Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик барқарор ривожланаётгани ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси”нинг ижроси таъминланаётганини қайд этдилар.

Рафаэль Гросси Ўзбекистоннинг миллий ядровий инфратузилмани шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек атом энергетикасини халқаро стандартлар ва ХАЭА тавсияларига мувофиқ ривожлантиришга қаратилган изчил ёндашувини юқори баҳолади. У мамлакатда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борада зарур шароитларни яратаётганини таъкидлади.

Учрашувда 2026 йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган INIR (ядровий инфратузилмани интеграциялашган ҳолда кўриб чиқиш) миссиясининг навбатдаги босқичига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ташриф доирасида ХАЭА мутахассислари Жиззах вилоятида атом электр станцияси қурилиши лойиҳасининг боришини ўрганиши режалаштирилган.

Шунингдек, томонлар мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини Жиззах вилояти Фориш туманида қуриш лойиҳаси доирасида илк бетон қуйиш ишларини бошлаш масаласини ҳам муҳокама қилди. Рафаэль Гросси ушбу лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб, ягона мажмуа доирасида катта ва кичик қувватли реакторларни интеграция қилиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Учрашув якунида ХАЭА бош директори агентлик Ўзбекистоннинг ядровий дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди ва илк бетон қуйиш маросимида иштирок этиш таклифини қабул қилди.

Шу билан бирга, томонлар ХАЭА котибиятида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар сонини кўпайтиришдан ҳам манфаатдор эканини билдирдилар. Бу эса миллий тажрибани халқаро лойиҳаларга самаралироқ интеграция қилиш ҳамда мамлакатнинг атом соҳасидаги кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.