Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Санитария-эпидемиология қўмитаси ва экология органлари ҳамкорлигида ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида белгиланган талабларга риоя қилмасдан фаолият юритаётган сомсахона, кабобхона ва мангалхоналар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Текширувлар давомида чиқиндиларни тозалаш бўйича муҳандислик ечимларига эга бўлмаган, пиёдалар йўлаклари ва турар-жой бинолари яқинида жойлашган тандир, печ ва мангаллар аниқланмоқда.
Бундай нуқталар фаолияти қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолга келтирилгунга қадар тўхтатиб турилиши белгиланган. Махсус тозалаш ва тутун чиқариш тизимларисиз ишлаш аҳоли саломатлигига хавф туғдириши ҳамда шаҳар муҳити сифатини ёмонлаштириши таъкидланмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига қисқа муддатда фаолиятини қонунийлаштириш, санитария талабларига риоя қилиш, самарали фильтрлар ва тутун чиқариш тизимларини ўрнатиш қатъий тавсия этилади.
Технологик жараёнларни экологик меъёрларга мувофиқлаштирмаган ва қоидабузарликларга йўл қўйган тадбиркорларга нисбатан назорат тадбирлари давом эттирилади ва белгиланган тартибда чоралар кўрилади.