Бугун пойтахтимизнинг Бектемир, Сергели, Шайхонтоҳур ҳамда Учтепа туманларида Инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган тўртта умумтаълим мактабларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Замон талаблари асосида мукаммал таъмирдан чиққан мазкур мактабларда 5 мингдан зиёд ўқувчининг замон талаблари асосида сифатли таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Мактабларда ахборот технологиялари хонаси, тўгарак хоналари, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, ўғил ва қиз болалар учун технология хоналари, мусиқа хонаси, кутубхоналар фаолият юритади. Бундан ташқари ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон кутубхона, тиббиёт ҳамда тиш шифокори хонаси, фаоллар зали, шинам ошхона, спорт заллари мавжуд.
Мактаблар “Замонавий мактаб” дастури асосида тубдан янгича қиёфага келтирилиб, фасад қисмидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларигача батамом замонавий таъмирлаш ишлари олиб борилди ҳамда бутунлай янгича жиҳозлар билан таъминланган.
Мактабларда фан хоналаридан ташқари ўқувчиларнинг турли ҳунарларни ўрганиб чиқишлари учун пазандачилик, сартарошхона, рақс тўгараги, миллий кураш каби хоналари мавжуд.
Таъмирдан чиққан мактаблар:
Бектемир туманидаги 289-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби (1751 нафар ўқувчи);
Сергели туманидаги 266-сонли умумтаълим мактаби (1251 нафар ўқувчи);
Шайхонтоҳур туманидаги 40-сонли умумтаълим мактаби (1026 нафар ўқувчи);
Учтепа туманидаги 295-сонли умумтаълим мактаби (1206 нафар ўқувчи).
Мазкур мактаблар 14 сентябрдан ўқувчиларни ўз бағрига олади.