Осиё Олимпия кенгашининг 2019 йил 28 сентябрда Доха шаҳрида (Қатар) бўлиб ўтган 73-Ижрокўм йиғилишида 2025 йилда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказишга розилик билдириш тўғрисида қарори қабул қилинган эди. Шунга кўра, мамлакатимиз Ҳукумати қарори билан “Тошкент-2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳамда “Тошкент-2025” ёзги Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар давтури тасдиқланди.

Бу билан боғлиқ вазифаларни ягона орган орқали тизимли амалга ошириш мақсадида юридик мақомга эга бўлган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида “Тошкент-2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси ташкил этилди. Дирекция зиммасига юртимизда Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича Осиё Олимпия кенгаши (ООК) билан Ўзбекистон республикаси Ҳукумати ўртасида шартномалар, келишувлар, меморандумлар ва кафолат хатларини имзолаш тадбирларини олиб бориш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юклатилди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар Ташкилий қўмита Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Тошкент шаҳрига ташрифини ташкиллаштириш бўйича музокаралар олиб боради.