Минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг янги очиқ ташқи сиёсий стратегияси доирасида илгари сурилди. Ушбу ғоя Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали минтақамиз билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-сивилизацион йўналишларда тарихан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳудуд – Жанубий Осиёга чиқишни назарда тутади.

Мазкур конференция транспорт-логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” форматидаги ўзаро манфаатли стратегик алоқа моделини кўп томонлама муҳокама қилиш учун сиёсий ва экспертлар майдонини шакллантиришга мўлжалланган.

Тадбир очилиш маросими, битта ялпи мажлис, учта секцион йиғилиш ва якуний қисмдан иборат бўлади. Конференцияда 40 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлардан 250 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.

15-июл куни соат 15:00 дан 16:30 гача Тошкентда Марказий Осиё Халқаро Институтининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Институтнинг очилиш маросимида Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва мутахассислари иштирок этиши режалаштирилган.

16-июл куни конференция иши “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик” мавзусидаги ялпи мажлис билан бошланади. Тадбир мобайнида БМТ Бош котиби Aнтонио Гутерришнинг мурожаати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқи, шунингдек хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг чиқишлари режалаштирилган. Мажлис доирасида Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қилувчи истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилади.

“Барқарор ўсишга хизмат қилувчи савдо ва транспорт алоқаси” номи остидаги биринчи секцион йиғилишда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:

- минтақалараро алоқани кучайтириш асносида Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш истиқболлари;

- Марказий ва Жанубий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, шу жумладан мавжуд транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш;

- хорижий ҳамда халқаро молия ва инвестиция институтлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва бошқа масалалар;

“Маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида” мавзусидаги иккинчи секцияда қуйидагилар кўриб чиқилади:

- Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш соҳасидаги ҳамкорлик;

- таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, экология, туризм соҳаларидаги ўзаро фаолият.

“Минтақавий хавфсизлик. Қаршиликлар ва таҳдидлар” мавзусига бағишланган учинчи секцияда янги хатар ва таҳдидларга қарши курашда, шунингдек, трансчегаравий инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлашда минтақавий ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилади.