Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт-логистика соҳасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошганини қайд этдилар. Бу борада ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлиги инобатга олиниб, Божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битимни кўриб чиқиш ва тузишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Қўшма Ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинди.
Энг самарали логистика йўналишларини ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама этилган лойиҳалар доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирдилар, шунингдек, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Вьетнам Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ва қўшма бизнес-форумни ўтказишга келишиб олдилар.