Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасининг хабар беришича, 9 июль соат 8:00 (Тошкент вақти билан соат 17:00) да ваколатхона ҳузуридаги 3-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни бошланди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси қарори билан АҚШ пойтахтидаги сайлов участкаси 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.

АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари дипломатик ваколатхона биносида маҳаллий вақт билан соат 20:00 гача (Тошкент вақти билан 10 июль соат 05:00 гача) овоз беришлари мумкин.

Дипломатик ваколатхонанинг маълум қилишича, сайлов участкаси меъёрий талабларга мувофиқ жиҳозланган ва сайловда овоз бериши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 июнь – 5 июль кунлари Американинг Вашингтон (Колумбия округи), Орландо (Флорида штати), Шантилле (Виржиния штати), Ролли (Шимолий Каролина штати) шаҳарларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

АҚШ ҳудудида Ўзбекистон фуқоролари овоз беришлари учун 2 та сайлов участкаси фаолият юритмоқда – Вашингтондаги элчихонада ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонамизда.