Аммо бугунги кунда уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги давлат томонидан изчил уй-жой сиёсатини амалга оширишни мураккаблаштирмоқда. Бу ўз навбатида, уй-жой соҳасидаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни, уй-жой сиёсатини тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш лозимлигини англатади.

Чунки уй-жой соҳасини тартибга солувчи қонуности ҳужжатлари таҳлили ушбу ҳужжатлар билан тартибга солинган масалаларни бевосита Уй-жой кодексида назарда тутишни тақозо этмоқда. Масалан, амалдаги кодексда уй-жойни реконструкция қилиш (қайтадан қуриш), қайта режалаштириш ҳақидаги нормалар айрим ўринларда келтирилган бўлсада, лекин уларни амалга ошириш тартиби билан боғлиқ умумий қоидалар белгиланмаган.

Мазкур масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида”ги низом, 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида тартибга солиниб келинган. Ваҳоланки, уй-жойни реконструкция қилиш (қайтадан қуриш), қайта режалаштириш бевосита Уй-жой кодексининг предмети ҳисобланади.

Амалдаги Кодексда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат уй-жой сиёсати етарлича тартибга солинмагани туфайли давлат уй-жой сиёсати амалда қонуности ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда. Бу эса уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига, турли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланишига олиб келяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳасида соҳада юзага келаётган муаммолар ечими ўз ифодасини топган. Унга кўра, қонун лойиҳасида қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилмоқда:

биринчидан, ушбу Кодекс уй-жой соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши белгиланиб, унинг фуқаролик қонунчилиги билан чегараси аниқ белгиланмоқда. Қолаверса, фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган масалалар мазкур ҳужжатдан чиқарилмоқда;

иккинчидан, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи барча турдаги фуқаролик-ҳуқуқий битимлар орқали вужудга келиши, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва у билан боғлиқ чекловлар назарда тутилмоқда;

учинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулиятини ошириш мақсадида турар жой мулкдорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доираси кенгайтирилиб, кўп квартирали уйлардан фойдаланиш, сақлаш билан боғлиқ чекловлар ҳамда уй-жой соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда;

тўртинчидан, давлат уй-жой фондидан турар жой бериш ва фойдаланишни тартибга солувчи боб киритиляпти. Ушбу бобда давлат уй-жой фондидан турар жой олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар тоифалари, давлат уй-жой фондидан турар жой бериш тартиби назарда тутилган ҳолда, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кўчириш фақат суд тартибида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Ўз навбатида, давлат уй-жой фондига мансуб уй-жойларни иккиламчи ижарага бериш тақиқланиб, ижарага олувчи оила аъзосининг талаби бўйича турар жойни ижарага бериш шартномасининг ўзгартирилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги уй-жой кодексининг қабул қилиниши билан уй-жой объектларини қуришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга эришилади. Энг муҳими, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил давлат уй-жой сиёсати амалга оширилади.

Сўнгги 3 йилда кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошгани, бу кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишнинг долзарблигини орттираётгани ҳаммамизга яхши маълум. Боиси бугун сайловчилар билан учрашувлар давомида кўпчилик фуқароларимиз кўп қаватли уй-жойларга кўрсатилаётган хизматлардан норозилигини, ширкатлар ишини амалда сезмаётганини билдирадилар. Мазкур хизматлар бошқарувидаги сансалорлик эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда мазкур ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида шу ва бошқа бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтилиб, узоқ тортишув ва бахс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концепцуал жиҳатдан қабул қилинди.

Бахитбай АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати