Шеърда яна бир мисра бор: Ватан, сен ҳур, йўлинг шонли, қадамни ташлагин шахдам. Бу айни кунларимиз руҳи ва шукуҳига ғоят уйқашдир.

Буни оддий одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Қуйида шундай юртдошларимизнинг ҳаётий фикрларини жамладик. Улар, таъкидлаганимиздек, оддий қишлоқ одамлари. Содда ва самимий. Баландпарвоз гапларни ёқтирмайди. Жўн гапиради, лекин борини айтади.

Бугун мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик байрамига бағишланган махсус саҳифада улардан айримларининг дилидаги гаплар билан танишишингиз мумкин.

 

МУСТАҚИЛЛИКНИ АНГЛАМГАНЛАР ҲАМ БЎЛГАН

Болалигимиз уруш йилларидан кейинги оғир шароитда ўтди. Эрта улғайдик. Суягимиз қишин-ёзин меҳнатда қотди. Даладаги оғир меҳнатнинг азоби тугамасди. Уйландим, сўнг фарзандларни вояга етказиш ғамида бўлдик. Ҳар қалай тинчмиз, қозонимиз қайнаб турибди-ку, деган таскин билан яшадик.

Бир куни “Ўзбекистон мустақил бўлибди”, деган хабар тарқалади. Ўшанда кимдир қўрқувга тушган, энди нима бўлади, қандай яшаймиз, дея саросималанган, кимдир қўлини дуога очиб, Яратганга ҳамду сано айтган, шу кунларга етказганига шукр қилган, яна кимдир нима бўлаётганини ҳам англамай, кетмонини елкасига ташлаб далага кетган эди.

Ўша кунлардаги бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Кечқурун ҳовлида йиғилиб, энди нима бўлади, деган савол атрофида ўзаро пичир-пичир қилиб гаплашиб ўтирганимизда, бир дўстимизнинг болагина ўғли келиб “Ота, мустақиллик нима?” дея сўраб қолди. Ҳамма жим бўлди...

Мана шунақа. Фарзандларимиз тугул ўзимиз ҳам озодликнинг моҳиятини яхши англамасдик. Ҳатто мустақилликдан қўрққанлар ҳам бўлган.

Майли, у кунларни эсласак гап тугамайди. Мустақиллик замонида ҳаётимиз ўзгарди. Бошида кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Шунда биров қайтамиз деди, биров йўқ деди. Бу пайтда мустақиллик ҳақидаги хабарни эшитиб, бир сўз демай даласига кетган оддий қишлоқ одами ҳамон далада эди...

Ҳозир ёшим етмишга яқинлашди. Катта ўғлим Тошкентда ўқиб, ўша ерда қоламан деди. Қолди ҳам. Давлат муассасасига ишга кирди. Уйланди, фарзандли бўлди. Лекин ҳали уйи йўқ, пропискаси қишлоқда эди. Ижарама-ижара юриб яшашди. Ҳар борганимда бошқа манзилда кутиб оларди. Ижарада яшаганларнинг тақдири шу экан-да. Мени бегона уйининг тўрига ўтқазарди-ю, кўзида ҳадик бўларди. Кейин билсам пропискаси йўқлигидан қўрқар экан. Ҳар дақиқада участковой келиб, уйдан чиқариб юбориши, катта жарима солиши мумкинлигидан доим ҳадик билан яшар экан.

Ўксиниб қишлоққа қайтар эканман, шу ўғлим қачон уй-жой қилиши-ю, қачон пропискага ўтишини ўйлаб қийнардим.

...2019 йилнинг ёзи эди. Ўғлим телефон қилиб, “Ота, биз уй олдик”, деди. Ишонмаяпман, ҳеч ишонмаяпман. Қанақасига ахир, йиғиб қўйган пули йўқлигини биламан, ойликдан ойликка яшаб юрган бола... Яна пойтахтдан уй олиш...

Банклар уй-жойи йўқлар учун эмин-эркин кредит бера бошлаган экан. Шу имкониятдан фойдаланиб бир танишининг уйини сотиб олибди. Шундан буён ҳар йилги қишни Тошкентда ўтказамиз. Хоналари катта-катта, баҳаво, сиқилиб қолмайсиз.

Мустақиллигимизнинг икки даврини кўрдик. Дастлабки йилларда том маънода қайта қуриш, тикланиш даври бўлди. Шу боис, қийинчиликлар, етишмовчиликлар бўлгани ҳам рост. Биз у кунлардан асло нолимаймиз. Ҳаммасидан розимиз.

Бугун юксалиш даврида яшаяпмиз. Ҳаётимиз ўзгарди, кундан кунга ўзгаряпти. Қишлоқлардаги ҳаёт тарзи ҳам ўзгарди. Агар шуларни ўз кўзингиз билан кўрмоқчи бўлсангиз, қишлоғимизга келинг. Кўчаларимиз асфальт, чироғимиз ўчмаяпти, сувимиз, газимиз бор. Болалар боғчасини орзу ҳам қилмас эдик. Яқинда боғча ҳам қурилди. Невараларимиз боғчага боряпти. Шу боис, уларнинг тили бийрон, қадами ўткир, жисми соғлом.

Мен буларни бежиз айтмаяпман. Демоқчиманки, бугун нимагаки эришган, эришаётган бўлсак, уларнинг барчасига Аллоҳ берган неъмат – озод ҳаёт, мустақил давлатчилигимиз сабабчи.

Шунинг учун биз бу неъматнинг қадрига етиб, уни асраб-авайламоғимиз, тинч-осойишта ўтаётган ҳар бир кунимизга шукрона айтмоғимиз керак.

Қирғиз ХУДОЙҚУЛОВ,

меҳнат фахрийси

Самарқанд вилояти Булунғур тумани

КИТОБ. УЙ. ПРОПИСКА

Менинг уч истагим қандай амалга ошди?

Бир истак ёки мақсад илинжида юрган одамнинг ҳовури унга етишгач босилади. Орадан вақт ўтгани сайин кечилган йўл, кечирилган қийинчиликлар аста-секин унутила бошлайди. Ҳар замонда бир эсланадиган ҳикояга айланади.

Кўп қатори менда ҳам шундай. Бироқ уч истагимнинг ушалиши ҳар эслаганда янгиланаверадиган, мазмуни сайқаллашаверадиган умрим ҳикояларидир. Гап шундаки, 2019 йилда Ёзувчилар уюшмасининг йирик лойиҳаларидан бири – “Биринчи китобим” рукнида ўнлаб ёшлар қатори менинг ҳам шеърлар тўпламим чоп этилди. Бу даврда адабиёт майдонига бирга кириб келган кўплаб тенгдошларимнинг китоблари аллақачон нашрдан чиққан, анча-мунча довруғ қозонган эди. 10 минг нусхадаги мазкур тўплам давлат ҳисобидан босилди. Ўшанда устоз шоирлардан бири биз,  ёшларга қарата ҳали миттигина бу китоблар катта майдонга йўл очишини, муваффақиятларга калит бўлишини башорат қилган эди. Чиндан ҳам шундай бўлди.  

2020 йилнинг эрта баҳори. Ёзувчилар уюшмасидан қўнғироқ бўлди. Уюшма аъзолигига қабул қилинганимни, аъзолик гувоҳномаси 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида топширилишини маълум қилишди. Аъзолик мен учун катта имтиёз эди. Орадан кўп ўтмай яна бир хушхабар эшик қоқди: бизга имтиёзли кредит асосида уй ажратилибди, бориб шартнома олишимиз керак экан...

Бу салкам ўн беш йиллик сарсон-саргардонликдаги ҳаётимизнинг интиҳосидан дарак эди. Ниҳоят ижара уйда эмас, ўз уйимизда яшашимиз мумкинлигидан мужда берган бу янгилик билан яна бир орзуим ушалди. Бу катта ҳодиса ҳаётимизда катта ўзгариш ясади, аввало, қалбимизга ҳаловат ва хотиржамлик туйғусини жо этади. Бой берилган йиллару ўйларнинг чандиғи лаҳзалар ичида битди, кўрилган қийинчиликлар ўрнини фароғатли дамлар эгаллади.

Мен қатори кўплаб тенгдошларим, опа-сингилларим, ака-укаларим уйли бўлди. Неча йиллардан буён уйсиз сарсон жонлар, бу эшикдан унисига, унисидан бошқасига кўчиб, қўним топмаган, ижара уй эгасининг қовоқ-тумшуғи билан муроса қилиб яшашга мажбур оилалар ўз турар жойига эга бўлди.

Тез орада уйга кўчиб ўтдик. Ҳужжат ишлари орасида туман “паспорт столи”га боришимизни айтишди, доимий рўйхатдан ўтишимиз керак экан. Ўша вақтгача йиллар давомида ҳар уч ёки олти ойда бир оёғимиз паспорт столида бўлган, боғча ёшидаги фарзандларимизгача вақтинча рўйхатдан ўтардик. Бу гал барчаси ўзгача бўлди. Ишимиз хамирдан қил суғургандай осон битди. Масъул ходим ҳужжатларни текшириб кўргач, нималарнидир ёзди, чизди, 10-15 дақиқа ҳам куттирмай паспортимизни узатди. Шоша-пиша ҳужжатимиз қачон тайёр бўлишини сўрадим. “Бўлди, доимий рўйхатдасизлар”, деди кулиб. 15 йилда битмаган, битира олмаган ишимизнинг 15 дақиқага етмай амалга ошганидан жуда қувондим.

Яна бир гап: янги ислоҳотлар менга давлат гранти асосида магистратурада ўқиш имконини берди. Бу бакалавр босқичидан сўнг ўн йил ўтиб армонга айланаётган бир орзунинг тантанаси бўлди.

Булар – сўнгги уч-тўрт йил ичида ислоҳотларнинг биргина менинг ҳаётимда акс этиши. Менга давлатимиз томонидан берилган уч имтиёз чиндан кўп муваффақиятларга йўл очди. Бу ютуқларнинг аввали хотиржам, тўкис ва фаровон ҳаётдир.

Башорат ЮНУСОВА,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

ҚЎЛ ЧЎЗСАК ЕТАР МАНЗИЛЛАР

Қўшработдан Нуротанинг тоғли қишлоғига келин бўлиб тушганимга ҳам ўн йилдан ошибди. Ота уйим билан бу ердаги шароит деярли бир хил эди. Биз томонда қишлоқларга газ келмаган. Болалигимда катта-кичик газ баллонларидан фойдаланганимиз эсимда. Биз унда ҳали мактабга бормас эдик. Ўшандан буён газ баллонларини яқин-яқинда яна кўрдик.

Айтмоқчи бўлганим, янги келинлигимда уйга меҳмон келса, ҳали улар уйга кирмасдан ўчоқ бошига югурар эдим. Чунки меҳмонлар жойлашиб олиб, дастурхонга нон қўйилгунча чой қайнатишим керак. Дастурхон ёзилиши билан “чой олиб келинглар”, дейиларди. Шу чақириқ юрагимни безиллатиб қўйганди. Қишлоқда чой қайнатишнинг ҳам, овқат пиширишнинг ҳам фақат битта йўли бўларди – ўчоқда. Шунинг учун биз – келинларнинг асосий иш жойи ўчоқбоши эди. Далага чиқиб ўтин терардик, шох-шаббаларни йиғиб қўярдик, ҳатто ўтин ёриш ҳам баъзан ўзимизга қоларди.

Уйимиз шундоққина Оқтов этагида. Айтишларича, бир вақтлар тоғда бодом кўп бўлган. Газ баллонлари келмай қолганидан кейин одамлар шу бодомларни кесиб ёқа бошлашган, кейинчалик ҳатто томиригача ковлаб олиб келишиб, ўтин ўрнида фойдаланишган. Тўрт-беш йилда шу бодомлар қуриб кетган. “Кейин сойимизда сув камайди, булоқлар тортилиб кетди”, дейди қайнонам.

Бугун, Худога шукр, ҳамма уйда газ баллонлари бор. Тугаши билан бошқасига алмаштириб беришади. Чироғимиз ўчмаяпти. Беш-олти йилдан буён ҳали ҳеч кимнинг тоғдан ўтин ташиганини кўрмадим. Бодомлар ҳам ўзини тиклаб, ўса бошлади. Лекин барибир сойимизда ҳали сув кўпаймади. Негадир йилдан-йилга камайиб боряпти.

Маҳалламиз ҳам ўзгарди. Фарзандларимни боғчага беришни орзу қилардим. Мана, яқинда қишлоғимизда илк хусусий боғча очилди. Ҳозир икки фарзандим шу боғчага қатнайди. Катта ўғлим бу йил мактабга боради.

Тоғли қишлоқ келинлари яқин йилларгача бирор ишнинг бошини тутиш ҳақида ўйламасди ҳам. Чунки бунга имкон йўқ эди. Қаерда ҳам ишласин, мактабга олий маълумотли кадрлар керак, бошқа иш йўқ. Туман маркази олисда.

Лекин бугун мен мақтансам бўлади. Қишлоғимиз келинлари ичида биринчилардан бўлиб бизнесимни йўлга қўйдим. “Мумтозбегим” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, тикувчилик корхонаси очдик. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Мен буни кейинги йилларда маҳалла тизимида бўлаётган ўзгаришлар самараси, деб биламан.

Бир куни маҳалламиз раиси Эшмамат Сафоев ва ҳоким ёрдамчиси Олим Муродов уйимизга келиб, қайнона-қайнотам ва эрим билан гаплашишди. “Келинингизнинг қўлида яхши ҳунари бор экан, чевар экан. Келинг биз ёрдам берамиз, битта тикувчилик цехи очинглар, қишлоқ қизларига ҳам ҳунар ўргатсин”, дейишди улар. Бу таклифга ҳаммамиз рози бўлдик. Шу-шу ишлар бошланиб кетди. Қишлоқ марказида кўп йиллардан буён ишламай турган эски дўконни таъмирдан чиқардик, жиҳозладик. Тикув машиналари олиб келдик.

Яқинда қишлоқ мактабини битираётган 11 қизга уч ой давомида бичиш-тикиш сирларини ўргатдим. Бу вақтда уларга стипендия ҳам бериб турдик. Ҳозир улар сертификат олган. Энди тикув фабрикаларига ишга жойлашиши мумкин. Бунга ҳам ҳоким ёрдамчисининг ўзи кўмаклашаман, деб турибди.

Бугун мустақиллик байрами арафасида мен келинлик давримда ўз ҳаётимда бўлган мана шу ўзгаришлар ҳақида айтгим келди.

Дилором ЮСУПОВА,

“Мумтозбегим” МЧЖ раиси

Навоий вилояти Нурота тумани

 

НИҲОЯТ ЎЗ ФАОЛИЯТИМИЗ БИЛАН МАШҒУЛМИЗ

Қишлоқ одамлари қуёшдан эрта уйғониб, меҳнат қилишга одатланган. Ерга офтоб тушмай уй, томорқа ишларига улгуриб қолайлик, деймиз. Болалигимиз меҳнат билан ўтган бўлса-да, шамоллашга мойиллигим сабаб отам саломатлигимга жиддий эътибор қаратар, унча-мунча ишга қўл урдирмасди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Мактабни битириб, институтга ўқишга кирдим. Янги кийимларим қаторига онам 3-4 чойшаб тикиб қўшиб қўйди. Чунки яқин орада пахтага кетишимиз айтилган. Соғлиғимдаги муаммо ҳисобга олинмади. Тўрт йил давомида кузни бир хил кайфиятда ўтказдик. Тўғри, биз – талабалар учун у даврнинг ҳам гашти бўлган, бироқ Фурқат, Данғара, Ўзбекистон туманлари атрофидаги далаларнинг, чўлларнинг зах ҳавоси туфайли кўп касал бўлиб қолардим. Тўйиб овқатланиш қаерда дейсиз?! Кимнингдир ота-онаси кўришга келса, “штаб”да байрам бўлиб кетарди.

Институтдан сўнг Бувайда туманидаги боғчада ишладим. Мутахассислигим психолог бўлгани боис болалар билан ишлаш – жони дилим. Сўнг 38-мактабга ўтдим. Ҳар иккала муассасада ҳам психолог штати битта, бироқ пахта терими дейсизми, кўчат ёки гул экиш дейсизми, оқлаш-кўклашми – барча ишни қилдик. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демадик. Бора-бора кўчага ишга чақиришларига ўрганиб ҳам қолдик. Ахир бу фаолиятимизнинг бир қисмига айланиб улгурган эди-да.

Супурги кўтариш майли, курак ёки кетмон билан юришга одатландик. Буйруққа итоат қилмасак, ҳайфсан олардик. Энг оғриқлиси, тарбиячиларнинг меҳнатга мажбурланиши ортидан гуруҳдаги 25-30 бола биргина мутахассис қўлида қолиб кетарди. Ясли гуруҳларида ҳали боғчага мослашмаган кичкинтойларга жавобгарлик оғир эди.

Мажбурият ва мажбурлик ўртасида фарқ бор экан. Одам қайси касбга қизиқса, унинг этагидан тутишга ҳаракат қилади. Қайси касбга меҳр қўйса, тизимдаги ҳар бир масала мажбуриятига айланади. Муаммоларнинг ечимини топмагунча тинчимайди.

Болаликдан қизиққан соҳам психология бўлгани учун болалар руҳиятини ўрганиш, улар билан ишлашдан завқланаман. Таълим жараёнидан ташқари ҳолатлар эса, ўша пайтларда табиийки, ўз устимизда ишлашга, ўзимизни кашф этишга имкон бермасди. Кейинги йилларда ҳаммаси ўзгарди, психологлар таъбири билан айтганда, “ижтимоий руҳиятда туб бурилиш” юз берди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда педагоглар шаъни ва қадр-қиммати давлат ҳимоясига олиниши, мажбурий меҳнатга барҳам берилишидан ким энг кўп қувонди? Биз! Бу янгилик ҳақиқий байрамга айланди. Ниҳоят, биз ҳам ўз фаолиятимиз билан машғулмиз.

Бу ўзгариш ва эътиборнинг кичкина муассасамизга ижобий таъсирини айтай. Ўрта маълумотли ёрдамчи тарбиячилар ҳам олий таълим олишни, кичкинтойлар билан профессионал ишлашни истаяпти. Уларни рағбатлантираман, чунки давлатимиз ўқинг, таълим олинг, келажак сизники, дея ёшларни, айниқса, хотин-қизларни руҳлантиряпти. Гуруҳлардаги муҳит ўзгаряпти, тарбиячилар интиляпти, шунга яраша ота-оналар фарзандини мактабгача таълим муассасаларига беришга ҳаракат қиляпти. Буларнинг бари ҳаётимиз ўзгараётганидан дарак.

Соҳиба ЮСУПОВА,

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги

11-ДМТТ директори