Олимлар узоқ умр кўришнинг бир қанча омиллари борлигини таъкидлайдилар:

Жинс. Одатда, эркакларга қараганда аёлларнинг ўлим даражаси ҳар қандай ёшда паст. Яъни, улар ўртача 7-10 йил кўпроқ яшайди. Баъзи тадқиқотлар бу фарқни қисман эркакларнинг хавфли хулқ-атвори билан боғлайди. Бу эса улар орасида бахтсиз ҳодисаларнинг ортишига олиб келиши мумкин.

Генетика. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, ирцият ўлимнинг 10 та асосий сабабларидан тўққизтасида муҳим роль ўйнаши мумкин. Масалан, қуйидаги хасталикларда:

— юрак касалликлари;

— саратон;

— сурункали пастки нафас йўллари касалликлари;

— инсульт ёки сереброваскуляр хасталик;

— Алсгеймер;

— қандли диабет;

— буйрак касалликлари.

Пренатал ва болалар касалликлари. Бачадонда, туғилиш пайти ва жуда эрта болаликдаги ноқулай шароитлар, ҳатто, кексаликда ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

Молиявий ҳолат. У тушган сари умр кўриш давомийлиги ҳам пасаяди. Чунки бу омил қанчалик юқори бўлса инсон шунчалик ўз соғлиги ҳақида қайғуради, вақтида шифокор қабулида бўлиб, касалликларни олдини олади, соғлом турмуш тарзи билан шуғулланишга ҳам имкон топади. Натижада кўпроқ жисмоний машғулотлар билан шуғулланади, камроқ чекади ва ўзи учун нормал бўлган вазнни сақлашга ҳаракат қилади. Бундай соғлом турмуш тарзи орқали умр давомийлиги ҳам ошади.

Оилавий аҳвол. Турли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, никоҳ ёки узоқ муддатли муносабатлар юрак ҳолатини яхшилаши, руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган изоляция ва ёлғизликдан халос бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, бу омил одамларни шифокор кўригидан мунтазам равишда ўтиб туриш ва ёмон одатлардан воз кечиш каби соғлом танлов қилишга ундайди.

Ҳаёт тарзи. Ўлимга таъсир қилувчи турмуш тарзи омиллари орасида нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатланиш, тамаки ва спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш, хавфли хатти-ҳаракатлар, иш жойидаги ва транспорт воситаларидаги хавфсизлик киради.

Шунингдек, бугунги кунда ўлимга таъсир қилувчи асосий турмуш тарзи омили семиришдир. Дунёда катта ёшли инсонларнинг қарийб 5 фоизи ушбу муаммодан азият чекади, деб ҳисобланади. Бу кўрсаткич 1962 йилда тахминан 1 фоизни ташкил қилган. Бундан ташқари, ҳозирда катта ёшли аҳолининг қарийб 70 фоизи ортиқча вазнга эга (1962 йилда 46 фоиз бўлган).

Тиббий технологиялар. Тиббиётдаги ютуқлар умр кўриш давомийлигини оширишга сезиларли таъсир кўрсатди. Антибиотикларнинг яратилиши ва эмлашнинг жорий қилиниши, шунингдек жарроҳлик, кардиологик ёрдам ва органлар трансплантациясининг такомиллаштирилиши умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилмоқда.