Кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган турнир 1993 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта 28 йилдирки узлуксиз ўтказиб келинади. Биринчи мусобақада фақат маҳаллий полвонлар иштирок этишган бўлса, 1995 йилдан бери Термиз гиламларида ташкил этиладиган мусобақада хорижлик полвонлар ҳам мунтазам қатнашиб келишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, дунё полвонлари орасида Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган Халқаро турнирга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 1995 йили ўтказилган мусобақада Термизга атиги 11 нафар хорижлик полвон келган бўлса, 2013 йили бу кўрсаткич 28 нафарга етди. 2019 йили ўтказилган мусобақада эса Ал-Ҳаким Ат-Термизий халқаро турнирида дунёнинг 50га яқин давлатидан 95 нафар хорижлик полвон ғолиблик учун беллашди.

"Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган XV Халқаро турнирни юксак савияда ўтказишга бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши видеоконференция шаклида ташкил этилди. Унга Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов раислик қилди" дея хабар берди вазирлик Матбуот хизмати.

Йиғилишда турли вазирлик ва идоралар ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан масъул ходимлар, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирок этди.
Маълумки, ушбу мусобақани юқори савияда ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартда 129–Ф-сонли Фармойиши қабул қилинган ва унга асосан жорий йилнинг 8-12 апрель кунлари Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир 15-бор Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадионида бўлиб ўтиши белгиланган.

Мазкур турнирда иштирок этиш учун 50та хорижий мамлакатга таклифномалар юборилган. Шулардан, бугунга қадар 20дан ортиқ давлат мусобақада иштирок этиш истагини билдирган ва Ўзбекистон кураш федерациясига ўз талабномаларини тақдим этган. Айрим давлатлар эса бугунги пандемик вазият туфайли мусобақага кела олмаслигини билдирди.
Йиғилишда онлайн тарзда иштирок этган Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Чори Бегимқулов мезбонлар томонидан мусобақани бекаму-кўст ўтказиш борасида барча ташкилий масалалар кўрилаётгани, шу мақсадда 10та гуруҳдан иборат ташкилий қўмита тузилгани ва улар мунтазам йиғилишлар ўтказиб, кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган XV Халқаро турнирни ҳар қачонгидан юқори савияда ташкил этиш чоралари кўрилаётганлигини маълум қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидалари асосчиси Комилжон Юсупов ҳам барча вазирлик ва идоралар, қолаверса Сурхондарё вилояти ҳокимлигига кўрсатаётган амалий ёрдамлари учун ташаккур билдирди. Шу билан бирга Термизда ушбу мусобақани ўтказиш борасида етарлича тажриба тўпланганини таъкидлаб, ташкилий масалаларда муаммолар бўлмаслигига ишонч билдирди.

Бугунги пандемик вазиятни инобатга олган ҳолда мусобақа карантин қоидалари асосида ташкил этилади. Томошабинлар албатта ниқобда бўлиши, улар стадионга кириши олдидан ҳароратлари ўлчаниб, қўллари дизенфикция қилиниши лозим.