25 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда бўлиб ўтган «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасидаги ёшлар билан учрашувда мактаб ўқувчиларига сентябрь ойидан жорий этилаётган ҳоким стипендияси ҳақида маълум қилди.

— Стипендия масаласи Худо хоҳласа ҳал бўлади. Ҳоким стипендияси масаласи бўйича биз ҳозир мактаб ўқувчиларига бу йилдан режа қилдик. Ҳар бир мактабдан 5 та фан физика, математика, биология ва кимё ҳамда бу йил чет тилини қўшдик. Бешта ўқувчига ҳоким стипендияси бўлади. Сентябрдан бошлаб ҳар битта ўқувчига ойига 500 минг сўмдан ва уни тарбиялаган ўқитувчисига 1 млн сўмдан берилади. 9 ой ўқиса мактабда 5 млн сўм ҳар бир яхши ўқиган, ўзлаштирган ўқувчига тегади ва 10 млн сўм уни тарбиялаган ўқитувчисига бўлади», — деди Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Пойтахт ҳокими ОТМ талабаларига ҳам стипендия жорий этиш масаласига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, талабаларга ҳам стипендия ажратилишининг имкони «улар орасидан яхшилари етиши чиқиб, катта-катта солиқларни тўлаганларидан сўнг» пайдо бўлади.

«Секин-cекин бойисак [талабалар стипендияси] бўлади, бирданига ҳаммасини қила олмаймиз. Бу йил мактабда жорий қилдик, Худо хохласа ишларимиз юришиб, талабаларимиз ичидан яхшилари етишиб, катта-катта корхоналарни қуриб, улар катта-катта солиқлар тўлагандан кейин ҳоким стипендиялари пайдо бўлади. Талабалар зўр ўқиб, чет элга бориб, у ерда ишлаб, Ўзбекистонга солиқ тўламаса, қаердан бизда [стипендия] бўлади тўғрими? Ўзларингиз катта бўласизлар, ўзларингиз корхоналар очасизлар, ўзингиз солиқ тўлайсизлар ва ўшандан имкониятлар яратилади», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.