Нигина ЎКТАМОВА, бокс бўйича жаҳон чемпиони:

Оилада икки қизмиз. Биласиз, ўзбек оиласида қиз боланинг ўғил болаларга хос жанговар спорт турларига қизиқиши кам учрайдиган ҳолат. Тўғри, Шарқ яккакурашлари, каратэ, таэквондо билан шуғулланадиган қизлар бор, лекин боксчи бўлиш — бошқа масала. Менга мана шундай ўзгачалик насиб этган. Чунки болаликдан спортга қизиқишим баланд эди. Айниқса, бокс техникаси, махсус усуллар мажмуаси мени ўзига тортарди. Турли жанговар вазиятларда муайян тактик вазифалар, жанг олиб бориш қоидаларига қизиқишимни кўриб, бир куни онам тоғамга: “Шу қизимни спорт тўгарагига бермасам бўлмайди”, деди. Шу гап сабаб бўлиб, тоғам мени Иштихон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига олиб борди. Ўшанда 8-синфда ўқирдим. Шундан буён бокс билан шуғулланиб келяпман.

Ўтган йиллар кўплаб ғалабаларга бой бўлди. 2019 йили Жиззахда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати ҳамда Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирда 1-ўринни эгалладим. Ўтган йили Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган Осиё чемпионатида, Наманганда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ҳам биринчи ўринга муносиб кўрилдим. Бу йил Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати, 20-21 февраль кунлари Черногориянинг Будва шаҳрида бўлиб ўтган “Adriatic Pearl” халқаро турнирида муваффақият қозониб, яна олтин медаль билан тақдирландим. Шу йилнинг 13-23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ҳаётимда янги саҳифа очди. Баҳсларга бой ўтган чемпионатда ҳиндистонлик, таиландлик, россиялик, украиналик спортчилар билан муросасиз курашиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритдим.

Жаҳон чемпиони, деб эълон қилинган пайтдаги ҳаяжонимни кўрсангиз эди! Ватанимиз байроғи баланд кўтарилганда кўнглимдан ўтган кечинмаларни ҳозир ифодалаб беролмайман. Ўзбекистон фарзанди эканимдан чексиз ғурур туйдим.

Яхши биласиз, ўзбек бокс мактаби жаҳонда ўз ўрнига эга. Юртимиз ўғлонларининг жаҳон рингларидаги зафарли юришларига дунё аҳли аллақачон тан берган. Уларнинг Ватанимизга келтираётган шон-шуҳратига доим ҳавас билан қараганман. Ўзбек ўғлонлари Алпомиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд авлодлари эканини дунёга кўрсатиб қўйди. Ўзим ҳам ўзбек бокси тарихида қизлар ўртасида биринчи жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлдим. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар бир ўзбек қизининг томирида Тўмарису Барчинойларнинг қони оқиб турибди. У доим гупуриб, ғалабага ундайди.

Бугун камтарона муваффақиятим давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Nexia-3” автомашинаси билан тақдирландим. Бу мамлакатимизда ёшлар спортига, хусусан, боксга қаратилаётган катта эътиборнинг самараси, деб биламан. Биз, ёшларга ишонч билдириб, барча шароитларни яратиб бераётган П резидентимизга миннатдорлик билдираман.

Айтганча, машинани отамга совға қилдим. Унинг орзуларини рўёбга чиқарганимдан, оиламга фахр олиб келганимдан ниҳоятда хурсандман.