Цивилизация ривожининг ХХI асрда кузатилаётган янги тенденциялари ва муаммолари, жаҳонда турли жабҳаларда кечаётган тезкор интеграция жараёнлари, глобал иқтисодиётнинг ўсиб бораётган ҳукмронлиги ва кенг тарқалаётган тизимли рақамлашув, ишлаб чиқаришни инновацион ривожлантириш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжлари билан боғлиқ янги вазифалар замон талабига жавоб берадиган олий таълимни ривожлантиришга қаратилган самарали моделларни излашни тақозо этади.
Келгуси 5 йил давомида мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга оид Тараққиёт стратегиясида етти асосий йўналиш белгиланган бўлиб, энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида мамлакатни умумий модернизация қилиш тизимининг ажралмас қисми бўлмиш таълим тизимини тубдан юксалтириш ҳам ўрин олган. Бу борадаги изчил сиёсат жаҳон таълим стандартлари даражасига эришишга қаратилиши баробарида, мавжуд ижтимоий-иқтисодий шароитни, халқимизнинг маънавий-маданий қадриятлари ва ўзига хослигини инобатга олади.
Ҳозирги жамият ривожининг янги миқёслари олий таълим тизими олдига ҳам муҳим вазифалар қўймоқда. Мустақил фикрлайдиган, қўйилган вазифалар ечимига ўзига хос ёндаша оладиган мутахассислар тайёрлашнинг бутунлай янги тизимини шакллантириш талаб этиляпти.
Бугунги кунда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш ва олий таълим сифатини тубдан яхшилаш йўналишида тизимли ишлар ташкил қилинмоқда. Республикамизда олий таълимда икки босқичда — 308 та йўналишда бакалавриат ва 591 та йўналишда магистратурада кадрлар тайёрланмоқда.
51 та олий таълим муассасасида жорий ўқув йилидан хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълимини ривожлантириш концепциясида тизимни жаҳон таълим маконига интеграция қилиш билан боғлиқ устувор ва долзарб вазифаларни амалга ошириш мамлакат тараққиётининг муҳим шарти сифатида белгиланди. Бунинг учун, биринчи навбатда, таълимнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш зарур эди. Чунки 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ўз даври учун долзарб ҳисобланган вазифаларни тўлиқ бажариб, бугунги тубдан ўзгараётган ва кенг ислоҳотларни талаб этаётган давр учун кўп ҳолларда тўғри келмасди.
Шу сабабли, “Таълим тўғрисида”ги янги қонун ишлаб чиқилиб, 2020 йил 23 сентябрда имзоланди.
Республика олий таълим тизимининг жаҳон таълим маконига интеграциясини жадаллаштириш ва замон талабларига мослаштириш мақсадида ЮНЕСКО томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” ҳамда “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Булар “Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар” ва “Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори” деб номланган ҳужжатлардир.
Шу билан бирга, академик эркинликни жорий этиш ва ортиқча меъёрлаштиришни қисқартириш мақсадида олий таълимнинг 26 та таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартлари бекор қилинди ва айни пайтда олий таълим тизимида фақат юқорида қайд этилган иккита стандарт қолдирилди.
Олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берилиши муҳим қадамлардан бири бўлиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча ўқув режа ва ўқув дастурлар ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши жорий этилди. Бунгача ушбу меъёрий-услубий ҳужжатлар таянч олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланар эди.
Молиявий ва академик мустақиллик бериш тараққий этган демократик давлатларда жорий этилган асосий тамойиллардан биридир. Биз жаҳон таълим маконига интилиб, у билан тўлиқ интеграция бўлишни хоҳлар эканмиз, айнан шу йўлдан, яъни олий таълимни либераллаштириш, олий таълим муассасалари учун молиявий ва академик мустақилликни жорий этиш йўлидан боришимиз зарур.
Қолаверса, молиявий ва академик мустақиллик мамлакат олий таълим тизимида соғлом рақобат муҳити шаклланишига имкон яратади. Бундай мустақилликка эга бўлган олий таълим муассасаси таълим хизматлари бозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш, талабгорларга бошқалардан яхшироқ таълим олиш шароитини яратиш, мукаммалроқ таълим дастурларини ишлаб чиқиш, педагогик инновацияларни жорий этишга интилади ҳамда бундан манфаатдор бўлади. Табиийки, бундай рақобат муҳитида таълим бериш, ўқув-услубий таъминот, педагогик технологиялар сифати биринчи ўринга чиқади. Натижада коррупция, непотизм ва ривожланишга тўсиқ бўладиган бошқа иллатларга барҳам берилади.
Кўрилаётган чоралар эвазига олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилади ва бунинг натижасида мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинади.
Халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлиб, доираси сезиларли кенгаяди, дипломлар, академик ва илмий даражалар “конвертацияси” учун кенг имкониятлар яратилади, таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, мамлакат олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши имкониятлари янада ошади, таълим жараёнига хорижий мутахассислар кенг жалб этилади, халқаро академик ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўлами кенгаяди, қўшма дастурлар асосида ўқитиш кучаяди.
Мамлакат олий таълим тизимини 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб рейтинг тизимидан кредит-модуль тизимига ўтказиш ҳамда стандартларни таълимнинг халқаро стандарт классификацияси асосида жорий этиш фақат юқорида қайд этилган комплекс тадбирлар натижасида амалга оширилиши мумкин эди.
Шунга кўра, кредит-модуль тизимига ўтиш жараёни фақат босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланди. Яъни 2021/2022 ўқув йилини “ўтиш даври” ва “тажриба-синов босқичи”, деб атасак, тўғри бўлади.
Юқорида бир қисми қайд этилган йирик ўзгаришлар амалиётга тўлиқ жорий этилиши ва у билан боғлиқ пайдо бўладиган янги шароитга олий таълим муассасалари маъмурияти, профессорўқитувчилар, техник ходимлар ва талабалар тўлиқ мослашиши лозим. Шу билан бирга, кредит-модуль тизими билан боғлиқ омиллар (жумладан, талабаларни баҳолаш ва кредит тўплашини қайд этувчи автоматлаштирилган платформалар, талабалар томонидан фанлар ва ўқитувчиларни танлаш тизими, кредитларни тўплаш тизими, таълим траекторияларини шакллантириш тизими ва бошқалар) мукаммал, ҳар томонлама қулай ва шаффоф механизмларга айланиши керак.
Ушбу жараён 2021/2022 ўқув йили давомида изчиллик билан жорий этилиб, 2022/2023 ўқув йили бошлангунга қадар якунланиши зарур. Табиийки, янгиланган бу меъёрий-услубий тизимни амалиётга жорий этишда кўпчиликка консультатив кўмак зарур бўлади.