг ўринбосари Кристофер Фукс, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси раҳбари Йонас Аструп, GSP HUB гуруҳи раҳбари Виллем ван дер Гест, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти ваколатхонаси раҳбари Йорк Пуделка, Control Union сертификатлаш компанияси раҳбари Йохан Марис ва бошқаларнинг  иштирок этганлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди. Табиийки, улар GSP+ преференцияларинининг мамлакатимиз ва Европа бозори учун аҳамиятини таъкидлаган ҳолда, бу имкониятдан самарали фойдаланишда яқиндан ҳамкор  бўлишга ҳозирликларини ҳам билдиришди.

Ҳақиқатан, GSP+ тизимидан фойдаланиш Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.  Чунки, экспорт қилинадиган бир қатор муҳим товарларга тарифлар бекор қилиниб, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан экспорт қилинишии мумкин бўлган товарлар сони 6200 тага етди. Бу, аввалги мақомдан тикки баравар кўп, шу жумладан, SP + да 1000 дан ортиқ тўқимачилик маҳсулотларига оид позицияларни қамраб олган. Масалан, Ўзбекистоннинг ташқи бозордаги мавқеини таъминлаб келаётган гилам, мато, тўқимачилик материаллари ва тайёр буюмлари, кийим-кечак ва бошқа товарлар ўрин олган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, 2021 йилнинг дастлабки чорагида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда тармоқ корхоналари томонидан 648,1 миллион долларга тенг бўлган тўқимачилик маҳсулотлари хорижий мамлакатларга сотилдии ва республика экспортидаги улуши 29 фоизни ташкил этди. Илк бора корхоналар томонидан бир ойлик маҳсулот экспортида рекорд натижа қайд этилди – 240 миллион доллардан ошди.

GSP+ тизими қўлланилиши билан жорий йилда тармоқнинг экспорт ҳажми 142,1 миллион АҚШ долларига, 2022 йилда 242,2 миллион, 2025 йилга бориб 1,2 миллиард долларга етказилиши кутилмоқда.

Белгиланган натижаларга эришиш учун “Ўзтўқимачиликсаноат”  уюшмаси халқаро ташкилотлар ва саноат корхоналари билан ҳамкорликда тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорига олиб чиқиш стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Бу борада ҳар бир вилоятда маҳсулотни сертификатлаштириш, сифат ва маркетинг масалалари юзасидан ўкув-амалий тренингларни ўтказишни давом эттиради. Шу жиҳатдан олганда, форумнинг онлайн-гибрид шаклида ташкил этилгани ва унда юртимиз ишлаб чиқарувчилари билан бир қаторда Германия, Италия, Франция, Бельгия, Испания, Россия, Полша, Латвия ва Голландия тўкимачилик корхоналари мутахасисларини бир платформага бирлаштиргани ҳам истиқболдаги ҳамкорлик самарасига, тўқимачилик тармоғининг ташриф қоғозига бўлган ишончдан ҳам далолат бериб турибди.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи