Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва модернизация ишлари натижасида метро инфратузилмаси тубдан ўзгариб, пойтахт транспорт тизимининг энг муҳим қисмига айланди. Янги йўналишлар, замонавий поездлар, қулай тўлов тизимлари ва замонавий бекатлар Тошкент метросини Марказий Осиёдаги энг ривожланган метро тизимларидан бирига айлантирмоқда.
Қизиқарли жиҳати шундаки, қарийб 40 йил давомида Тошкент метрополитенида 29 та бекат мавжуд бўлиб, умумий узунлиги 38 километрни ташкил этган. Аммо сўнгги 7 йил ичида олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қўшимча 33 километр метро йўналишлари ва 21 та янги бекат қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда метро бекатлари сони 50 тага, умумий йўналишлар узунлиги эса 71 километрга етди.
Йўловчилар сони ҳам кескин ошди. Агар 2021 йилда бир кунда 280–300 минг йўловчи метро хизматидан фойдаланган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 1 миллиондан ошди.
Йўловчилар сонининг ортиши метро ҳаракат тизимини янада такомиллаштиришни талаб қилди. Шу сабабли сўнгги 5 йилда поездлар ҳаракати орасидаги вақт сезиларли даражада қисқартирилди. Масалан, Чилонзор йўналишида 2021 йилда поездлар ҳар 5 дақиқада ҳаракатланган бўлса, ҳозир бу интервал 1,5 дақиқага туширилди.
Шунингдек, 2021 йилгача метро тармоғида 40 та поезд ҳаракатланган бўлса, сўнгги йилларда 41 та янги замонавий поезд харид қилиниб, уларнинг умумий сони 80 тадан ошди. 2026 йил давомида эса яна 56 та замонавий вагондан иборат 14 та янги ҳаракат таркибини харид қилиш режалаштирилган.
Сўнгги йилларда метро бекатларида ҳам кенг кўламли янгиланиш ишлари амалга оширилди. “Халқлар дўстлиги”, “Новза”, “Мустақиллик майдони”, “Пахтакор” ва “Ҳамид Олимжон” бекатларида эски эскалаторлар янги замонавий турларига алмаштирилди.
Бундан ташқари, 1977 йилдан бери хизмат қилиб келган кўплаб техник воситалар ҳам янгиланди. Эски механик соатлар, катта электр сарфлайдиган эскалаторлар, тоннеллардаги қувур ва насос ускуналари замонавий технологиялар билан алмаштирилди.
Аввал метро бекатларида мобил алоқа ва интернет муаммоси кўпчиликни қийнаган бўлса, ҳозирги кунда бу масала деярли ҳал қилинди. Бекатларда мобил алоқа операторлари сигнали ишламоқда, бепул метро Wi-Fi тизими жорий этилди. Тоннелларда ҳам алоқа қамровини таъминлаш ишлари давом этмоқда.
Тўлов тизими ҳам тубдан ўзгарди. Илгари йўловчилар жетонлардан фойдаланган бўлса, ҳозир банк карталари, ATTO транспорт карталари ва 10 дан ортиқ мобил иловалар орқали тўлов қилиш мумкин. Шунингдек, Face Pay ва Palm Pay каби инновацион тўлов усуллари ҳам ишга туширилди.
— Метрополитенда ногиронлиги бўлган фуқаролар, кекса йўловчилар ва ёш болали оилалар учун ҳам шароитлар яратилмоқда, — дейди Ҳаракат хизмати бошлиғи ўринбосари Жавоҳир Мамасиддиков. — Ер усти бекатларида 20 та лифт ишламоқда. Ер ости бекатларида эса электрон кўтаргичлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бекатларда текширув тизими, металл детекторлар ва қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилган.
Бундан ташқари, миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда метрополитен орқали жами 286,8 миллион нафар йўловчи ташилган.
Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 161,1 миллион нафарга, яъни қарийб 2,3 баробарга ошган.
Ушбу кўрсаткич йиллар кесимида қуйидагича:
2000 йил — 125,7 миллион
2001 йил — 141,9 миллион
2002 йил — 136,4 миллион
2003 йил — 114,3 миллион
2004 йил — 95,6 миллион
2005 йил — 89,9 миллион
2006 йил — 69 миллион
2007 йил — 70,5 миллион
2008 йил — 73,4 миллион
2009 йил — 68 миллион
2010 йил — 65,6 миллион
2011 йил — 63,9 миллион
2012 йил — 65,5 миллион
2013 йил — 59,2 миллион
2014 йил — 54 миллион
2015 йил — 52,3 миллион
2016 йил — 53,5 миллион
2017 йил — 61,6 миллион
2018 йил — 69,1 миллион
2019 йил — 79,2 миллион
2020 йил — 38,8 миллион
2021 йил — 101,8 миллион
2022 йил — 136,7 миллион
2023 йил — 172 миллион
2024 йил — 270,3 миллион
2025 йил — 286,8 миллионга етган.
Бугунги кунда Тошкент метрополитени нафақат пойтахт аҳолиси, балки меҳмонлар учун ҳам энг тез, қулай ва замонавий транспорт турларидан бирига айланмоқда. Янги бекатлар, замонавий поездлар, рақамли тўлов тизимлари ва кенг инфратузилма метрополитенни янада ривожлантириб, келгусида ҳам миллионлаб йўловчиларга хизмат қилишда давом этади.
Зулхумор Акбарова,
Мадина Ботиржонова