I
Дастлаб ярим йил Волгоград шаҳридаги сержантлар мактабида тайёргарликдан сўнг ўн чоғли аскар хизматни давом эттириш учун Узоқ Шарққа — Амур вилоятига сафарбар қилиндик.
Темир йўл қўшинлари таркибига кирувчи биз тушган ҳарбий қисм БАМ (Байкал-Амур магистрали) деб аталувчи аср қурилишида иштирок этар экан. Кичик сержант унвони билан менга бўлинма командирлигини топширишди. Вазифам ўзим масъул бўлган, 7 аскардан иборат бўлинмага раҳбарлик қилиб, янги ётқизиб кетилаётган темир йўлда техник созлаш ишларини бажариш эди.
1991 йил арафасида катта сержант унвонини олдим. Бир куни рота бўйича навбатчилик пайтим тунда китоб ўқиб ўтирсам, казармага қисм бўйича навбатчи бўлган капитан Кайдалов назорат учун келиб қолди. Кайдалов ҳарбий қисм командирининг сиёсий-тарбиявий масалалар бўйича ўринбосари эди. Низомга кўра вазият ҳақида унга ахборот бердим.
— Ўқияпсанми? — деди капитан китобга қўл чўзар экан. — Қандай китоб бу?
— Бадиий асар, уйдан жўнатишган, — дедим Ўткир Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор” китобини унга узатар эканман.
У китоб муқовасига бир қур назар ташлади, варақлаган бўлди.
— Кўп ўқийсанми?
— Ҳа, мутолаа қилиб тураман.
Кайдалов индамай чиқиб кетди. Эртаси куни мени капитан чақираётганини айтишди. “Навбатчилик пайтим китоб ўқиганим учун жазоласа керак”, деган хаёлда ҳарбий штаб жойлашган бинога йўл олдим. Хонасига кириб, ҳарбийчасига ҳисобот бермоқчи эдим, қўл узатиб кўришди. Одатда зобитлар аскарлар билан бу тарзда сўрашмайди. Кўнглим бир илиқлик туйди.
— Ўтир, — деди қаршисидан жой кўрсатиб. — Амир Темур ҳақида ҳам ўқиганмисан?
Ҳар нени кутган бўлсам ҳам, бу саволни кутмаган эдим. Нима дейишимни билмай, жим қолдим. У саволини қайтарди:
— Ўзбекистонда Амир Темур ҳақида ҳам китоблар чоп этилганми? “Темур тузуклари”ни ўқиганмисан? Унинг саркардалик фаолиятидан хабаринг борми?
Очиғи, унинг саволларига жўяли жавобим йўқ эди. Нима дейман, “Темур бобо катта мамлакатга асос солган саркарда бўлган. Шу сабаб бизга Амир Темурни салбий образ сифатида кўрсатишган. Унинг аслида ким эканини, қандай катта шахс бўлганини биз, ёшлар онгига сингдириш “халқ душманлари”ни кўпайтиришга хизмат қилади”, дейманми? Ахир бу ўз ихтиёринг билан бўйнингга сиртмоқ солиш-ку! Ватанимизда ошкоралик даври бошланиб, ўзликни таниш, танитиш ишлари авж олган бўлса ҳам ҳукмронлар томонидан ёмонотлиқ қилинган аждодимиз ҳақида биламан, ўқиганман деб яхши гап айтиш... хатарли эди-да. Шу боис, имкон қадар умумий жавоб беришга ҳаракат қилдим.
— Ўзи мактабни ўтган йили битирдим. Бизга дарсларда деярли бу мавзуни ўқитишмаган. Аммо ўтган йили “Шарқ юлдузи” журнали “Темур тузуклари”ни эълон қилганди. Ўзбекистонда бу нашрнинг нуфузи жуда баланд, тахминан ярим миллион ададда чоп этилади. Лекин асарни ҳали ўқиб улгурмагандим, — дедим.
— Ўша журнални уйингдагилардан сўраб кўрасанми? Агар юборишса, мени хурсанд қилган бўлардинг.
— Ҳа, уйимда ҳамма сонлари бор, айтаман, жўнатишади. Аммо у ўзбек тилида.
— Ҳечқиси йўқ, уни русчага таржима қиласан, бунинг учун сенга ҳамма шароитни яратиб бераман.
Хуллас, суҳбатимиздан яна шулар маълум бўлдики, Кайдаловнинг отаси таниқли тарихчи-шарқшунос олим экан. Капитаннинг ўзи ҳам илм билан шуғулланиб, кейинчалик тақдир тақозосига кўра ҳарбий соҳани танлабди.
— Саркардалар ҳаётига жуда қизиқаман. Айниқса, Амир Темур ҳаёти ва фаолияти тўғрисида кўп нарса билгим келади. Лекин манбалар кам, адабиётлар йўқ. “Темур тузуклари” Тошкентда чоп этилаётгани ҳақида отамдан баъзи гапларни эшитгандим. Илтимос, ўшани менга топиб бер, — деди Кайдалов.
Шундан кейин капитан мен билан дўстидек гаплашадиган бўлди. Кўпинча навбатчилик кунлари тунда ротамизга келар, бирга чой ичиб, ўқиётган китобларим ҳақида суриштирар, Амир Темур ва Марказий Осиё тарихи мавзусида гаплашар эди. Унинг илтимосига кўра, “Шарқ юлдузи” журналини жўнатишларини сўраб, уйга хат ёзиб юборгандим. Мактуб 10 кунларда етиб борган шекилли, яна шунча вақт ўтиб, номимга жўнатма (аскарлар орзиқиб кутадиган “посилка”) келди. Унда патир нон, қанд-қурс, ўзбекча қўшиқлар ва ота-онам, сингилларим овози ёзилган магнит тасма билан бирга Кайдалов кутган журналнинг 1989 йил 8-сони ҳам бор эди.
— Баракалла, Маҳмудов! Бугундан ҳамма нарсадан озодсан, — деди капитан қўлига журнални тутқазганимда ёш боладек қувониб. — Қисм командири буйруғини чиқартираман, штабда ёрдамчим бўласан. “Тузуклар”ни таржима қиласан.
Бу гап ўзимга ҳам ёқди. Ахир ташқарида ҳарорат 40 даража совуқ, штаб эса иссиққина, ўтирволиб таржимасини қилиб бераман деб хаёл қилдим. Аммо русчада равон сўзлаш билан русча матн ёзиш бошқа-бошқа нарсалар эканини ўша пайтгача билмасдим. Таржима, боз устига, “Темур тузуклари”дек мураккаб матнни русчага ўгириш мен ўйлагандек осон иш эмас экан. Бу ҳақда капитанга айтгандим, ҳар бир жумлани айнан эмас, маъносини чиқариб берсанг, мен учун кифоя, деган мазмунда жавоб қилди.
“Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Амир Темурнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, сиёсий тарқоқликка барҳам бериши, марказлашган давлат тузиши, 27 мамлакатни, жумладан, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон, турк султони Боязид Йилдиримга қарши ҳарбий юришлари, улкан салтанатини мустаҳкамлаш учун турли ижтимоий табақаларга нисбатан қандай муносабатда бўлгани буюк Соҳибқирон тилидан ихчам тарзда баён этилган.
Иккинчи қисм машҳур жаҳонгирнинг фарзандларига аталган ўзига хос васият, панд-насиҳатлар ва ўгитлардан иборат. Унда давлатни идора этишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини танлаш, армиянинг тузилиши ва жанг қилиш қоидалари, сипоҳийлар маоши, мамлакатни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва барча мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш йўсини ва бошқалар хусусида гап боради”.
Тахминан шундай мазмунда кириш сўзи қилдим. Ҳозир ўйлаб қоламан: ўшанда Кайдалов ишончини оқлай олганмидим ёки йўқ? Ахир ўрта маълумот билан ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган 20 ёшли йигитча қай аҳволда таржима қилдим экан? “Тузуклар”нинг мазмуни “таржимам”да нотўғри ўзанга бурилиб кетмадимикан? Икки ойга яқин вақт ичида асарнинг учдан бирини зўрға русчада қоралаб бердим. 200 саҳифадан ошган қўлёзмамни ўқиб, капитан бир нимани тушундимикан? Ҳамон бу саволларнинг жавоби йўқ. Шуниси аниқ эдики, Кайдаловнинг Темур бобомизга меҳри, қизиқиши ҳар қандай мужмал матндан ҳам хазина излашга, уни англаш сари ҳаракат қилишга ундар эди. Назаримда, бу йўлдаги барча қийинчиликка қарамай, у мақсади — Амир Темур шахсини ўрганишни жуда-жуда истарди.
1991 йил сентябрнинг сўнгги кунлари ҳарбий хизмат муддати тугаб, уйга қайтишга рухсат тегди. 5-10 кун ичида тўрва-халтамни кўтаришим керак. Қувончим ичимга сиғмайди. Бироқ Кайдалов бундан хурсанд эмасди. Униям тушунаман. Ахир таржима ҳали охирига етмаган эди-да. У ноёб хазина — “Темур тузук”ларини “бой бераётган” эди. Аммо бунинг ҳам ечими топилди. Биздан олти ой кейин хизматга келган олмалиқлик Ғайрат исмли аскарни капитанга рўпара қилдим.
— Таржимани мана шу йигит давом эттиради, — дедим. — Русчани яхши билади.
Кайдаловнинг юзи ёришди. Унинг меҳрли кўзидан билдимки, таржимани Ғайрат давом эттиради. У ҳам мен каби Темур бобонинг меҳр қуёшидан тафт олади, ташқаридаги изғириндан, оғир жисмоний меҳнатдан озод этилади. Қизиқ, биздан неча асрлар олдин яшаб ўтган, юртни обод, халқни фаровон қилган улуғ шахс таратган нур замонлар оша биз каби авлодлар қалбини мунаввар этаверар экан-да!
Шундай хаёллар билан сингилларим жўнатма билан юборган, куни кеча қўлимга етиб келган, китоб шаклида чоп этилган “Темур тузуклари”ни узатдим.
— Бу мендан сизга совға, ўртоқ капитан.
Миллатнинг яхши-ёмони бўлмайди, одамларнинг яхши-ёмони бўлади. Кайдалов (ҳамон исмини билмайман) яхши одам эди. Китобни сал қолса кўзига суртгудек бўлиб қўлига олди.
— Раҳмат сенга, — деди ва мени акаларча қучоқлаб, бағрига босди. — Жуда катта иш қилдинг, Маҳмудов. Отам ҳам хурсанд бўлади. “Шарқ юлдузи”ни ҳам олиб қоламан, токи бу китоб билан журнал мен эриша олмаган илм чўққилари йўлини машъал бўлиб ёритиб турсин.
Ҳарбий қисмни тарк этадиган кун ҳам етиб келди. Капитан билан хайрлашганимиз шундоқ кўз олдимда турибди.
— Нафақамга 4-5 йил қолди, Ўзбекистонга бормоқчиман. Амир Темур билан боғлиқ ҳамма нарса мен учун қизиқарли. Тошкентга борсам, мени Самарқанд билан Шаҳрисабзга олиб борасан.
— Келишдик, — деб қўл ташладим, уй манзилимни бердим. Ака-укалардек меҳр билан бир-биримизни бағримизга босдик. Ҳа, миллатнинг ёмони бўлмайди. Биз ростдан ҳам Кайдалов билан тутинган ака-ука эдик. Бу риштани улуғ саркарда Амир Темур, бизнинг бу буюк зотга меҳримиз боғлаган эди. Шу боис, Кайдаловнинг мени излаб Тошкентга келишига шубҳасиз ишонар, йўл-йўлакай уни қандай кутиб олиб меҳмон қилиш ҳақида ўйлаб қўйган эдим.
Аммо 1995 йил Эски шаҳардаги уйимиз бузилиб, бошқа манзилга кўчиб ўтдик. Кайдалов Тошкентга мени излаб келдими ё йўқ, билмайман...
II
Зобит Кайдалов каби тарихга катта ҳурмат билан қаровчи илм кишиларининг қизиқишлари бежиз эмас. Буни Соҳибқирон бобомизни яқиндан таниб, буюк хизматлари моҳиятини теранроқ ҳис қилиб боришимиз баробарида кўпроқ англаяпмиз. Янги турдаги мунтазам армиянинг ташкил этилиши, сиёсий уюшув, ҳаётнинг барча жабҳалари, айниқса, иқтисодиётнинг ғалаба қозониш йўлидаги стратегик вазифага бўйсундирилиши, мустаҳкам интизом, ҳар бир жангчи томонидан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қоидаларига риоя қилиниши, дипломатик воситалардан усталик билан фойдаланиш каби омиллар рақиб устидан зафару ғалабани таъминлаган.
Амир Темур бутун ҳукмронлиги даврида бирор марта мағлубиятга учрамаган. Машҳур араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли (киши)ларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди”. Бинобарин, Соҳибқироннинг асосий мақсади алоҳида мулкларни мустаҳкам ва қудратли давлатга бирлаштиришдан иборат бўлган.
Амир Темур ҳокимият тепасига келиши билан ҳарбий иш соҳасида улкан ўзгаришлар юз берган, улар Шарқу Ғарб ҳарбий-назарий тафаккури тараққиётида катта роль ўйнаган.
“Темур тузуклари”да давлат бошқарувининг ҳар бир соҳаси ва ҳар қайси мансаб даражаси бўйича муайян тузуклар битилган. 27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тўра-тузуклар қолдирган.
Салтанатида касбу ҳунар ва маърифат аҳли мунтазам иш билан таъминланган. Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарларга ўзини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилган. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғлик ва меҳнат қуроллари тайёрлаб берилган.
“Амир Темур олимларга хайрихоҳ муносабатда бўлар ва билими билан ҳалоллигини кўрган олимларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушар эди. Амир Темур ўзидаги кишиларни бўйсундириш қобилиятига уларни ўз ҳукмронлиги остида бахтиёр қилиш истеъдодини ҳам қўшган эди”, деб ёзади Луи-Матьё Ланглэ.
III
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан фарқли ўлароқ, ҳозир ҳар қандай меҳмонга кўрсатишга арзийдиган, уларнинг ҳайратига сабаб бўладиган жиҳатларимиз жуда кўп. Капитан Кайдалов келса, Самарқанд билан Шаҳрисабзга, 1996 йил бунёд этилиб, ишга туширилган Темурийлар тарихи давлат музейига, юртимизнинг қатор гўшаларида буюк бобомиз шарафига тикланган ҳайкал ва қадамжолар зиёратига, у билан боғлиқ манзилларга олиб боришни ўзимча ўйлаб қўйгандим.
“Темур тузуклари” қайта-қайта нашр этилаётгани, бугунги кунда унинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунё бўйлаб кенг тарқалгани, ушбу ноёб асар парчалари жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётгани ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Шунингдек, бугун мамлакатимиз Темур бобомиз орзу қилган жаҳоннинг етук сиёсатчилари иштирокидаги йирик машваратларга мезбон бўлаётган сиёсий маконга айланганини кўз-кўз қилардим. Самарқандга Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган даврдаги каби улуғворлик қайтгани, бугун у замонавий шаҳарга айланганини кўрсатардим.
Яна Амир Темур бобомиз ҳақида Кайдаловнинг тилида чоп этилган ўнлаб китобларни унга совға қилмоқчи эдим. Жумладан, “Темур тузуклари”ни ҳам. Балки мукаммал русча таржима нашрини ўзи ҳам излаб топган чиқар, ҳозир бу қийин эмас. Ўша пайтда чамаси 35-37 ёшларда эди, ҳозир омон бўлса 70 дан ошиб, қарилик гаштини сураётган чиқар. Эҳтимол, ўзи ҳам йил сайин миқдори ошиб бораётган хорижлик сайёҳлар сафида Ўзбекистонга келиб, Амир Темурни зиёрат қилган, “Темур тузуклари”ни илк бора қўлга олганидаги каби ҳаяжон билан тилла кошинларга меҳр-ла боққан бўлса, не ажаб.
Яна ким билади...
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири