Шу сабабдан ҳам Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ умумбашарий, миллий ва диний қадриятларни камол топтириш ва уларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Негаки, инсоннинг виждон эркинлиги ҳамда эътиқод эркинлигини таъминлаш замирида энг аввало, демократия, инсонпарварлик каби ғоялар, улкан ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий қадриятлар ётади. Шу жиҳатдан ҳам халқаро миқёсда ҳам, минтақавий ва миллий миқёсда ҳам конституция ҳамда қонунчиликда виждон эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Жумладан, 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси”га мувофиқ ҳар бир виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Халқимиз онгида диний қадриятлар миллий маънавиятнинг ажралмас қисми сифатида чуқур ўрин эгаллаганлиги нуқтаи назаридан виждон эркинлиги ва диний ташкилотларнинг фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчилик базасини шакллантиришга миллий давлатчилигимиз тарихида алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни 1993 йилда унга киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди. Ушбу йўналишда юз берган турли ижтимоий воқеликлар, қонунчиликни такомиллаштириш зарурати ўлароқ “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинди.
Қайд этиш керакки, виждон эркинлиги ҳар бир фуқаронинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқигина эмас, балки динга нисбатан, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка нисбатан, ибодат қилиш, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилашда ҳам эркин эканлигини англатади. Шу жиҳатга кўра ҳам диний ташкилотлар фаолият йўналишига кўра виждон эркинлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши нуқтаи назаридан уларнинг фаолиятини тартибга солиш зарурати вужудга келади. Шу кунга қадар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинганди.
Жаҳонда глобаллашув шароитида юз бераётган турли кўнгилсиз ҳолатлар, экстремистик ва террористик хавфларнинг ортиши, фундаменталистик ва сепаратистик руҳдаги уюшган жиноятчиликнинг авж олиши виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруратини туғдирмоқда.
Ушбу зарурат Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги ташаббуси ўлароқ 2018 йил 12 декабрдаги БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида A/Res/73/128-рақамли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинганлигида ҳам кўринади. Мазкур резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишга доир саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ҳамкорлик ва тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаши билан алоҳида эътиборга молик.
Айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 16 апрелдаги ПҚ–3668-сон Фармони билан Конфессиялар ишлари кенгашининг аъзолари сони 9 нафардан 17 нафарга оширилганлиги ҳам диний ташкилотлар ва турли конфессиялар ўртасидаги толерантлик ва ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилган.
Виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни жаҳон ҳамжамиятидаги глобал ўзгаришлар билан ҳамоҳанглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 5 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги ЎРҚ–699-сонли қонуни қабул қилиниши Ўзбекистонда дин ва давлат муносабатларининг янги – учинчи босқичини бошлаб берди.
Ушбу босқичда қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар виждон эркинлиги соҳасида давлат сиёсатининг қуйидаги йўналишларда либераллаштирилишига олиб келди:
– фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланди;
– диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилди;
– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилди;
– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, нотариал ва бошқача шаклда тасдиқлаш талаблари бекор қилинди;
– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари аниқлаштирилди;
– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга ошириш тартиби жорий этилди.
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти барча соҳалар қатори диний соҳа фаолиятини ҳам қамраб олади. Юқорида қайд этилганлардан ҳам кўриниб турибдики диний-маърифий соҳада, хусусан виждон эркинлигини таъминлаш ва диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш масаласи кеча ёки бугуннинг мавзуси эмас. Бу соҳада мамлакатимиз мустақилликка эришгандан то шу кунгача доимий диққат-эътиборда бўлган. Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида дунёвий давлат тузумини сақлаш виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги, мазкур қоидани конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида Ўзбекистон дунёвий давлат эканлиги мустаҳкамланди.
Бундан ташқари диний ташкилотлар фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлашда давлатнинг ролини мустаҳкамлаш мақсадида 75-моддада давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси виждон эркинлиги ҳуқуқий асосларини таъминлашнинг конституциявий асосларини яратиш, виждон эркинлигининг умумбашарий, универсал қадрият сифатидаги аҳамиятини янада ошириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний ташкилотлар фаолияти эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маъруфжон КУРБАНОВ
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори