Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини катта қизиқиш билан ўқидик. Мазкур табрик сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳаларда амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилгани, қолаверса, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам урғу қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Маълумки, бугун Ўзбекистон илдам қадамлар билан тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатда ҳар жабҳада юз бераётган ўзгаришларни дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этяпти. Бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Президентимиз табрикда айтиб ўтганидек, “Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик”.
Дарҳақиқат, аввало, Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар, қолаверса, Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг асосида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастури бугун дунёда янги Ўзбекистон, дея эътироф этилаётган мамлакатимизнинг барча соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришларига муҳим пойдевор вазифасини бажармоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида бу йилнинг мамлакатимиз учун синовли келгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Чиндан ҳам, 2020 йил бутун дунё, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам синовли йил бўлди. Коронавирус пандемияси етмагандек, Бухорода юз берган табиий, Сирдарёда содир бўлган техноген офатлар халқимиз матонатини синовдан ўтказди, иродасини тоблади. Ана шундай синовли давр “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланаётганини намоён этди. Буни нималарда кўрдик?
Буни, аввало, Президентимиз бошчилигида давлатимизнинг пандемия оқибатларини бартараф этиш борасида олиб борган кенг миқёсли ишларда, мана шу мақсадлар учун ажратилган катта маблағлар, қурилган шифохоналар, коронавирусга чалинган фуқароларни даволаш бўйича юқори кўрсаткичлар қайд этилганида, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилганида, ишсиз қолган фуқароларга кўмак беришда, тадбиркорларга берилган имтиёзлар мисолида кўриб, гувоҳи бўлдик.
Шунингдек, Бухорода табиий офатдан зарар кўрган фуқароларнинг уйлари таъмирлаб берилгани, Сардобада юз берган сув тошқинидан зарар кўрган, бошпанасиз қолганлар учун давлатимиз томонидан қурилган, замонавий талабларга жавоб берадиган кўп қаватли уйлар мисолида кўриб турибмиз. Давлатимиз ўз халқининг ҳаёти ва тақдирига бефарқ эмаслигига яна бир карра шоҳид бўляпмиз.
Президентимиз табригидаги “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя ҳамда Учинчи Ренессанс ҳақидаги фикрлар ҳам баъзи мулоҳазаларни баён этишга ундамоқда. Нега Учинчи Ренессанс? Нима учун тараққиётимизнинг айнан шу босқичида, деган саволлар туғилиши табиий.
Аждодларимиз ўрта асрларда оламшумул кашфиётлар қилиб, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, иккита Ренессансга асос солиб, заминимиз тамаддун бешиги сифатида эътироф этилган. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз цивилизациялар бешикларидан бўлатуриб, илм-фан соҳасида бошқа давлатлардан ортда қолмаслигини истамоқда. Қолаверса, бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Учинчи Ренессанснинг рўёбга чиқиши эса илм-фан тараққиётига, ёшларнинг билими, дунёқараши, интеллектуал салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимининг барча бўғинларини такомиллаштириш, уларга халқаро стандартларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шундан. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда биттадан Президент мактаблари, айрим фанлар чуқурлаштириб ўтиладиган мактаблар ҳамда буюк аждодларимиз номи билан юритиладиган ижод мактабларининг барпо этилаётгани, Янги Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам мактаб остонасидан бошланаётганидан далолат бермоқда. Зеро, таълим тизими қуйидан бошлаб ислоҳ этилмоқда, унинг ривожига янгича ёндашилмоқда.
Президентимиз табрикда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганига ҳам урғу қаратган.
Дарҳақиқат, шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳабари томонидан илгари сурилган бир қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди. Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Албатта, бу ютуқ ва эътироф ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бунга юртимизда Бош қомусимиз асосида инсон ҳуқуқлари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ва шарт-шароитлар яратилгани сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз табриги кейинги йилларда эришган ижобий натижалар қаторида келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилгани билан катта амалий аҳамиятга эга.
Хусусан, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштириш, ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши лозимлигини қайд этилди. Шунингдек, тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратиш, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, азиз ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада оширишга қаратилган вазифаларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам мазкур жараёнда фаол бўлишга, Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур вазифалардан келиб чиқиб, келгуси йил давлат дастурига аниқ ва самарали таклифларни ишлаб чиқиш, бунинг учун эса илғор хорижий тажрибани, халқаро стандартларни ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари, онлайн конференциялар ўтказишни ўз олдига мақсад қилиб белгилади.
Фарҳод ЭШОНҚУЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа раҳбари