“Ақл ёшда эмас, бошда “, деган нақлга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Лекин барибир бу ёруғ дунёда кўп яшаган, кўпни кўрган, кўпни бошидан кечирганларнинг ўрни бошқа. Ахир бежизга “Қари билганни пари билмайди,” демайдилар. Бекорга  эл орасида “Саксон ёшдан ўтганларнинг атрофида фаришталар айланиб юради, шунинг учун унинг дуолари ижобат бўлади”, деган гап юрмайди.

Қачондир, қай бир муносабат билан айтилиб яшаб қолдими, бу гапларда ҳақиқат бўлади. Эҳтимол, Сиз “Бу гаплар инсонлар ҳақида айтилган, нимага журналга нисбат беряпсиз?” дерсиз. Ахир, журналлар,  газеталар ҳам инсон меҳнатининг ҳосиласи-ку. Бугун илк сонининг чоп этилганига 95 йил тўлган “Саодат” журналининг таржимаи ҳолида не-не меҳнатлар, не-не ибратлар, қанча анъаналар бор.

Яна сабр, шукроналик мужассам. Чунки унинг ҳаёт йўли ўзбек аёли босиб ўтиб келаётган йўлнинг бир қисмидир.  Дастлабки йилларда  “Янги йўл” , “Ёрқин турмуш”, ”Ёрқин ҳаёт “,  кейинчалик   “Ўзбекистон хотин-қизлари” номлари билан мухлислар қўлига етиб борган “Саодат” журналининг ўтмишдоши саҳифаларига Тожихон Шодиева, Собира Холдорова , Хосият Тиллахонова, Саодат Шамсиева, Фотима Ниёзова, Иқболхон Акбархўжаева, Ойдин Собирова каби халқимиз зиёли қизларининг қалб қўрлари, кўз нурлари тўкилди. Уларнинг аксарияти юртимизнинг илғор, истеъдодли кишилари қатори қатағонга учрадилар.

Биз бугун опа-сингилларимизнинг қалб кўзларини очиш ниятида мақолалар,  шеърлар ёзган , иқтидорли аёлларни жамият майдонига олиб чиқишга, ҳақ-ҳуқуқини танишга давъат қилган, сўзни эзгулик яловига айлантира олган бу заҳматкаш журналистларни,  уларга қийин даврда қўшқанот бўлган  зиёлилар аҳлини ҳурмат билан хотирлаймиз. Журнал вазият тақозоси билан баъзи йилларда тўхтаб қолди, лекин даврнинг тўфонлари тиниб, урушлари тугагач, яна нашр қилина бошлади.  

Демак, шундай нашр халқимизнинг маънавий ҳаёти учун ўткинчи ҳодиса эмас, зарурият экан-да! 95 йиллик ҳаёт ҳам ана шу заруриятдан келиб чиққан, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Адиба Ойдин Собирова устозлик меҳри, ишончи билан топширган журнални ардоқли шоирамиз  Зулфияхоним  бугунги “Саодат” номи билан   аёлларнинг сирдоши,  маслаҳатгўйи,  дўсти мақомига олиб чиқди. Фақат зиёлилар эмас, юртимизнинг чекка-чекка жойларида истиқомат қиладиган уй бекалари, онахонлар, чеварлик, пазандаликка қизиққан опа-сингилларимиз ҳам журналнинг ҳар бир сонини орзиқиб кутишарди.

Чунки унинг саҳифаларида ҳамма ёшдаги, барча касбдаги хотин-қизларга тегишли материаллар бўларди. Холида Аҳророва, Санъат Маҳмудова, Раҳима Шомансурова, Насима Юсупова, Роза Сайфиева, Лайло Салимжонова каби таҳририятда турли вазифаларни адо этган аёллар Зулфияхоним мактабида тобландилар, элга танилдилар. “Саодат” Зулфияхоним раҳбарлик қилган йилларида бир авлод ижодкорларни ўз бағрида камолга етказди ва бу анъана   ҳозиргача сақланиб қолди. Анъаналар давом қилгани билан ҳар бир даврда “Саодат”нинг одамларни оҳанрабодек ўзига тортадиган янгиликлари ҳам бўлди. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева даврида жамоа ҳаётга кўпроқ таҳлилий кўз билан қаради. Ҳаёт мураккабликларида юзага чиқиб келаётган иллатлар илдизини очиб,  ўз   ўқувчиларини уйғоқликка, фикрлашга  чорлади.

Чори Латипов, Эркин Малик, Эшқобил Шукур, Салим Ашур, Ёқубжон Хўжамбердиев, Қўчқор Норқобил каби ўткир сўзли журналистлар билан бирга бу вазифанинг уддасидан чиқди. “Саодат” нинг мавзуларида,  албатта, ҳар бир давр берган имкониятнинг ҳам ўрни бор. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева бош муҳаррирлик қилган йилларида журнал меҳнат аҳлининг ҳаётига кирди.  Эл кезди, қувончларидан қувонди, ташвишларига баланддан қараб эмас, кўнгилдош бўлиб шериклик қилди. Кейинчалик бош муҳаррир ўринбосари  Маҳмуда Саъдуллаева раҳбарлик вазифасини адо этганида ҳам, “Шуҳрат “ медали соҳибаси Феруза Жалилова бошқарган йилларда ҳам “Саодат” фахр билан айтадиган бир ютуғи бор: журнал истеъдодли ёшларни   камолга етказадиган, уларга “Оқ йўл“ тилайдиган устозлик вазифасидан чекинмади.

“Саодат“ дарёсидан сув ичган, эл севган ижодкорлар Дилбар Маҳмудова,  Муҳтарама Улуғова, Дилбар Саидова, Шарифа Салимова, Шаҳодат Исахонова, Қутлибека Раҳимбоева, Зулфия Мўминова, Гулчеҳра Жамилова, Раъно Раҳмон, Санобар Фахруддинова, Раъно Зарипова, Гулжаҳон Мардонова, Дилфуза Шомаликова, Ҳамрохон Мусурмонова каби  шоирлару носирлар бугун ҳам “Саодат”га елкадошдир. Кечагидан  кўра ҳам кўпроқ ғайрат билан ижод қилиб замон билан ҳамнафас бўлмоқдалар. Бугун журналнинг вазифаси яна ҳам залворлироқ. Ўзбек аёли дунёга бўйлаяпти.  Ҳатто болалик остонасидан ўтмаган қизларимиз интернет  орқали жаҳонни кузатади.

Турфа тарафдан ахборотлар оқиб келаётган замонда онахон журнал ўз ўқувчиларини қандай сақлаб тура олади? Жамоамиз   атрофидаги жамоа, Гулистон Матёқубова, Ибодат Ражабова, Дилбар Ҳайдарова, Хосият Бобомуродова, Ҳафиза Эгамбедиева, Рисолат Ҳайдарова,  Салима Холдорова, Наргиза Асадова, Адиба Умирова каби турли авлодга мансуб ижодкорларнинг қаламидан “қизил ип” бўлиб ўтаётган ҳодиса нима?      

Қанчалик юқори тараққиётга эришмасин, миллатни миллат сифатида ушлаб турадиган устунлари бўлади. Инсонлар янгиликларга интилар экан, замон майдонларида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилар экан, ўша устунларга таянади. Ўша устунлардан куч олади. Бизнинг опа-сингилларимизга  ҳам момоларимиздан мерос қолган қадриятлар бор. Шу жозибали қадриятларни асраш, бундан юз йиллар кейин ҳам яшаш тарзи юксалган аёлларимизнинг қалбан ўзбек бўлиб қолиши учун ҳаракат қилиш, шу мақсадда ёзиш, қалам аҳлини ушбу мақсадга йўналтириш бугунимизнинг асосий вазифасидир. Бир сўз билан айтганда, миллатимизнинг миллий белгиларини мустаҳкамлаш йўлида собит бўлиш.

Ўзбек аёлининг ҳақ-ҳуқуқини муҳофаза қилиш, қизларимизни бахтли оила бекалигига ҳозирлаш, уларнинг қалбида Ватан туйғусини  уйғотиш, ҳар бирини жамиятнинг фаол фуқаросига айлантириш каби бошқа мақсадларимиз ҳам миллийлигимиз доирасидан чиқиб кетмайди.

Ўйлаймизки, бу йўлларда Сиз биз билан биргасиз. Опа-сингилларимизни азизу мукаррам қиладиган барча гўзалликлар Сизнинг орангизда, Сизнинг ҳаётингизда.  Бизга яхшиларнинг яхшисини илинсангиз, давраларни кенгроқ олсангиз    момоларимизга, оналаримизга суюкли бўлган “Саодат”нинг ёшига ёш қўшасиз. Ахир, дунёда умрга умр қўшишдан ҳам ортиқроқ савоб борми? Хайрли, хосиятли, савобли йўлларда такрор-такрор дийдорлашиш насиб этаверсин!

                                   Мунаввара УСМОНОВА,

                                    “Саодат” журнали бош муҳаррири