Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири «The Korea Herald» газетасининг босма нашри ва расмий сайтида Ўзбекистонда илк бор дунё парламентлари аёл раҳбарларининг саммити ўтказилиши ҳақида материал эълон қилинди.
Газета жорий йил 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўтказилишини маълум қилган.
Бу ҳақдаги келишувга Венада ташкил этилган 13-саммит чоғида эришилган. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева саммит иштирокчиларига Ўзбекистонда гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.
Саммитдан кўзланган асосий мақсад барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш учун гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича парламентлар учун устувор йўналиш ва ҳаракатларни белгилаб беришдан иборатдир.
Форумда парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентларининг аёл раҳбарлари, депутатлар ва халқаро ташкилотлардан аёл вакиллар иштирок этади.
Саммит доирасида адолат, интеграция ва атроф-муҳит муҳофазаси, хотин-қизларинг репродуктив саломатлик соҳасидаги эҳтиёжлари, пандемиядан кейинги иқтисодиётни тиклаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернетда ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинади, деб хабар беради «Дунё» АА.
Анжуман якунида Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.