ХVII асрда Қўқон хонлиги ҳудудида вужудга келган қоғозгарлик корхоналари ишлаб чиқарган сифатли Қўқон қоғози бу ҳудудда китобат санъатининг шаклланиши ва ривожланишида муҳим омил бўлди. Натижада кўплаб бебаҳо асарлар китобат қилиниб, китобхонлар мулкига айланди. Айни пайтда Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейи хазинасида ана шундай ноёб қўлёзмаларнинг икки мингдан ортиғи сақланмоқда. Улар орасида Алишер Навоий асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари алоҳида ўрин тутади.
Хусусан, бу ерда буюк мутафаккир асарларининг 41 та қўлёзма нусхаси мавжуд. Чунончи, терма девонларнинг ўн еттита, “Хамса”нинг саккизта, “Лисон ут-тайр”нинг иккита, “Арбаъин”нинг тўртта, “Бадоеъ ул-бидоя” дебочасининг битта, “Маҳбуб ул-қулуб”нинг тўртта, “Вақфия”, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Сабъаи сайёр”нинг биттадан қўлёзма нусхаси мавжуд. Бу қўлёзмалар 1765-1916 йиллар давомида Қўқон хонлиги ҳудудида китобат қилинган.
Юқорида тилга олинган “Хамса”нинг саккизта қўлёзма нусхаси орасида 468-рақамли қўлёзма алоҳида эътиборга молик. Бу қўлёзманинг умумий ҳажми 300 варақ (600 саҳифа) бўлиб, “Хамса” таркибидаги достонлар матни унинг ҳар саҳифасига тўрт устундан қилиб жойлаштирилган. Асар тугагандан сўнг 300б — варақда “Хамса”ни кўчирган котиб томонидан 13 байтдан иборат маснавий шаклидаги шеър илова қилинган. Мазкур маснавийда ушбу қўлёзманинг кўчирилиши сабаби ва санаси билан боғлиқ муҳим маълумотлар берилган.
Маснавийнинг дастлабки байтларида котиб Қўқон хони Амир Умархон (1787-1822)ни сахий, жасур, “жаҳон амири”, “шер овловчи паҳлавон” дея таърифлаб, қуйидагиларни ёзади:
Қуёшдек жаҳон аҳлиға дурфишон,
Ҳамул бахту давлат била тавъамон.
Ики дунёда комрон бўлғай ул,
Халойиқ узра ҳукмрон бўлғай ул.
Кейинги байтларда котиб Амир Умархон унга “Хамса”ни китобат қилишни буюрганини, гарчи ҳуснихати мақтагудек бўлмаса-да, шоҳнинг ҳукми билан асарни китобат қилишга киришганини таъкидлайди.
Китобатни ҳукм этди мани хастаға,
Ғарибу ҳазину мўри шикастаға.
Вагарна йўқ эрди муносиб хатим,
Китобат қилурға салоҳиятим.
Улуснинг орасида машҳурдур,
Ки: “Албатта, маъмур — маъзурдур”.
Котиб ўзининг “Хамса”ни китобат қилиш жараёнини бундай баён қилади:
Вақти таърихиға бу сабаб келиб,
Эшиттим ажаб вақту давлат келиб.
Эшитсун бу сўзни амири жаҳон,
Неча вақт бўлдум кўздин ниҳон.
Юруб мунда танҳо риёзатда ман,
Кечиккан сабабдин хижолатдаман.
Азиз жон муборак юзин соғинур,
Кўнгул мурғи кўрмакка кўб толфинур.
Таним турфа ожиз, юкумдур оғир,
Куюб бўлди бирён юрагу бағир.
Бориб ёнғуча бўлмайин монда,
Азиз тут мани, қилмағил ронда.
Хуллас, котиб не-не машаққатлар билан бу асарни китобат қилиб, Амир Умархонга тақдим этади ва ўз меҳнати эътиборга олинишидан умидвор бўлади. Сўнгги байтда эса асарнинг ёзиб тугатилиш тарихи қуйидагича келтирилади:
Савол этсангиз битмагин, эй ахий,
Минг икки юз бисту шаш — тарихи.
Демак, ушбу “Хамса” китобати ҳижрий 1226 йилда тугалланган. Буни милодий йил ҳисобига айлантирсак, 1811 йил ҳосил бўлади. Демак, Қўқон хонлиги тарихида “Хамса” илк бор 1811 йилда китобат қилинган. Амир Умархон тахтга ўтиргандан сўнг бир йил ўтиб, Алишер Навоийнинг шоҳ асарини китобат қилишга фармон бергани унинг улуғ мутафаккирга юксак эҳтиромидан далолатдир. Гарчи ушбу қўлёзма безаксиз бўлса-да, “Хамса”нинг матни тўлиқ, бекаму кўст берилган.
Қўқон хонлигида кейин ҳам Навоий “Хамса”сини китобат қилишдек эзгу анъана давом этган. Натижада унинг кўплаб муҳташам ва музайян нусхалари вужудга келди. “Хамса”нинг 1824 йилда Қўқонда мулло Рўзибой котиб томонидан кўчирилган мўътабар нусхаси ана шундай қўлёзмалардан. Ушбу қўлёзмада “Хамса” достонларига ишланган 39 та миниатюра мавжуд. Бу ҳақда филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Халиловнинг “Навоий асарлари қўлёзмаларининг тавсифи” китобида ҳам батафсил маълумот берилган.
Абдуллатиф ТУРДИАЛИЕВ,
Ғафур Ғулом номидаги
Қўқон адабиёт музейи мудири,
филология фанлари номзоди